641. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Мўмин киши ўзининг ҳусни хулқи билан кечалари қоим бўлувчи рўзадорнинг даражасига етади».
Абу Довуд ривояти.
Шарҳ: Кундузларни рўза тутиб, кечаларни тик туриб намоз ўқиган ҳолида бедор ўтказадиган одам қанчалар олий даражаларга эришишини ҳаммамиз яхши биламиз. Фарзу вожиб амаллардан кейин қилинадиган энг яхши амаллар ана шундоқ бўлади. Худди шунингдек, ўзига фарзу вожиб бўлган амалларни бажариб туриб яна нафл амаллар билан ортиқча савоб ишлайман деган одам ҳусни хулқ билан ҳам юқори даражаларга эришмоғи мумкин экан. Умуман ҳусни хулқ бунга ўхшаш улкан савоблар билан бирга кўпгина яхшиликларга ҳам эриштириши турган гап. Ҳусни хулқли одамни ҳамма яхши кўради ва ҳурмат қилади. Ундан ҳамма мамнун бўлади. Ҳусни хулқли киши ўзи яшаб турган жамиятнинг кўрки бўлади.
Ислом дини одоб-ахлоққа шунчаки муомала маданияти сифатида эмас, балки гўзал ахлоқ соҳиби улкан ажру савобларни қўлга киритадиган ибодат сифатида қарайди.
Шунингдек, у зот алайҳиссалом Қиёмат куни савоб ва гуноҳлар тортиладиган мезондаги энг оғир нарса ҳам ҳусни хулқ эканини айтганлар.
Чиройли хулқ учун бериладиган ажр рўза ва тунги намозлар каби асосий ибодатларга бериладиган ажр кабидир.
Гўзал хулқнинг улуғланиши шу даражага етдики, у жаннатга киришнинг асосий сабабларидан бири этиб белгиланди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамларни жаннатга энг кўп нима киритиши ҳақида сўрашганида “Тақво ва гўзал хулқ”, деб жавоб бердилар.
Инсоннинг хулқи чиройли бўлиши учун, аввало, унинг қалби пок бўлиши лозим. Чунки қалб инсон жасадининг султони, қолган аъзолар эса унга тобедир. Агар қалб пок бўлса, қолган аъзолар ҳам унга эргашади, агар у нопок бўлса, барча аъзолардан нопок амаллар содир бўлади.
Ахлоқ илми уламолари одамдаги ахлоқлар уни яратилишида қўшилиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими, деган саволга “Ота-онасида мавжуд бўлган баъзи ахлоқлар инсонга онасининг қорнидалик пайтидаёқ ўтади. Аллоҳ бандани яратиш пайтида ахлоқ қобилиятини ҳам қўшиб яратади. Инсон ўсиши жараёнида, тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади”, деганлар.
Аллоҳ таоло инсонни хушсурат ва гўзал қилиб яратган. Бу гўзаллик инсонни Аллоҳ таоло яратган бошқа маҳлуқотларига қиёслаганда ҳам яққол намоён бўлади. Энди, инсон хилқати ва сурати чиройли бўлганидек ўзининг сийрати ва хулқини ҳам гўзал қилса, ҳақиқий комил инсон бўлади.
Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзида жамлаган ва шу борада ҳам инсонлар учун гўзал намуна бўлган зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло “Қалам” сурасининг 4-оятида шундай марҳамат қилади: “Шубҳасиз, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”.
Олимлардан бири айтади: “Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни тавсифлашни ирода қилганида у кишининг насл-насаби ёки молу давлати билан васфламади. Балки, “Шубҳасиз, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” – деди. Бас, шундай экан, билингки, сизнинг қийматингиз хулқингиз биландир!”.
Оиша онамиздан у кишининг хулқлари ҳақида сўрашганда, «Хулқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар.
Яъни, Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланганлар. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.
«Ҳа, мўмин-мусулмонлар учун гўзал ўрнак манбаи маҳбуб Пайғамбарлари Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. У киши ҳар бир нарсада, ҳар бир сўзда, ҳар бир ишда мўминлар учун гўзал ўрнаклар. Оҳ, қани энди, ҳамма шу ўрнакнинг моҳиятини тушуниб етса!
Расулуллоҳнинг гўзал ўрнак бўлган гап-сўзлари ҳаводан олинган нутқ эмас, Аллоҳдан тушган ваҳийдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг амри билан иш қилганлар. Ана шундай Аллоҳнинг амри билан амалга оширилган ишлар гўзал ўрнак бўлмай, бошқа қайси ишлар гўзал ўрнак бўлсин?! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳзоб урушида ҳам ўзларига хос энг гўзал ахлоқ намунасини кўрсатдилар. Хандақ қазиш ишларида ҳаммага ўрнак бўлдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ер қазир, тупроқ сурар ва замбил кўтарар эдилар. Оғир меҳнат енгилласин учун шеър ўқиган саҳобаи киромларга ўзларининг муборак овозлари билан жўр бўлар эдилар. Мусулмонлардан бирининг номи Жуъайл (қўнғиз) эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг исмини «Амр» деб ўзгартирдилар. Бундай хавфли пайтда хунук исмдан қутулиш кайфиятни кўтарар эди. Мусулмонлар бундан хурсанд бўлиб, исм ўзгарганини байтга солиб, баланд овоз билан айта бошлашди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам байтнинг охирида уларга жўр бўлиб турдилар. Саҳобалардан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ёш бўлишига қарамай, тупроқ ташир эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб: «Қандоқ ҳам яхши бола экан-а?» деб эркалатдилар. Иш давомида чарчаган Зайд ибн Собит хандақда ухлаб қолди. Шунда Аммора ибн Ҳазм унинг қуролини олиб қўйди. Уйғонгач, Зайд қуроли йўқлигини кўриб, қўрқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, уйқучи, ухлаб ётганингда қуролинг кетиб қолибдими?» деб ҳазил қилдилар. Сўнгра: «Бу боланинг қуролини ким билади?» деб сўрадилар. Аммора: «Эй Аллоҳнинг Расули, у менда», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга қуролини қайтар», дедилар-да, кейин мусулмон кишининг ўзига билдирмай, бирор нарсасини олиб қўйиб қўрқитишдан қайтардилар. Буларнинг ҳаммаси мусулмонлар учун энг гўзал ўрнакдир. Шунинг учун ҳам ўзларидан кўра сон ва қурол жиҳатидан ғоятда устун бўлган аҳзоблар (душман гуруҳлари)ни кўрган мўминлар заррача қўрқишмади».
Оҳ, қани энди, ҳаммамиз ҳам шу ўрнакларнинг моҳиятини тушуниб етсак эди! Афсус ва минг афсуски, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятлари, инсоний фазилатлари моҳиятини, ҳақиқатини тушунмасдан умримиз ўтиб бормоқда. Аслиятдан шу даражада узоқлашиб кетганимиз боис аждодларимиз ҳаёти тасвирлаган шамоил рисолалар билан танишаётганимизда гўё эртак ўқиётгандек бўламиз. У ердаги гап-сўзлар ўзимиз ҳақиқат деб билган, аслида ҳақиқий истиқоматдан анча йироқ ҳаётимизга мос тушмагани боис, тафсилотларни ё қийинчилик билан қабул қиламиз ёки умуман қабул қилмай қўя қоламиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ояти карималарда ўзлари ҳақида баён этилган Аллоҳ таолонинг муқаддас каломини тасдиқлаб, бу борада: «Мен гўзал ахлоқларни камолига етказиш учун юборилдим!», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Имом Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ «Иҳёи улумид-дин» асарларида катта тобеинлардан Ато ибн Абу Рабоҳ роҳимаҳуллоҳнинг бир фикрини келтирган: «Ким ҳақиқий, улуғ мақомга эришган бўлса, фақатгина чиройли ахлоқи сабаблидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мустасно бошқа ҳеч ким чиройли хулқда мутлақ камолотга етиб боролмаган. Шу сабабдан ҳам Аллоҳ наздида инсонларнинг энг севимли деб топилгани ўзининг гўзал ахлоқи билан ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўл ва босган қадамларига изма-из эргашганлардир». Бу гап жуда ҳам тўғри ва айни ҳақиқатдир.
641 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِنَّ الْمُؤْمِنَ لَيُدْرِكُ بِحُسْنِ خُلُقِه دَرَجَةَ الصَّائِمِ القَائِمِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ [4798].