663-ҳадис

663. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Ўғрилик қилган махзумлик аёл Қурайшни ташвишга солиб қўйди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда ким гапира олади? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун суюкли Усома ибн Зайддан бошқа ким ҳам бунга журъат қила оларди?» дейишди. Сўнг Усома у зот билан гаплашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг ҳаддларидан бири хусусида орага тушяпсанми?» дедилар. Кейин туриб, хутба қилиб, шундай дедилар: «Сизлардан аввалгилар ичларида обрўлилари ўғрилик қилса, уни тек қўйишгани, агар заифлари ўғрилик қилса, унга ҳадд қоим қилишгани учун ҳалок бўлишган. Аллоҳга қасамки, Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса, унинг қўлини кесар эдим».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ўғрилик қилган аёлнинг исми Фотима бинти ал-Асвад ал-Махзумия бўлиб, у машҳур Қурайш қабиласининг Бани Махзум уруғидан бўлган.

Қурайшликлар ўз обрўларини сақлаб қолиш учун воситачилик қилиб бўлса ҳам, жиноятчини жазодан қутқариб қолиш одатини бу ерда ҳам ишга солмоқчи бўлиб, воситачи излашган.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳбублари, яъни эркатойлари бўлганлиги учун у зот унинг гапини қабул қилишларини яхши билишган.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ҳақиқатдан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч ким гапира олмайдиган гапларни гапира олишга журъати бор одам бўлганлар. Шунинг учун ҳам қурайшликлар у кишидан воситачиликни сўрашганда, дарҳол ўртага тушганлар. Аммо Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақнинг олдида ҳеч нарсага эътибор бермас эдилар.

Аллоҳ таоло белгилаб қўйган жазо – ҳадд тўғрисидаги иш ҳокимга етиб борганидан кейин афв этилмайди. Агар ҳоким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бўлсалар ҳам, бу қоида ўз кучида қолаверади.

Ҳа, Ислом шариатида ҳокимнинг ўзигача етиб келган жиноий ишни афв этмаслиги ўта муҳим ишдир. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масалани Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг ўзларига ёки қурайшликларга айтиб қўявермай, хутба қилиб, ҳаммага эълон қилдилар.

Исломда жиноятчи ким бўлишидан қатъи назар, ҳатто Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари бўлса ҳам, белгиланган жазони олиши шарт.

Мана бунинг номи «Қонун олдида ҳамма баробарлиги» дейилади. Бундай адолат эса, фақат Исломдагина бўлиши мумкин.

Ана шу тарзда Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яна бир набавий дарс олдилар. Бу дарс ҳам бир умрга етарли дарс бўлди. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу шундан сўнг умрларининг охиригача Аллоҳ таолонинг ҳаддларида ўртага тушиб, воситачилик қилмадилар.

663 – وَعَنْهَا: أَنَّ قُرَيشاً أَهَمَّهُمْ شَأْنُ الْمَرْأَةِ الْمَخْزُومِيَّةِ الَّتِي سَرَقَتْ، فَقَالُوا: مَنْ يُكِلِّمُ فِيهَا رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ؟ فَقَالُوا: مَنْ يَجْتَرِيءُ عَلَيهِ إِلَّا أُسَامَةُ بْنُ زَيْدٍ حِبُّ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ؟ فَكَلَّمَهُ أُسَامَةُ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَتَشْفَعُ فِي حَدٍّ مِنْ حُدُودِ اللهِ؟!» ثُمَّ قَامَ فَاخْتَطَبَ، ثُمَّ قَالَ: «إِنَّمَا أَهْلَكَ الَّذِينَ قَبْلَكُمْ: أَنَّهُمْ كَانُوا إِذَا سَرَقَ فِيْهِمُ الشَّريفُ تَرَكُوهُ، وَإِذَا سَرَقَ فِيْهِمُ الضَّعِيفُ أَقَامُوا عَلَيهِ الحَدَّ!! وَايْمُ اللهِ؛ لَوْ أَنَّ فَاطِمَةَ بِنْتَ مُحَمَّدٍ سَرَقَتْ لَقَطَعْتُ يَدَهَا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 3475، م 1688].


Улашиш
|
|
Нусха олиш