653-ҳадис

653. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ишдан бирини ихтиёр қиладиган бўлсалар, агар гуноҳ бўлмаса, албатта енгилини ихтиёр қилар эдилар. Агар гуноҳ бўлса, одамларнинг ундан энг узоғи бўлар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун бирор нарсада ҳеч қачон интиқом олган эмаслар. Фақат Аллоҳ таолонинг тақиқлари оёқости қилинсагина интиқом олардилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ҳадисдан олинадиган хулосалалар:

­– Ислом дини енгиллик устига қурилган.

– Диний ва дунёвий ишларда енгил томонни ушлаш кучли манҳажни ифода қилади.

– Гарчи нафсга ёқиб, ўзи учун манфаатли деб ўйласа ҳам гуноҳ ва маъсиятдан йироқ бўлиш.

– Расулуллоҳ с.а.в.нинг олийжанобликлари, ўз шахсиятларига тажовуз қилганларни кечириб юборишлари. Бу нарса у зотни умматларига нисбатан ўта раҳмдил эканларини билдиради.

– Банда Аллоҳ динининг ғалабаси ҳамда унга тажовуз қилинганида ҳимояси учун куйиб ёниши лозимлиги. Албатта бу каби қайғурган кишини Аллоҳ севади ва ундан рози бўлади.

653 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: مَا خُيِّرَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بَينَ أَمْرَينِ قَطُّ إِلَّا أَخَذَ أَيْسَرَهُمَا مَا لَم يَكُنْ إِثْماً، فَإنْ كَانَ إِثْماً كَانَ أَبْعَدَ النَّاسِ مِنْهُ، وَمَا انْتَقَمَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لِنَفْسِهِ فِي شَيءٍ قَطُّ، إِلَّا أَن تُنْتَهَكَ حُرْمَةُ اللهِ، فَينتَقِمُ للهِ تَعَالَى. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 3560، م 2327].


Улашиш
|
|
Нусха олиш