674-ҳадис

674. Иёз ибн Ҳимор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:

« Жаннат аҳли уч тоифадир: одил ва тавфиқли раҳбар; барча қариндошу мусулмонларга раҳмдил ва қалби юмшоқ одам; серфарзанд, иффатли, камсуқум одам», деб айтганларини эшитдим.

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагичадир:

Иёз ибн Ҳимор Мужошиъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбаларида шундай дедилар:

«Огоҳ бўлинглар, Роббим сизлар билмаган нарсаларингизни ўргатишимни буюрди. У Зот менга бугун ўргатган нарса шудир: «Мен бандага ато этган мол-дунёнинг барчаси ҳалолдир. Мен бандаларимнинг барчасини ҳаниф қилиб яратганман. Лекин шайтонлар келиб, уларни динидан адаштиришди, мен улар учун ҳалол қилган нарсаларни уларга ҳаром қилишди. Уларга Менинг ҳукмим келмаган нарсада Менга ширк келтиришни ўргатишди». Аллоҳ ер аҳлига назар солиб, баъзи аҳли китоблардан бошқа барчага – арабларга ҳам, ажамларга ҳам ғазабланди ва шундай деди: «Сени синаш учун ва сен билан (одамларни) синаш учун сени пайғамбар қилиб юбордим. Сенга сув ювиб ўчира олмайдиган Китоб нозил қилдим. Сен уни уйқуда ҳам, ўнгингда ҳам ўқийсан». Аллоҳ менга (жанг қилиб, кофир) Қурайшни йўқ қилиб ташлашни буюрди. Шунда мен: «Роббим, ундай бўлса, улар бошимни мажақлаб, хамирдек эзғилаб ташлашади-ку!» дедим. Аллоҳ деди: «Сени (Маккадан) ҳайдаб чиқарганлари каби сен ҳам уларни ҳайдаб чиқар. Уларга қарши ғазот қил, Биз сени ғазотда қўллаб-қувватлаймиз. Сен инфоқ қил, Биз ҳам сенга инфоқ қиламиз. Сен лашкар юбор, Биз унинг беш бараварини юборамиз. Сенга итоат қилганлар билан бирга Сенга осийлик қилганларга қарши жанг қил».

Жаннат аҳли уч тоифадир: одил, кўп садақа қилувчи ва тавфиқли раҳбар; барча қариндошу мусулмонларга раҳмдил ва қалби юмшоқ одам; серфарзанд, иффатли, камсуқум одам. Дўзах аҳли беш тоифадир: оиласини ҳам, мол-дунёсини ҳам ташлаб қўйган, дуч келганга эргашаверадиган, нодон, калтабин кимса; ошкора тамагир, сал нарса эвазига ҳам хиёнат қилаверадиган хоин кимса; эртаю кеч оиланг ва молингга кўз олайтирадиган кимса; бахил ё каззоб; бадхулқ, оғзи шалоқ кимса».

(Ровий) Абу Ғассон ўз ривоятида «Сен инфоқ қил, Биз ҳам сенга инфоқ қиламиз» деб айтмаган.

 

Ҳадисдан олинадиган хулосалар:

– Аллоҳ бошлиқликка раво кўриб, унга яхшилик бўлишини истаса, халойиқ орасида адолат, яхшилик ва хайрихоҳлик қилишига муваффақ этади.

– Барча инсонлар билан лутф ва мулойимлик билан муомалада бўлиш.

– Тиланчиликдан сақланишнинг ва касб-кори орқали ризқни қўлга киритишнинг фазилати.

– Адолат, яхшилик қилиш ва иффатли бўлиш жаннатни вожиб қиладиган амаллардандир.

674 - وَعَنْ عِيَاضِ بْنِ حِمَارٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «أَهْلُ الجَنَّةِ ثَلَاثَةٌ: ذُو سُلْطَانٍ مُقْسِطٌ مُوَفَّقٌ، وَرَجُلٌ رَحِيمٌ رَقِيقُ القَلْبِ لِكُلِّ ذِي قُرْبَى وَمُسْلِمٍ، وَعَفِيفٌ مُتَعَفِّفٌ ذُو عِيَالٍ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2865].


Улашиш
|
|
Нусха олиш