681-ҳадис

681. Абу Ҳунайда Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Салама ибн Язид Жуъфий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Эй Аллоҳнинг Набийси, айтингчи, амирлар бизга бош‑қош бўлиб, биздан ўз ҳақларини сўрасаю, бизнинг ҳаққимизни бермаса, бизни нимага буюрасиз?» деб сўради. У зот ундан юз ўгириб олдилар. Яна сўраган эди, у зот: «Қулоқ солинглар, итоат қилинглар. Уларнинг зиммасига юкланган нарса ўзларига, сизнинг зиммангизга юкланган нарса эса ўзингизга», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Мусулмон ҳокимнинг ўз раияти (яъни фуқаролар) устида бир қанча ҳақлари бор. Масалан, яхши ишларда унга итоат қилишлари – Аллоҳга осий бўладиган ишларда унга итоат қилинмайди – унга холис насиҳат қилишлари, унинг обрўсига путур етказмайдиган ҳолда риёсиз амри маъруф ва наҳий мункар қилишлари, унинг тарафидан очиқ-ошкор куфр зоҳир бўлмаган ҳолда ундан ҳокимият талашмасликлари ва унга қарши қилич (қурол) кўтариб чиқмасликлари шу жумладандир.

Аллоҳ таоло айтади:

«Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!» (Нисо сураси, 59-оят).

«Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар, (ўзларингизга қилинаётган панд-насиҳатга) қулоқ тутинглар ва итоат этинглар» (Тағобун сураси, 16-оят).

«Эй мўминлар, агар кофирларга итоат қилсангиз, сизларни кетингизга (куфрга) қайтарадилар. Бас, зиён кўрувчиларга айланиб қоласизлар» (Оли Имрон сураси, 149-оят).

Уммул-Ҳусойн розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар сизларга қулоқ-бурни кесилган қул амир қилинса-да, сизларни Аллоҳнинг Китоби билан бошқарар экан, унга қулоқ солиб, итоат қилинглар!» (Муслим ривояти).

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қулоқ солиб, итоат қилувчи кишининг зиёнига ҳужжат йўқ, эшитиб туриб итоат қилмаган кишининг фойдасига ҳужжат йўқ» (Аҳмад, Ибн Аби Осим «Сунна»даги ривояти).

Ҳадисдан олинадиган хулосалар:

– Ҳоким гарчи ўз мажбуриятларида камчиликка йўл қўйса ҳам унга итоат қилишнинг вожиблиги. Чунки бу билан мамлакат барқарорлигини сақланади ва жамиятдаги урчиган фитнага барҳам берилади.

– Ҳокимларнинг ўз вазифаларидаги камчиликлари сабаб одамлар ҳам ўз вазифаларида камчиликка йўл қўйишлари оқланмайди. Зеро парокандаликни парокандалик билан муолажа қилинмайди.

– Барча ўз амалига масъул, шунинг учун унинг ўзи айбдор.

681 - وَعَنْ أَبِي هُنَيْدَةَ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَأَلَ سَلَمَةُ بْنُ يَزِيدَ الجُعْفِيُّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا نَبِيَّ اللهِ؛ أَرَأَيْتَ إِنْ قَامَتْ عَلَيْنَا أُمَرَاءُ يَسْأَلُونَا حَقَّهُمْ، وَيَمْنَعُونَا حَقَّنَا، فَمَا تَأْمُرُنَا؟ فَأَعْرَضَ عَنْهُ، ثُمَّ سَأَلَهُ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «اسْمَعُوا وَأَطِيعُوا؛ فَإنَّمَا عَلَيْهِمْ مَا حُمِّلُوا، وَعَلَيْكُمْ مَا حُمِّلْتُمْ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1846].


Улашиш
|
|
Нусха олиш