649-ҳадис

649. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар, хушхабар беринглар, бездирманглар», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга, улар орқали барча умматларига мурожаат этиб: «Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар», демоқдалар.

Яъни, Ислом ҳақида гапирадиган, баъзи бир масалани ечадиган ёки бирор нарсада ҳукм чиқарадиган бўлсангиз, умуман, ҳар бир нарсада осон тарафини олинг, қийинини олманг, демоқдалар. Модомики, иш шариат чегарасидан чиқмаса, осон томонини олиш Ислом динининг асосий қоидасидир. Бошқа ҳадиси шарифларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон икки нарса орасидан бирини танлаб олиш ихтиёрига эга бўлсалар, албатта, осон томонини олганлар. Кишиларни Исломга даъват қилиш учун атрофга юбораётиб, бу ҳадисни ҳар бир саҳобийга, албатта, қайта-қайта тайинлаганлар.

«Хушхабар беринглар, бездирманглар».

Ислом ҳақида, шариат ҳақида кишиларга гапирилганда доимо яхшиликларни, улар учун хушхабар бўладиган, икки дунё саодатига сабаб бўладиган нарсаларни гапириш керак. Кишиларнинг нафратини келтирадиган, уларни чўчитадиган, кўнглини қолдирадиган, бездирадиган гап-сўз ва тасарруфларни қилмаслик керак.

Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бунга айниқса, Исломга даъват қилиш билан машғул кишилар алоҳида эътибор беришлари лозим. Афсуски, баъзи бир биродарлар бу ҳадиси шарифдан бехабар тескари маънода гап-сўз ва ҳаракатлар қилишади.

Ислом дини ҳақида гапирадиган, бирон иш қиладиган, ҳукм чиқарадиган бўлсак, осон тарафини олайлик. Кишиларга динимизнинг осонлиги, икки дунё бахт-саодатига етказиши башоратини бериб гапирайлик. Ўзимизча шариатни қийинлаштирмайлик! Кишиларни турли гап-сўз, бўлмағур ҳатти-ҳаракатларимиз билан Исломдан нафратлантирмайлик. Мўътабар ҳадиси шарифга доимо амал қилишга интилайлик!

649 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «يَسِّرُوا وَلَا تُعَسِّرُوا، وَبَشِّرُوا وَلَا تُنَفِّرُوا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 69، م 1734].


Улашиш
|
|
Нусха олиш