«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қибла томонда балғам кўриб қолдилар. Бу у зотга ёқмади, ҳатто юзларидан билинди. Туриб, қўллари билан уни сидириб ташладилар ва: «Бирортангиз намозда турса, албатта, у Роббига муножот қилаётган бўлади [ёки албатта, Робби у билан қибланинг орасида бўлади]. Ҳеч бирингиз қибла томонга ҳаргиз туфламасин, балки сўл томонига ёки оёқ остига (туфласин)», дедилар. Сўнг ридоларининг бир четини тутиб, унга туфладилар. Кейин бир-бирига букладилар-да: «Ёки мана бундай қилсин», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Чап томони ва оёғи остига тупуриши масжиддан ташқаридадир. Агар масжид ичида тупуришга мажбур бўлиб қолса, кийимининг бир тарафига тупуриб ишқаб ташласин.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифнинг аввалида намознинг қандай улуғ ибодат эканлиги оддий ва равшан иборалар ила васф қилинмоқда.
«Бирортангиз намозда турса, албатта, у Роббига муножот қилаётган бўлади [ёки албатта, Робби у билан қибланинг орасида бўлади]
Ҳа, намоз ҳар бир банданинг Аллоҳ таоло билан ёлғиз қолиб муножот қилиши, роз айтиши, сирли суҳбат қилишидир. Намоз Аллоҳ таоло томонидан бандага бутун дарди-ҳасратларини тўкиб солиш, дилдаги тилакларини сўраб олиш учун берилган энг қулай ва энг улуғ фурсатдир.
Банда ўзига ўхшаган бошқа бир банда билан ёлғиз қолиб, унинг қабулида бўлса, ўзини ўнглаб, рўбарў бўлишга ҳаракат қилади. Ўша уни қабул қилган кишига нисбатан беодоблик содир этмасликка уринади. Бас, шундоқ экан Роббил оламийн ҳузурида бўлганда, ўзини яратган Холиқи, унга ризқ берган Розиқи, унинг барча ишларининг тадбирини қилиб турувчи Мудаббири ва Тарбиячиси Аллоҳ таолога ила муножот айтганда, албатта, ўзини юксак одоб ила тутиши керак. Модомики, банда намозда Роббиси ила муножот қилар экан:
«Ҳеч бирингиз қибла томонга ҳаргиз туфламасин, балки сўл томонига ёки оёқ остига (туфласин)».
Намозхон инсон рўбарўсига қараб тупурса, Аллоҳга қараб тупурган бўлади. Ўнг томонига тупурса яхшилик, ҳалол-пок нарсалар учун ажратилган томонига тупурган бўлади. Ноилож тупуриши керак бўлса, чап томонига оёқ остига бўлиши керак. Чунки бу каби нарсаларга чап томон ажратилган.
Албатта, бу маъно ўша давр воқеълигидан келиб чиқиб айтилган. У пайтлар қуруқ ерда намоз ўқиларди. Масжидларга, ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига ҳам жойнамоз тўшалмаган эди. Одамлар эндигина Исломга кирган, кўпгина одоб-ахлоқларни ҳам ўзлаштириб улгурмаган эдилар.
Албатта, чап оёқнинг остига тупуриш бугунги кунги масжидларимизга ва намоз ўқийдиган жойларимизга тўғри келмайди.
664 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ رَأَى نُخَامَةً فِي القِبْلَةِ، فَشَقَّ ذَلِكَ عَلَيهِ حَتَّى رُئِيَ فِي وَجْهِهِ، فَقَامَ فَحَكَّهُ بِيَدِهِ فَقَالَ: «إِنَّ أَحَدَكُمْ إِذَا قَامَ فِي صَلَاتِهِ فَإنَّهُ يُنَاجِي رَبَّهُ، أَوْ إنَّ رَبَّهُ بَينَهُ وَبَيْنَ القِبْلَةِ، فَلَا يَبْزُقَنَّ أَحَدُكُمْ قِبَلَ القِبْلَةِ، وَلَكِنْ عَنْ يَسَارِهِ، أَوْ تَحْتَ قَدَمِهِ» ثُمَّ أَخَذَ طَرَفَ رِدَائِهِ فَبَصَقَ فِيْهِ، ثُمَّ رَدَّ بَعْضَهُ عَلَى بَعْضٍ فَقَالَ: «أَوْ يَفْعَلُ هَكَذَا» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 405، م 551].
والأَمْرُ بالبُصَاقِ عَنْ يَسَارِهِ أَوْ تَحْتَ قَدَمِهِ هُوَ فِيمَا إذَا كَانَ في غَيْرِ الْمَسْجِدِ، فَأَمَّا فِي الْمَسْجِدِ فَلَا يَبْصُقُ إلَّا فِي ثَوبِهِ.