687-ҳадис

687. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга шундай дедилар: «Эй Абу Зарр, мен сени заиф деб биламан. Ўзимга раво кўрган нарсани сенга ҳам раво кўраман. Иккита одамга бўлса ҳам бошлиқ бўлма, етимнинг молига ҳам валий бўлма!»

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Амир ва васий бўлишлик улуғ омонатли ишдир. Шу билан бирга, ўта нозик иш ҳам. Бу мақомларда эҳтиёт бўлмаган одам бир зумда охиратини куйдириши ҳеч нарса эмас. Икки кишига бўлса ҳам амир бўлган одам адолат билан иш тутмоғи, зулм қилмаслиги керак. Агар заррача зулм қилса, золимлардан бўлади. Золимлар эса, қиёмат кунининг зулматидадирлар.

Шунингдек, етимнинг молини еб қўйиш туфайли қоринга дўзахнинг оловини еб олиш мумкин.

Абу Зарр Ғифорий бунга ўхшаш ишларни идора қилишда, бошқаришда заиф бўлганлар. Шунинг учун у кишига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ишларни зиммасига олмасликни насиҳат қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзимга яхши кўрган нарсани сенга ҳам яхши кўраман, дейишлари агар мен ҳам сенга ўхшаш бўлганимда бу ишни қилмас эдим, деган маънога ишоратдир.

Албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишлардан заиф бўлмаганлар, балки амирларнинг амири, васийларнинг васийи бўлганлар ва бу ишларни мутлоқ адолат билан адо этганлар.

Демак, эплай олмайдиган киши амир ҳам, васий ҳам бўлмаслиги керак.

687 - وَعَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يَا أَبَا ذَرٍّ؛ أَرَاكَ ضَعِيفاً، وَإِنِّي أُحِبُّ لَكَ مَا أُحِبُّ لِنَفْسِي، لَا تَأَمَّرَنَّ عَلَى اثْنَيْنِ، وَلَا تَوَلَّيَنَّ مَالَ يَتِيمٍ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1826].


Улашиш
|
|
Нусха олиш