683-ҳадис

683. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким менга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилибди, ким менга осий бўлса, Аллоҳга осийлик қилибди, ким амирга итоат қилса, менга итоат қилибди, ким амирга осий бўлса, менга осийлик қилибди», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг” (Нисо сураси, 59-оят).

Ушу ояти каримада келган “ўзингиздан бўлган ишбошилар”ни баъзи муфассирлар “уламолар” дея тафсир қилишган.

Ибн Жарир Табарий “иш бошилар”нинг тафсирида машҳур саҳоба Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг: “улар сизлардан бўлган амирлар”, – деб изоҳ берганини ривоят қилган (“Тафсири Табарий” 8-жуз, 492-бет).

Юқоридаги ояти карималардан маълум бўладики, мусулмон киши аввало Аллоҳ таоло ва Унинг расулига тўла таслим бўлиб, маъсият бўлмайдиган ўринда раҳбарларга итоат этиши ва бўйинсуниши лозим бўлади.

Инсон ва жамият ҳаётининг барча тармоқларини қамраб олувчи мукаммал шариатимизда оддий фуқаронинг раҳбарга қай йўсинда муомала қилиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Аҳли сунна ва жамоа ақидасини баён қилувчи мўътабар манбаъларидан бири ҳисобланмиш “Ақидатут-таҳовия”да ушбу мавзуга алоҳида тўхталиб, шундай дейилган:

“Имомларимиз, бошлиқларимиз агарчи зулм қилсалар-да, уларга қарши чиқиш мумкин, деб ҳисобламаймиз. Улардан бирортасини қарғамаймиз. Уларга бўйсунишдан бош тортмаймиз. Улар модомики маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз, деб биламиз. Уларнинг ҳаққига салоҳият, муваффақият ва саломатлик сўраб дуо қиламиз”.

Пешқадам салафларимиздан бири ҳисобланувчи — имом Абу Жаъфар Таҳовий ушбу жумлалари билан бўйинсинувчи инсон ва раҳбар муносабатларига доир, аҳли суннанинг муҳим масалаларига урғу бермоқдалар. Унга кўра тинч аҳоли томонидан қонуний йўл билан сайланган ҳукумат раҳбарига, ҳаттоки у жабр қилса ҳам, итоат қилиш, унинг амридан бўйин товламаслик лозим бўлади. Балки, раҳбарга бўйсуниш ақидамизнинг аслий муҳим масалаларидан бири ҳисобланади.

Имом Таҳовий ҳазратлари айтган ушбу матнга кўплаб саҳиҳ ҳадислар асос бўлади. Жумладан Набий алайҳиссалом ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида шундай деганлар:

“Ким менга итоат этса, Аллоҳга итоат этибди. Ким менга осий бўлса, Аллоҳга осий бўлибди. Ким амирга итоат этса, менга итоат этибди. Ким амирга осий бўлса, менга осий бўлибди” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Раҳбарга қарши исён – аслида хаворижларнинг тутган йўлидир. Хаворижлар хатто улуғ саҳобий ҳазрати Али разияллоҳу анҳунинг раҳбарлигини тан олмай, у кишига қарши чиқиб, Ислом тарихида биринчи исёнга асос солган тоифа бўлган. Афсуслар бўлсинки, ҳазрати Алидек улуғ зотнинг раҳбарлигига қарши чиққан ушбу тоифанинг издошлари хозиргача мавжуд.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Кимки амирнинг бирор нарсасини номаъқул кўрса, унга сабр қилсин. Чунки, ким подшоҳнинг итоатидан бир қарич бўлса-да ташқари чиқса, шубҳасиз, жоҳилиятда ўлади”(Имом Бухорий ривоятлари).

Аллома Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни шарҳида шундай дейдилар:

“Бу ҳадисда султон агарчи золим бўлса ҳам, унга қарши чиқилмаслигига ҳужжат бор. Фуқаҳолар ҳукумат раҳбари бўлиб турган султонга итоат қилиш ва унинг ёнида туриб душманга қарши жанг қилиш вожиблигига бир овоздан ижмоъ қилганлар. Шунингдек, султонга итоат қилиш, унга қарши исён кўтаришдан яхшироқдир. Чунки султонга итоат билан кераксиз ғам-ташвишларга барҳам берилади ва қон тўкилишининг олди олинади” (“Фатҳул-Борий шарҳи саҳиҳил-Бухорий” 13-жуз, 9-бет).

Ҳижрий II асрда яшаб ўтган руҳий тарбиянинг етук машойихларидан бири бўлган – “Обидул Ҳарамайн” (“Масжидул Ҳаром” ва “Масжидун Набавий”нинг обиди) деган лақабга эга бўлган зот – Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар менга биргина ижобат бўладиган дуо берилса, уни албатта раҳбарнинг ҳаққига қилган бўлардим. Зотан, агар ўша дуони ўзимнинг ҳақимда қиладиган бўлсам, унинг натижаси ўзимдан нарига ўтмайди, аммо раҳбарнинг ҳаққига қилсам, эл-юртга фойда келтиради“.

Машҳур тобеинлардан бири Абу Муслим ал-Ховланий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:

“Сизнинг устингизга Аллоҳ томонидан худди сиз каби бир инсон бошлиқ қилиб қўйилган. Агар у тўғри йўлда бўлса, Аллоҳга ҳамд айтинг! Агар бундай бўлмаса, уни Аллоҳ тўғри йўлга солишини сўраб, унинг ҳаққига дуо қилинг! Унга қарши чиқманг! Акс ҳолда – адашасиз”.

Ҳижрий IV аср бошларида яшаб ўтган зоҳид ва обид зотлардан яна бирлари Аллома Абу Муҳаммад Барбаҳорий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Подишоҳга дуойибад қилаётган кишини кўрсангиз, билингки, у нафси-ҳавосига эргашувчи кишидир. Подшоҳнинг салоҳиятини сўраб, уни дуойи хайр қилаётган кишини кўрсангиз, билингки, у суннатга эргашувчи кишидир”.

683 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ أَطَاعَنِي فَقَدْ أَطَاعَ اللهَ، وَمَنْ عَصَانِي فَقَدْ عَصَى اللهَ، وَمَنْ يُطِعِ الأَمِيرَ فَقَدْ أَطَاعَنِي، وَمَنْ يَعْصِ الأَمِيرَ فَقَدْ عَصَانِي». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 2957، م 1835].


Улашиш
|
|
Нусха олиш