686-ҳадис

686. Абу Саид Абдурраҳмон ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга шундай дедилар: «Эй Абдурраҳмон ибн Самура! Амирликни сўраб олмагин, чунки бу нарса сўровингсиз берилса, сенга кўмак берилади. Агар сенга сўраганинг учун берилса, унда ўзингга ташлаб қўйилади. Бирор қасам ичиб, кейин бошқасини ундан яхшироқ деб билсанг, ўша яхшисини қилгин ва қасамингга каффорат бер».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини бошлиқликни сўрашдан қайтармоқдалар. Зеро эътиборга молик жиҳати лафзнинг умумий экани биландир, сабаб ва шахсларнинг хос экани билан эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни (бошлиқликни) сўровчи ўзига топшириб қўйилади дея баён қилмоқдалар. Кимда-ким ўзига топшириб қўйилса ҳалок бўлади. Чунки у Аллоҳ томонидан бўлган ёрдамдан маҳрум қилинди. Аллоҳнинг ёрдами ва лутфидан маҳрум қилинган кимсанинг борар жойи нима бўларкин?!

Бандалар Аллоҳнинг кўмагига муҳтож бўлганлари учун Аллоҳ бизни ҳар намозда шундай дейишимиз билан бизни Ўзига қул деб ҳисоблади:

«Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз» (Фотиҳа сураси, 5-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шундай дейишимизни таълим бердилар: «Куч ва қувват фақат Аллоҳ(нинг кўмаги) биландир». Муттафақун алайҳ.

Агар бошқарув сўровчининг ҳолати шундай бўлар экан, унда ўзига бошқарув учун мустаҳкам замин ҳозирлаган, мансаб курсисига ўтириш учун ғоятда кўп молларни сарфлайдиган, ёлғон устма-уст даъволар қиладиган кимсанинг оқибати нима бўларкин?! Буларнинг барини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларига хилоф ўлароқ бажаради. Ҳамда буни ислоҳот, халқни оёққа тургазиш сабаблари, адолат ва ҳурриятни рўёбга чиқариш дея даъво қилади. Аллоҳга қасамки, у албатта залолат, зулм, фасод ва умматни ҳалокат ва бадбахтликка итаришдир.

Исломда амирлик, қозилик, муҳосиб каби умум вазифа ва мансабларни сўраб олишдан қайтарилмоқда. Чунки бу каби мансабларга интилиб, ўзи талабгор бўлган шахс аниқки, ўзининг шахсий манфаатини устун қўяди ва оқибатда бировларнинг ҳаққини паймол қилиб, гуноҳга ботади. Аммо ким амир ва ҳоким ёки қози бўлишдан қўрқса, гуноҳ содир этишдан ўзини тийгани учун адолатли бўлиши ҳақиқатга яқинроқдир. Аммо бу нарсага халифа ёки ишбошилар буюрса ёки таъйин қилса, мансабни қабул этиши жоиз.

«Амирликни сўраб олмагин, чунки бу нарса сўровингсиз берилса, сенга кўмак берилади. Агар сенга сўраганинг учун берилса, унда ўзингга ташлаб қўйилади».

Банда Аллоҳнинг кўмаги ва тавфиқи билангина нажот топади. Банда амирлик ёки қозиликка талабгор бўлмаса, Аллоҳ унинг ёрдамчиси бўлади. Аксинча ўзи талабгор бўлса, бу мансабнинг масъулияти ўзига ташлаб қўйилади. Аллоҳ у кимсага ёрдам берувчи одамларни яқинлаштирмайди.

Бу ҳадисдан маълум бўлмоқдаки, шаръий манфаатларда фойдаси кўп, кучлироғ нарса муқаддам қўйилади.

686 - وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ سَمُرةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يَا عَبْدَ الرَّحْمَنِ بْنِ سَمُرَةَ؛ لَا تَسْأَلِ الإِمَارَةَ؛ فَإنَّكَ إِنْ أُعْطِيتَهَا عَنْ غَيْرِ مَسْأَلَةٍ أُعِنْتَ عَلَيهَا، وَإِنْ أُعْطِيتَهَا عَنْ مَسْأَلَةٍ وُكِلْتَ إِلَيْهَا، وَإِذَا حَلَفْتَ عَلَى يَمِينٍ، فَرَأَيْتَ غَيْرَهَا خَيْراً مِنْهَا، فَأْتِ الَّذِي هُوَ خَيْرٌ، وَكَفِّرْ عَنْ يَمِينِكَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6722، م 1652].


Улашиш
|
|
Нусха олиш