66-ҳадис

66. Абу Зарр Жундаб ибн Жунода ва Абу Абдурроҳман Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир, бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил», деб айтдилар.

Имом Термизий ривоят қилиб, уни ҳасан, деб айтдилар.


Шарҳ: Ушбу ҳадис учта қисмдан иборат:

«Қаерда бўлсанг ҳам...» Яъни, одамлар ҳузурида Аллоҳдан қўрққанинг каби улар бўлмаган жойларда ҳам Ундан қўрққин. Тақводор бўлишга ёрдам берадиган ишлардан бири инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ таоло кўриб-билиб турганини доимо ёдда сақлашдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Уч кишининг ўзаро шивир-шивири бўлса, албатта, У зот уларнинг тўртинчисидир» (Мужодала сураси 7-оят).

«Қилган ҳар бир ёмон ишинг орқасидан уни ювадиган бирон-бир яхшилик қил».

Яъни бир гуноҳ иш қилиб қўйсанг, дарҳол тавба қил ва уни ювадиган бирон яхшилик қилгин деган маънода айтилган. Ҳадиснинг зоҳирига қарайдиган бўлсак, бир яхшилик бир ёмонликни кетказади. Аслида эса бошқача. Баъзида бир яхшилик ўнта ёмонликни ювиб юбориши ҳам мумкин. Бунга ҳужжат бўлган ҳадислар жуда кўп. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ҳар бир намоздан кейин ўн марта такбир, ўн марта ҳамд ва ўн марта тасбеҳ айтинг. Бу тилда бир юз эллик, мезонда эса бир минг беш юз деганидир» (Имом Аҳмад ривояти). Бу ҳадис арзимас ва кичик солиҳ амаллар ҳам ёмон амалларни ўчириб юборишига далолат қилади.

«Инсонларга нисбатан гўзал хулқ ила муомала қил».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сизлар одамларга бойлигингиз билан ёрдамга шошилманглар. Уларга очиқ юз ва ширин сўз билан ёрдам беринглар» (Имом Аҳмад ривояти).

«Сизларнинг энг яхшиларингиз гўзал хулқли бўлганингиздир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: Эй Аллоҳнинг расули, амалларнинг энг фазилатлиси нима?» деб сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гўзал хулқ», деб жавоб берганлар.

Инша Аллоҳ мана шу ҳадисдан манфаатлансак, хулқлансак Пайғамбаримиз соллаллоҳу васаллам айтганларидек, ҳақиқий тақводорлар сафида бўламиз.

 

Баъзи шориҳлар ушбу ҳадиснинг шарҳида қуйидаги сўзларни айтишди. Абу Зарр розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада хуфёна яшардилар. Шунинг учун уни қавмига қайтиб боришини амр қилдилар. Чунки Абу Зарр Маккада қолишни истар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ҳимоя қилишга қодир эмасликларини билиб: «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил», деб айтдилар.

Имом Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ айтдилар.

«Яхшиликлар ёмонликларни ўчириш қалб ёки тил ёки аъзолар билан юзага келади. Яхшилик айни ёмонликни устида ва унинг сабабларига тааллуқли бўлиши керак. Қалб билан бўладигани, Аллоҳга тазарруъ қилиб, мағфират ва афвни сўраши каффорот бўлади. У худди қочаётган қулнинг хорлангани каби ўзини хорликка солади. Унинг хорланиши бошқа бандаларга ҳам намоён бўлади. Шунингдек, қалбида барча мусулмонлар учун яхшиликни яширади ва тоат-ибодатга азму-қарор қилади. Тил билан бўладигани, нафсига зулм қилганини эътироф қилиб, истиғфорга машғул бўлади. Аъзолари билан бўладигани, барча ибодатларни амалга ошириш орқали юзага келади».

66 - الثَّانِي: عَنْ أَبِي ذَرٍّ جُنْدَبِ بْنِ جُنَادةَ وَأَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: «اتَّقِ اللهَ حَيْثُمَا كُنْتَ، وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا، وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [1987].


Улашиш
|
|
Нусха олиш