«Бир аъробий масжидга бавл қилди. Одамлар унга ташланиш учун ўринларидан туришди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Уни тек қўйинглар. Пешобининг устидан бир пақир [ёки бир челак] сув қуйиб юборинглар. Сизлар енгиллаштирувчи қилибгина юборилгансизлар, қийинлаштирувчи қилиб юборилмагансизлар», дедилар».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: «Аъробий» деб араб тилида саҳройи арабга айтилади. Улар саҳро шароитида таълим-тарбия кўрмай, шундоқлигича вояга етган. Шунинг учун гап-сўзлари, ҳатти-ҳаракатлари содда ва қўпол бўлиб, қишлоқ ва шаҳар одамларидан ажраб турган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган бу ҳадис жуда ҳам маълум ва машҳур ҳодисадан бир парча. Бу ҳодисани барча ҳадис имомлари турлича ва ҳар хил лафзлар билан ривоят қилганлар. Аслида воқеа қуйидагича бўлган эди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда ўтирган эдилар, бир аъробий кириб келди. Икки ракат намоз ўқиди. Сўнгра: «Эй бор Худоё, мени ва Муҳаммадни раҳм қилгин. Биз билан бирга бошқани раҳм қилмагин», деб дуо қилди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Батаҳқиқ, чеклашни кенгайтириб юбординг», дедилар. Кўп ўтмай, у туриб бориб, масжиднинг бир бурчагига сийди. Одамлар шошилиб, унга зуғум қила бошладилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қайтардилар ва:
«Уни тек қўйинглар. Пешобининг устидан бир пақир [ёки бир челак] сув қуйиб юборинглар. Сизлар енгиллаштирувчи қилибгина юборилгансизлар, қийинлаштирувчи қилиб юборилмагансизлар», дедилар».
У зот бир кишига амр қилувдилар, у бир челак сув олиб келиб сийдикнинг устига қуйди. Кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги аъробийни чақирдилар ва унга:
«Албатта, масжидларда манави сийдик ва ифлос нарсалар дуруст эмас. Масжид фақат Аллоҳнинг зикри, намоз ва Қуръон қироати учун», дедилар.
Кишиларни тарбиялашдаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари, ҳилмлари, мулойимликлари ва тадбирлари қанчалик экани шунга ўхшаш ҳолларда яққол намоён бўлади. Барча кишилар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишлари керак.
Масжидга сийиш ёмон иш. Аъробийни зажр қилиш ҳам ёмон иш. Аъробийга қўпол муомала қилиш унинг диндан чиқиши билан тугайди. Масжидга сийиш эса сийдик устига бир пақир сув қуйиш билан тугайди. Шунинг учун бу икки зарардан енгили ихтиёр қилинди. Масжидни покиза тутиш яхши, фойдали иш. Масжидга сийган аъробийни уриб, сўкмаслик ҳам фойдали иш. Лекин иккинчисининг фойдаси катта, аъробий Исломда қолади, тарбия топади. Шунинг учун иккинчиси танланди.
Қилинган нотўғри ишларни тезроқ бартараф этишга ҳаракат қилиш лозим. Шунинг учун тезда сув олиб келиб, сийдик устига қуйилди.
Имом Абу Довуд ривоят қилган:
«Итлар масжидга кириб-чиқиб, сийиб юрар эди. Ўшанинг ҳеч бирига сув қуймас эдилар», деган ҳадисга биноан, ердаги нажосат ҳаво ва қуёш таъсири орқали қуриши билан ҳам ер тоза бўлади, дейилган.
Шунга эътиборан, ернинг пок бўлиши сув билан ва қуриш билан бўлади, дейилади.
Бу ҳадиси шарифдаги таълимотларга амал қилишга ҳозирги кунимизда эҳтиёжимиз кўп. Алҳамдулиллаҳ, масжидларни тоза тутиш борасида камчилик йўқ, десак хато бўлмас. Аммо масжидларда Аллоҳнинг зикрини, Қуръони карим қироатини кўпроқ қилишга эҳтиёжимиз бор. Айниқса, Ислом ахлоқ ва одобларидан узоқ кишиларни йўлга солишда сабр, мулойимлик ҳамда эринмай ваъз-насиҳат қилишни ўрганишимиз лозим. Ишларни енгиллаштирувчи бўлишимиз лозим.
648 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: بَالَ أَعْرَابيٌّ فِي الْمَسْجِدِ، فَقَامَ النَّاسُ إِلَيْهِ لِيَقَعُوا فِيْهِ، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «دَعُوهُ، وَأَرِيقُوا عَلَى بَوْلِهِ سَجْلًا مِنْ مَاءٍ - أَوْ ذَنُوباً مِنْ مَاءٍ - فَإِنَّمَا بُعِثْتُمْ مُيَسِّرِينَ، ولَمْ تُبْعَثُوا مُعَسِّرِينَ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [6128].
(السَّجْلُ) بِفَتْحِ السِّينِ الْمُهْمَلَةِ وَإِسْكَانِ الجِيمِ، وَهِيَ: الدَّلْوُ الْمُمْتَلِئَةُ مَاءً، وَكَذلِكَ (الذَّنُوبُ).