645-ҳадис

645. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ таоло мулойимдир. Ва ҳар бир ишда мулойимликни севади», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Биз «мулойимлик» деб таржима қилган сўз арабчалар «рифқ» деб айтилади ва қўполликнинг зиддини англатади. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир ишни энг гўзал ва осон йўл билан амалга оширишни билдиради. Қўполлик ҳам қилмайди, ўта заифлик ҳолига тушиб ҳам қолмайди.

Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагичадир:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳо деди:

«Бир тўда яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб, «Ас-сааму ъалайкум», дейишди. Мен буни фаҳмлаб қолиб, «Ва ъалайкумус-сааму вал-лаънату», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳай-ҳай, Оиша! Аллоҳ барча ишда мулойимликни севади», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, уларнинг нима деганини эшитмадингиз чоғи?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен уларга: «Сизларга ҳам», дедим-ку», дедилар». (Имом Бухорий ривояти).

 

«Ас-сааму ъалайкум» – «Сенга ўлим бўлсин», дегани. «Ва ъалайкумус-сааму вал-лаънату» – «Сизларга ҳам ўлим ва лаънат бўлсин», дегани. «Ва ъалайкум» – «Сизларга ҳам», деганидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган бир гуруҳ яҳудийлар «Ассааму алайкум» дея бу жумлани саломга ўхшатиб айтиб келишибди. Бу таркиб саломга ўхшаб кетади. Шунинг учун яҳудийлар бу сўзни салом ўрнига айтишибди. Шумлик қилиб, қарғишларини салом қилиб кўрсатиш пайидан бўлишибди. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бу ҳийлани фаҳмлаб қолиб ўзига яраша жавоб берибдилар. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини юксак одоб доирасига чорладилар. Душман беодоблик қилса ҳам, мўмин-мусулмон одоб доирасида туриши кераклигини англатдилар. Уларга ўзига яраша муомала қилишни ўргатдилар. Расуллулоҳ алайҳиссалом уларнинг ҳийласига яраша жавобни қисқагина қилиб мақсадга урган эканлар, лекин мулойимлик билан жавоб берибдилар.

Бу ҳадиси шарифда мулойим бўлишга ундов бор. Аҳли фазл кишилар нодонлар билан бўладиган муомалада ўзини билмаганга солишлари мустаҳаблиги бор. Албатта, ношаръий ишга олиб бормайдиган бўлиш шарти ила.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи кези келганда ўзини билмасликка солиш оқиллик аломати эканини таъкидлаган эканлар.

645 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ اللهَ رَفِيقٌ يُحِبُّ الرِّفْقَ فِي الأَمْرِ كُلِّهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6927، م 2165].


Улашиш
|
|
Нусха олиш