698. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Умарнинг қизлари Ҳафса (Хунайс ибн Ҳузофа Саҳмий розияллоҳу анҳудан) тул қолган пайт Умар розияллоҳу анҳу шундай дедилар:
«Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга учрадим-да, унга Ҳафсани таклиф қилиб, «Хоҳласанг, Ҳафса бинт Умарни сенга никоҳлаб бераман», дедим. Усмон: «Бир ўйлаб кўрай-чи», деди. Бир неча кун кутиб турдим. Кейин у: «Бу кунда уйланмас эканман, шекилли», деди. Сўнг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга учраб, «Хоҳласанг, Ҳафса бинт Умарни сенга никоҳлаб бераман», дедим. Абу Бакр розияллоҳу анҳу индамади, менга ҳеч қандай жавоб қайтармади. Усмондан ҳам кўра ундан аччиқландим. Яна бир неча кун кутиб турдим. Сўнг унга (Ҳафсага) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам совчи қўйдилар, мен уни у зотга никоҳлаб бердим. Кейин Абу Бакр мени учратиб қолиб, «Менга Ҳафсани таклиф қилган пайтингда сенга жавоб қилмаганимда аччиқланган бўлсанг керак?» деди. «Ҳа», дедим. У: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақда гап очганларини билганим учунгина таклифингга жавоб қайтармаган эдим. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини фош қила олмас эдим. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тарк қилсалар, уни албатта қабул қилар эдим», деди».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудек ҳассос инсон бева қолган қизлари Ҳафса розияллоҳу анҳога кўнгилдагидек умр йўлдоши ахтаришга ҳаракат қилганлари очиқ-ойдин кўриниб турибди.
Баъзи кишилар бу ишни уят, ор ҳисоблайдилар. Қизи бор одам ўз қизини бировга хотинликка қандоқ ҳам қилиб тақдим қилиши мумкин, деб ўйлайдилар. Қизи бор одам совчи келган чоғда ҳам ноз қилиб туриши лозим, деган фикрда бўладилар. Бу урф-одатга боғлиқ нарса бўлиб, шариатга ҳеч тааллуқли жойи йўқдир.
Мана, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуни олиб кўрайлик. Шариатга энг қаттиқ амал қиладиган одамлардан бири, ҳасаб-насаб, ижтимоий ҳолат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлик, кишилар орасидаги ҳурмат-эътиборлари ҳавас қиларлик даражада яхши. У кишининг қизлари Ҳафса розияллоҳу анҳо ҳам ҳеч бир камчиликлари йўқ. Улар ноз қилиб совчи кутмай, аҳли фазл куёв ахтаришган. Ҳазрати Усмонга менинг қизимни ол, деб илтимос қилганлар. Бир неча кун ўтиб яна қайтиб бориб сўраганлар. Охири рад жавоб олганлар. Шунинг ўзи анчагина зарба бўлиб тушиши керак эди.
Аммо Умар розияллоҳу анҳу бу билан кифояланмадилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг олдиларига бориб Ҳафсага уйланишни таклиф қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзларини ғалати тутдилар. Ҳа, демадилар ҳам, йўқ, демадилар ҳам. Индамай кетавердилар. Бу ҳолат Умар розияллоҳу анҳунинг аччиғларини чиқарди. Лекин кўп ўтмай энг муносиб, энг яхши, энг улуғ куёв топилди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ўзлари Ҳафса розияллоҳу анҳога уйланиш истагини билдирдилар ва уйландилар.
Ана шундан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзларининг ғалати тасарруфлари сирини очдилар. У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳафса розияллоҳу анҳога уйланиш ниятлари борлиги ҳақидаги гапларини эшитган эканлар. Буни Умар розияллоҳу анҳуга очиқ айтиш мумкин эмас эди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий сирлари ҳисобланар эди.
Демак, валий ўз қарамоғидаги қизи, синглиси ёки бошқа аёл қариндошини аҳли фазл кишиларга айтиб, никоҳига беришга уриниши яхши иш ҳисобланади. Бу шаръий, одоб-ахлоқ доирасидаги ишдир. Ушбу ишни қилган кишига нисбатан қарши томон ҳам муносиб бўлишга уриниши лозим.
698- وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُ حِينَ تَأَيَّمتْ بِنْتُهُ حَفْصَةُ قَالَ: لَقِيتُ عُثْمَانَ بْنَ عَفَّانَ، فَعَرَضْتُ عَلَيْهِ حَفْصَةَ فَقُلْتُ: إِنْ شِئْتَ أَنْكَحْتُكَ حَفْصَةَ بِنْتَ عُمَرَ، فَقَالَ: سَأَنْظُرُ فِي أَمْرِي، فَلَبِثْتُ لَيَالِيَ، ثُمَّ لَقِيَنِي، فَقَالَ: قَدْ بَدَا لِي أَنْ لاَ أَتَزَوَّجَ يَوْمِي هَذَا، فَلَقِيتُ أَبَا بَكْرٍ الصِّدِّيقَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، فَقُلْتُ: إِنْ شِئْتَ أَنْكَحْتُكَ حَفْصَةَ بِنْتَ عُمَرَ، فَصَمَتَ أَبُو بَكْرٍ، فَلَمْ يَرْجِعْ إِلَيَّ شَيْئاً، فَكُنْتُ عَلَيْهِ أَوْجَدَ مِنِّي عَلَى عُثْمَانَ، فَلَبِثْتُ لَيَالِيَ، ثُمَّ خَطَبَهَا النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَأَنْكَحْتُهَا إِيَّاهُ، فَلَقِينَي أَبُو بَكْرٍ فَقَالَ: لَعَلَّكَ وَجَدْتَ عَلَيَّ حِينَ عَرَضْتَ عَلَيَّ حَفْصَةَ فَلَمْ أَرْجِعْ إِلْيَكَ شَيْئاً؟ فَقُلْتُ: نَعَمْ، قَالَ: فَإِنَّهُ لَمْ يَمْنعْنِي أَنْ أَرْجِعَ إِلَيْكَ فِيمَا عَرَضْتَ عَلَيَّ إِلَّا أَنِّي كُنْتُ عَلِمْتُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ ذَكَرَهَا، فَلَمْ أَكُنْ لأُفْشِي سِرَّ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، وَلَوْ تَركَهَا النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لقَبِلْتُهَا. رَوَاهُ البُخَارِيُّ [4005].
(تَأَيَّمَتْ) أَيْ: صَارَتْ بِلَا زَوْجٍ، وَكَانَ زَوْجُهَا تُوُفِّيَ رضي الله عنه، (وَجَدْتَ): غَضِبْتَ.