694-ҳадис
694. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳаё фақат яхшилик олиб келади», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Имом Муслимнинг ривоятида: «Ҳаёнинг ҳаммаси яхшилик», дейилган.

Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагичадир.

«Абу Қатода айтади: «Қабиладошларимиздан бир неча киши билан Имрон ибн Ҳусойннинг ҳузурида эдик. Орамизда Бушайр ибн Каъб ҳам бор эди. Ўша куни Имрон бизга ҳадис айтиб берди. У: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаёнинг бори – яхшилик» [ёки «Ҳаёнинг ҳаммаси яхшилик»], деганлар», деди. Шунда Бушайр ибн Каъб: «Биз баъзи китобларда [ёки Ҳикматда]* «Аллоҳ учун сокинлик ва виқор ҳам шундан (ҳаёдан), заифлик ҳам шундан», деб ўқиганмиз», деди. Шунда Имроннинг жаҳли чиқди, ҳатто кўзлари ҳам қизариб кетди ва: «Мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан гапирсам, сен бунга қарши чиқяпсанми?!» деди. Кейин Имрон ҳадисни яна қайтарди. Бушайр ҳам ўз гапини қайтарди. Имроннинг яна жаҳли чиқди. Шунда биз у (Бушайр) ҳақида: «Эй Абу Нужайд,* у ўзимиздан, ёмон одам эмас», дея бошладик».

 

* Исломдан аввалги қавмлардан қолган китоблар ва ҳикматли сўзлар назарда тутилмоқда.

* Абу Нужайд – Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳунинг куняси.

 

Шарм-ҳаё бандани дунё шармандачилиги ва охират азобидан огоҳ этиб, маъсиятлардан тўсади. Уламолар ҳаёни таърифлаб бундай дейишган: «Ҳаё шундай хулқки, у гўзал амалларни қилишга ва ёмонликларни тарк этишга ундайди».

Умар розияллоҳу анҳу: «Кимнинг ҳаёси оз бўлса, парҳезкорлиги озаяди. Кимнинг парҳезкорлиги оз бўлса, қалби ўлади», деганлар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Одамлардан ҳаё қилмаган, Аллоҳ таолодан ҳам ҳаё қилмайди», деганлар.

Ияс ибн Қурра раҳматуллоҳи алайҳ: «Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурида эдим. Унинг олдида ҳаё зикр қилинди ва одамлар: «Ҳаё диндандир», дедилар. Шунда Умар: «Йўқ! Ҳаё диннинг ҳаммасидир!» деди.

 

Ҳаёнинг фойдаларидан:

1. Ҳаё иймон хислатидандир.

2. Ҳаё Ислом гўзаллигидандир.

3. Ҳаё Аллоҳ таолодан хижолат бўлиб маъсиятни тарк қилишдир.

4. Ҳаё Аллоҳ таолога муҳаббат қилиб, тоатга берилишдир.

5. Ҳаё бу дунё ва охират шармандалигидан узоқлаштиради.

6. Ҳаё иймон шўъбаларининг аслидир.

7. Ҳаё ўз эгасини виқорли қилади.

8. Ҳаё анбиёлар, саҳобалар, тобеъинлар ва авлиёларнинг сифатидир.

9. Ҳаё Аллоҳ таолонинг ва одамларнинг муҳаббатига сазовор қилади.

 

694 - وَعَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «الحَيَاءُ لَا يَأْتِي إِلَّا بِخَيْرٍ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6117، م 37].

وَفِي رِوَايَةٍ لِمُسْلِمٍ: «الحَيَاءُ خَيْرٌ كُلُّهُ» أَوْ قَالَ: «الحَيَاءُ كُلُّهُ خَيْرٌ» [37/61].


Улашиш
|
|
Нусха олиш