672-ҳадис
672. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Одиллар Аллоҳнинг ҳузурида нурдан бўлган минбарларда бўладилар. Улар – ўз ҳукмларида, аҳлларида ва ўзлари бошлиқ бўлган (барча) нарсада адолат қиладиганлардир».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Аллоҳ таоло Моида сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардор Зотдир», деган (8-оят).

Ушбу ояти карима аввалида келган «Эй иймон келтирганлар!» нидоси мўминларга ниҳоятда маҳбуб нидодир. Бу нидо уларни ҳар қандай машаққатга қўрқмай пешвоз чиқишларига тарғиб қилади. Демак, бу ўринда ҳам ўта муҳим бир масала ўртага ташланадиганга ўхшайди.
«Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг».

Дарҳақиқат, ўзи учун ёки оиласи, қавми-қариндоши, миллати ёки бошқа эътиборлар учун эмас, фақат Аллоҳ учун ҳақда туриш керак. Бу осон иш эмас.

Шунингдек, кези келганда ўзига қарши, ҳатто ота-онаси, бола-чақасига қарши адолатли гувоҳ бўлишга ҳам тўғри келади. Ниҳоятда оғир иш. Бундай мўъжизасифат ишлар фақат иймоннинг таъмини тотган, Исломнинг ҳақиқатини англаган кишилардангина содир бўлади. Бунга кўҳна тарихнинг ўзи гувоҳ.

Кетидан бундан ҳам машаққатлироқ даражадаги иш айтилади: «Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга адолат қилмасликка олиб бормасин».

Бу дегани - душманига нисбатан ҳам адолатли бўлиш, деганидир. Ўзи ёмон кўрган қавмларга ҳам ҳеч қандай шарт-сўзсиз, тўғридан-тўғри, фақат адолат ила муомалада бўлишни тақозо этади. Бу эса, унча-мунча инсоннинг қўлидан келмайди. Аммо Иймон-Ислом неъматидан баҳраманд бўлганларга, Аллоҳнинг розилигини кўзлаб ҳаёт кечираётганларга бу иш ҳам айни муддао, кўзланган мақсад. Мусулмонлар динларини маҳкам тутган пайтларида бу сифатларини бутун дунёга амалда кўрсатганлар.

Инсоният тарихи аввал ҳам, кейин ҳам бундай намуналарни кўра олгани йўқ. Фақат мусулмонлардан, улар Исломни маҳкам тутган пайтларида кўрган, холос. Бунинг мисоллари сонсизсаноқсиз. Биргинасини бу ерда келтирамиз:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуни Хайбар номли жойга юбориб, уларнинг мевалари ва зироатлари маҳсулини ўлчаб келишни топширдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерни фатҳ қилган чоғларида Хайбар аҳли билан маҳсулнинг ярмини беришга келишган эдилар. У ерда яшовчи яҳудийлар Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуга пора бериб, ишда фойдаларига ўзгариш қилмоқчи бўлдилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу уларга қараб:
«Аллоҳга қасамки, ҳузурингизга мен учун халойиқнинг энг маҳбуби бўлган зот олдидан келдим. Сизлар эса, Аллоҳга қасамки, мен учун маймун ва тўнғиздан ҳам баттарсизлар. Аммо у кишини яхши кўришим ва сизларни ёмон кўришим, сизларга адолатсизлик қилишимга сабаб бўла олмайди», дедилар. Шунда яҳудийлар ажабланишиб: «Осмонлару ерни тутиб турган нарса ҳам шу ўзи», дейишган. Бундай соф, Аллоҳ учун адолат ўрнатиш бошқа ҳеч бир миллатда ёки динда бўлмаган, бўлмайди ҳам. Ҳозирги кунда адолат даъвосини қилаётганларнинг адолатсизликлари ҳам Иймону Исломсиз соф адолат бўлиши мумкин эмаслигини яна бир бор кўрсатмоқда. Чунки ҳақиқий адолат фақат ҳақиқий тақводор қалб эгасидангина содир бўлиши мумкин. Ояти карима шуни таълим беради бизга:

«Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир». 

Қалбида тақвоси бор инсонга унинг Аллоҳдан хабардорлиги, Яратганнинг розилигини топишга уриниш ҳисси соф адолат учун ҳаракат қилишига туртки бўла олади.

Чунки фақат тақводор инсонгина: «Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардор Зотдир», деган огоҳлантиришга тўлиқ ишонади.

Аллоҳ таоло Анъом сурасида:

«Агар гапирсангиз, қариндошингиз бўлса ҳам, адолат қилинг. Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг. Буларни сизга амр қилдикки, шояд, эсласангизлар», деган (152-оят). Мўмин-мусулмон одам доимо Аллоҳнинг амрига мувофиқ иш олиб бориши зарур. Бу эса, унинг доимо адолат ила гапириши лозимлигини тақозо қилади. Шунинг учун ҳақиқий мусулмон инсоний заифликка бориб, қариндошларига ноҳақ ён босишга имкон бермайди.

Адолат Аллоҳнинг амри бўлиб, барча унинг олдида баробар. Бир ҳукмда қариндошга бир хил, бошқага ўзгача муомала қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолни фақат мусулмонларгина ҳаётга татбиқ қилганлар, холос.
Бошқалар адолат ҳақида ҳар қанча сафсата сотсалар ҳам, нари борганда нисбий адолат, яъни, ўз яқинлари ва ўз тоифасига нисбатангина адолатли бўла оладилар. «Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг».

Аллоҳга берган аҳдда ушбу оятларда зикр қилинаётган ҳодисалар, жумладан, қариндошга бўлса-да, адолат қилиш, ўлчов ва тарозини адолат билан адо этиш, ноҳақ одам ўлдирмаслиқ Аллоҳга ширк келтирмаслик ва бошқалар бор.
«Буларни сизга амр қилдикки, шояд, эсласангизлар». Яъни, ғофил бўлмасдан, ҳар бир нарсани эслаб, қилар амалларингизни Аллоҳ амрига мувофиқ олиб борингиз.

672 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ العَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إنَّ الْمُقْسِطِينَ عِنْدَ اللهِ عَلَى مَنَابِرَ مِنْ نُورٍ؛ الَّذِينَ يَعْدِلُونَ فِي حُكْمِهِمْ وَأَهْلِيهِمْ وَمَا وَلُوا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1827].


Улашиш
|
|
Нусха олиш