692-ҳадис

692. Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Икки амакиваччам билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдик. Улардан бири: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ азза ва жалла сизни волий қилган жойларнинг бирортасига мени амир қилиб қўйинг», деди. Наригиси ҳам худди шундай деди. Шунда у зот: «Аллоҳга қасамки, биз бу ишга уни сўраган кишини ҳам, унга ҳарис бўлган кишини ҳам бошлиқ қилмаймиз», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисда умматга ҳамда унинг бошидаги ҳукмдор ва бошқалардан иборат раҳбарларга бошлиқликни сўрайдиган ёки унга ошиқманд бўладиган кимсаларга тўсқинлик қилиш жорий қилинди. Гарчи ушбу сўровчи одамларнинг энг афзали бўлса-да. Бошлиқликни сўровчи бошқарув масъулияти юкини кўтаришга муваффақ бўлмайди ҳамда Аллоҳнинг ёрдамидан маҳрум бўлади. Шунинг учун салафларнинг фозиллари қозилик ва ундан бошқалар каби мансабларни эгаллашдан қочардилар. Уни сўрамасалар-да берилган ёки унга мажбур қилинганларнинг айримлари адолат, тақво, Аллоҳ йўлига даъват ва уммат ичида яхшиликни тарқатиш учун энг ажойиб мисоллардир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бошлиқлик сўраган ёки унга ҳарис бўлган кишини маҳрум қилган эканлар, гарчи у одамларнинг энг тақводори ва энг зоҳиди бўлса-да. Балки жоҳил, оғишган ва фосиқлардан иборат бошлиқликни сўраган ва унга ошиққан кимса ҳақида нима дейсиз? Натижалар қандай бўларкин? Дарҳақиқат, Аллоҳ уларни ёрдамсиз ташлаб қўяди ва уларга ўз кўмаги билан мадад бермайди. Зулм, зўравонлик, ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум қилиш, ҳурриятни тортиб олиш, мол-мулк, вазифа-мансаб ва фойдаларни ўзиники қилиб олишдан иборат уммат қисматига нималар тушаркин?

Ҳофиз айтди: «Байзовий дедики, оқил кишига кетидан ҳасрат келадиган лаззат билан хурсанд бўлиши ярашмайди.

Муҳаллаб деди: Бошлиқликка ошиқиш одамлар уни дея ўзаро қирпичоқ бўлишига сабабдир. Ҳатто қон тўкилади, мол-мулк ва номуслар ҳалол қилинади, топталади. Шу сабаб ер юзида улкан бузғунчилик бўлади. Надомат экани шундайки, у ўлдирилиши ёки четлатилиши ёхуд ўлиши мумкин. Натижада унга киргани учун надомат чекади. Чунки у оқибатда масъулиятлар ҳақида сўроққа тутилади. Дарҳақиқат, ундан ажралгани боис ошиққан нарсаси уни четлаб ўтди.

Яна деди: ҳукмдор вафот этиши ва ушбу ишни ундан кейин адо этадиган ундан бошқаси бўлмаслиги каби унга мажбурий бўлган киши бундан истисно қилинади. Агар бунга кирмаса ҳолатлар зое бўлиши сабаб фасод ҳосил бўлади». (Фатҳул Борий).

692 - عَنْ أَبِي مُوسَى الأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: دَخَلْتُ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَنَا وَرَجُلَانِ مِنْ بَنِي عَمِّي، فَقَالَ أَحَدُهُمَا: يَا رَسُولَ اللهِ؛ أَمِّرْنَا عَلَى بَعْضِ مَا وَلَّاكَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ، وَقَالَ الآخَرُ مِثْلَ ذَلِكَ، فَقَالَ: «إنَّا وَاللهِ لَا نُوَلِّي هَذَا العَمَلَ أَحَداً سَأَلَهُ، أَوْ أَحَداً حَرَصَ عَلَيهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 7149، م 1733 في الإمارة، باب النهي عن طلب الإمارة].


Улашиш
|
|
Нусха олиш