656-ҳадис

656. Яна у киши, яъни Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан ҳеч бир жонни – аёлни ҳам, ходимни ҳам урмаганлар. Аллоҳ йўлида жиҳод қилганларидагина урганлар. У зотга бирор азият етса, буни қилганлардан интиқом олмаганлар. Аллоҳнинг тақиқларидан бирортаси оёқости қилинсагина, фақат Аллоҳ азза ва жалла учун интиқом олганлар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Ийас ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳнинг чўриларини урманглар», дедилар.

Кейин Умар розияллоҳу анҳу келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, хотинлар эрларига бўйсунмай қўйдилар», деди.

У Зот уларни уришга изн бердилар. Сўнг Оли Муҳаммад ҳузурига кўпгина аёллар ўз эрларидан шикоят қилиб келдилар. Ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Батаҳқиқ, Оли Муҳаммаднинг ҳузурига етмишта аёл келди. Уларнинг ҳаммалари эрларидан шикоят қилиб келдилар. Ана ўшалар яхшиларингиз эмаслигини билинглар», дедилар». (Абу Довуд, Насаий ва Ҳоким ривоят қилишган).

Ийас ибн Абдуллоҳ ибн Аби Зубоб ад-Давсий Маккада истиқомат қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мазкур машҳур «Аллоҳнинг чўриларини урманглар» ҳадисини ривоят қилдилар.

Ушбу ҳадиси шарифда эр ҳам, хотин ҳам ўз ҳаддида тургани матлуб экани баён қилинмоқда. Шу билан бирга, яхши мусулмон хотинни урмаслиги ҳам таъкидланмоқда. Бошқа бир ҳадиси шарифда сизнинг энг яхшингиз хотинларингизга энг яхши муомала қилганингиздир, деган маъно келган эди.

Юқоридаги ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хотинларидан ва ходимларидан бирортасини урмаганлар», дейилган.

Ушбу маъноларни ҳар бир мусулмон аёл ва эркак яхши тушуниб олмоғи ва ҳаётга татбиқ қилмоғи керак. Аёллар эрларига итоатсизлик қилиб, уларга қарши бош кўтармасинлар, ўз чегараларида туриб, эрларини фавқулодда чора кўришга мажбур қилмасинлар. Эрлар эса, хотинларига яхши муомалада бўлсинлар, мабодо аёллардан баъзи бир хатолар ўтса сабр қилиб, кечиримли бўлсинлар. Ана ўшанда мусулмонларнинг яхшиларидан бўладилар.

656 - وَعَنْهَا قَالَتْ: مَا ضَرَبَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ شَيْئاً قَطُّ بِيَدِهِ، وَلَا امْرأَةً وَلَا خَادِماً، إِلَّا أَنْ يُجَاهِدَ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَمَا نِيلَ مِنْهُ شَيْءٌ قَطُّ فَيَنْتَقِمَ مِنْ صَاحِبِهِ، إِلَّا أَنْ يُنْتَهَكَ شَيْءٌ مِنْ مَحَارِمِ اللهِ تَعَالَى: فَيَنْتَقِمُ للهِ تَعَالَى. رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2328].


Улашиш
|
|
Нусха олиш