697. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Қиёмат куни Аллоҳнинг наздида энг тубан одам – аёлига қўшилиб, аёли унга қўшилиб, кейин бунинг сирини ёйиб юрган одамдир».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Эру хотиннинг орасидаги шариат иши фақат иккисининг сири бўлиб қолиши керак. Эр ҳам, хотин ҳам жинсий алоқа пайтида бўладиган нарсаларни бошқаларга айтмаслиги лозим. Мазкур сирни бошқаларга айтиб юриш беодоблик, шарму хаёсизлик ва гуноҳ иш ҳисобланади. Жамиятда фоҳиша гап-сўз ва ишларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам қуйида ўрганиладиган ривоятимизда бу ишни қиладиган кишини шайтонга ўхшатилмоқда.
«Албатта, ўшанинг мисоли худди кўчада шайтонга дуч келиб, урғочи шайтондан ҳожатини чиқариб олганда одамлар унга қараб турганга ўхшайди», дейилган.
(Сунан эгаларининг ривояти)
Эру хотин ораларидаги жинсий ҳаёт ҳақида бошқаларга сўзлаб юришлари ана шундоқ шармандали иш ҳисобланади. Шунинг учун мўмин-мусулмон эркагу аёл ўзаро жинсий сирларини ҳеч кимга айтмасликлари керак.
697 - وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إنَّ مِنْ أَشَرِّ النَّاسِ عِنْدَ اللهِ مَنْزِلَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ الرَّجُلُ يُفْضِي إِلَى الْمَرْأَةِ وَتُفْضِي إِلَيهِ ثُمَّ يَنْشُرُ سِرَّهَا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1437].