64. Абу Холид Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Олди-сотди қилувчига ажралмасларидан олдин ихтиёр бордир. Агар иккилари рост гапириб, айбини ошкора қилишса, олди-сотдиларида барака қилинади. Агар яшириб, ёлғон гапиришса, олди-сотдиларидаги барака ўчирилади», дедилар.
Муттафақун алайҳ. [Б, 2079. М, 1532]
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда учта муҳим нуқтага эътибор беришимиз керак.
1. Савдо бўлган жойда икки тараф бир-биридан айрилиб кетмагунча ихтиёрлари ўзида бўлади. Айниб қолиб савдони кучдан қолдириш, нарсасини қайтариб олиш мумкин. Ажрашиб кетгандан кейин бир томон айниса, иккинчи томон қабул қилмасликка ҳақи бор. Фақат ихтиёр муддатини аввалдан келишган ҳолда чўзишган бўлса, бундан мустасно бўлади. Демак, савдо мажлисидан ажраб кетмагунча савдо ҳукми ҳам лозим бўлмай туради. Ажраш билан уни бажариш лозим бўлиб қолади. Фақат бундан бир хил савдо мустаснодир. Агар икки томон келишиб, савдо мажлисидан ажраб, тарқалгандан кейин ҳам маълум вақтгача ихтиёр бор, дейишган бўлишса, ўша вақт ичида ҳам савдонинг ҳукми лозим бўлмай туради.
Зотан, Исломда савдонинг асосий шарти икки тарафнинг розилигидир. Икки тараф рози бўлган ҳолда қилинган савдода барака бўлади. Икки томон рози бўлмай туриб ажрашмасин, дейилгани савдони битиришмасин, дейилганидир. Акс ҳолда ўзаро розилик бўлмаган ва кимнингдир ҳақи ноўрин зое қилинган бўлади. Бу ҳол эса, Ислом таълимотига тўғри келмайди.
2. Савдо, молиявий муомала вақтида икки томон ҳам рост гапириб, савдо молига, савдонинг ўзига тегишли ҳамма нарсаларни очиқ баён қилиши зарур. Бу ҳол, аввало, уларнинг икковига фойда келтиради, қилган савдолари баракали бўлади.
3. Савдода икки томон ҳам ёлғон гапирмаслиги, баён қилиниши лозим бўлган нарсани беркитмасликлари керак. Акс ҳолда, қилган савдоларининг баракаси ўчади. Бу ҳақиқатни айниқса, ҳозирги замон одамлари яхшилаб уқиб олишлари керак. Гап пулнинг, молнинг миқдорида эмас, баракасида эканини англаб етишлари керак. Кўп, аммо баракасиз молдан, оз, аммо баракали мол яхши.
64 - السَّادِسُ: عَنْ أَبِي خَالِدٍ حَكِيمِ بْنِ حِزَامٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «الْبَيِّعَانِ بِالْخِيَارِ مَا لَمْ يَتَفَرَّقَا، فَإِنْ صَدَقَا وَبَيَّنَا بُورِكَ لَهُمَا فِي بَيْعِهِمَا، وَإِنْ كَتَمَا وَكَذَبَا مُحِقَتْ بَرَكَةُ بَيْعِهِمَا» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 2079، م 1532].