676-ҳадис

676. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга қулоқ солиб, итоат қилишга байъат қилдик. Шунда у зот «Тоқатингиз етган нарсада» деб айтардилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг бу гапларидан кўриниб турибдики, саҳобалар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат такрорланиб турган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Тоқатларингиз етган нарсада», дейишлари, Исломнинг умумий қоидасига мувофиқ гапдир. Исломда инсондан унинг тоқатидан ташқари нарсани талаб қилиш йўқ.

Ушбу ҳадисдан олинадиган хулосалар:

– Расулуллоҳ алайҳиссаломга саҳобаи киромлар қайта-қайта байъат қилганлари. Демак, раҳбар билан унга эргашганлар орасидаги аҳднома-байъат вақти келганда янгиланиб тургани мақсадга мувофиқ экан.

– Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга қу­лоқ осиш ва итоат қилиш ҳақида ҳам байъат қилинган.

– Ислом динида инсонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилиш йўқ экани. Агар халифа тоқат қилина олмайдиган ишни буюрса, бандани унга имкони етмаса, итоат шарт эмас.

– Ишбошилар Расулуллоҳ с.а.в. ўз умматларига меҳрибон бўлганлари каби улар ҳам қўл остиларидагиларга шафқатли бўлишлари лозим.

676 - وَعَنْهُ قَالَ: كُنَّا إِذَا بَايَعْنَا رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ  عَلَى السَّمْعِ وَالطَّاعةِ يَقُولُ لَنَا: «فِيمَا اسْتَطَعْتُمْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 7202، م 1867].


Улашиш
|
|
Нусха олиш