699. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари у зотнинг ҳузурида ўтиришган эди. Шу пайт Фотима кириб келди. Унинг юриши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юришларидан асло фарқ қилмас эди. У зот уни кўрдилар-да, уни хушлаб, «Марҳабо, қизим», дедилар. Сўнгра уни ўнг [ёки чап] томонларига ўтқаздилар. Сўнг унга нимадир деб пичирлаган эдилар, у қаттиқ йиғлаб юборди. Унинг қайғусини кўриб, унга иккинчи марта пичирлаган эдилар, у кулди. Мен унга (Фотимага) «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари ичида сенга алоҳида сир гап айтадилар-у, сен йиғлайсанми?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб кетганларидан сўнг эса ундан «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга нима дедилар?» деб сўрадим. У: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини ошкор қилмайман», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг «Сендаги ҳаққим ила онт ичиб айтаманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сенга айтганларини менга ҳам айтиб берасан», дедим. У шундай деди: «Энди майли. Биринчи бора пичирлаганларида у зот менга: «Жаброил менга Қуръонни ҳар йили бир [ёки икки] маротаба тўлиқ ўқиб берар эди, бу йил эса икки маротаба ўқиб берди. Мен ажалим яқинлашди деб ўйлаяпман. Аллоҳга тақво қил, сабр қил, мен сен учун энг яхши салафман», дедилар. Сен кўрганингда шунга йиғлаган эдим. У зот менинг қайғуга ботганимни кўриб, менга иккинчи маротаба пичирлаб, «Эй Фотима, мўминларнинг аёлларининг саййидаси [ёки ушбу уммат аёлларининг саййидаси] бўлишга рози бўлмайсанми?» дедилар. Сен кўрганингда шунга кулган эдим».
Муттафақун алайҳ. Лафз Имом Муслимники.
Шарҳ: Фотима бинти Муҳаммад ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Хадича онамизнинг кенжа ва суюмли қизлари, имом Ҳасан, имом Ҳусайнларнинг онасидир. У илк илоҳий ваҳий келишидан беш йил аввал, милодий 605 йили Маккада туғилган эди. Гўзал ва покиза бўлгани учун исмига Заҳро (гулдек), шунингдек, Сиддиқа, Тоҳира лақаблари қўшиб айтилган. Фотимаи Заҳро ҳижратнинг иккинчи йили Алий ибн Абу Толибга узатилганлар. Улар беш фарзанд – Ҳасан, Ҳусайн, Муҳсин, Умму Кулсум, Зайнабларни тарбиялашган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ҳазрати Хадичанинг суюкли қизлари Фотима розияллоҳу анҳо кўп жиҳатдан оталарига ўхшаб кетардилар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: «Кўриниш, ҳайбат, ўзини тутиш, ўтириш-туришда Фотимадек Расулуллоҳга ўхшашини кўрмадим. Агар у Расулуллоҳнинг ҳузурларига кирса, у зот ўринларидан туриб, уни ўпиб кутиб олардилар ва ўз ўринларига ўтқазардилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам агар унинг олдига кириб қолсалар, у туриб, у зотни ўпиб кутиб олар ва ўз ўрнига ўтқазар эди» (Абу Довуд, Термизий ва бошқалар ривоят қилган). «Оиша розияллоҳу анҳодан «Одамлар ичида Расулуллоҳга энг севимлиси ким эди?» деб сўралганида «Фотима эди», деб жавоб берди. «Эркаклардан-чи?» деб сўралганида «Фотиманинг эри», деб жавоб берди» (Термизий ривоят қилган).
Ҳазрати Фотима болаликдан оталарига меҳрибон, ҳар ишда у зотни қўллайдиган қиз бўлиб вояга етдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бундай ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтуллоҳда намоз ўқиётган эдилар. Мушрикларнинг раҳбари Абу Жаҳл ва унинг шериклари Каъбанинг атрофида ўтиришар эди. Бир кун олдин туя сўйилган эди. Шунда Абу Жаҳл шерикларига «Қай бирингиз туянинг ичак-чавоғини келтириб, сажда қилаётганида Муҳаммаднинг устига ташлай оласиз?» деди. Шунда қавмнинг энг бадбахти туриб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилаётганларида устларига ҳалигини ағдарди. Сўнг мушриклар у зотни масхара қилиб кулишди. Мен ҳаммасини кўриб турардим. Агар қодир бўлганимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларидан ичак-чавоқларни олиб ташлардим. У зот ҳамон саждада эдилар, чунки бошларини кўтара олмасдилар. Кимдир бўлган воқеани у зотнинг қизлари Фотимага етказибди. У ҳали ёшгина қизча эди. Келиб, ҳалиги нарсаларни Расулуллоҳнинг елкаларидан олиб ташлади ва мушрикларни қарғади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларини тугатганларидан кейин овозларини кўтариб бундай дуоибад қилдилар: «Эй Аллоҳим, Қурайшни Ўзингга ҳавола қилдим!» Шунда мушриклар Расулуллоҳнинг дуоларини эшитиб, бирдан кулгидан тўхташди. У зотнинг дуоларидан қўрқиб кетишган эди. Муҳаммадни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоибад қилганларнинг ҳаммаси Бадр жангида ўлдирилганини кўрдим».
Бадр жангидан сўнг Фотима розияллоҳу анҳони Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуга турмушга узатишди. Ўшанда Алий йигирма беш, Фотима ўн саккиз ёшда бўлишган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суюкли қизларини ҳазрати Алийга завжаликка муносиб кўрганларини сезган саҳобалар Алийга бу ҳақда маслаҳат беришди. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бу гаплардан шижоатланиб, Фотимаи Заҳронинг қўлларини сўраш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордилар. Хонаи муборакка кириб келганларидан кейин гапга ниҳоятда чечан Алий у жанобни кўрганлари заҳоти тиллари дудуқланиб, ҳаяжондан сўзлай олмай қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинроқ жойга келиб турдилар ва у зот эшитадиган қилиб: «Расулуллоҳнинг қизларига совчилик қилмоқчи бўлган эдим. Ўзимнинг бирор нарсам ҳам йўқ. Аммо яқинлик ва меҳрларидан умидвор бўлиб сўрадим», дедилар. Расули акрам жилмайганча «Хуш келибсиз, гапираверинг» деб далда бериб турдилар. Бу меҳр билан айтилган сўзлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг розиликлари аломати эди.
Меҳрибон ота қизларининг ёнига бориб, бўлган воқеани табассум билан сўзладилар ва қизларининг раъйини сўрадилар. Фотима бошда сукут сақлаб туравердилар. Ниҳоят: «Эй отажон, Қурайш ичидан менга шу камбағал йигитдан бошқа кишини тополмадингизми?» деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларининг бу сўзларини эшитиб: «Эй Фотима, сизни ҳақиқатда Аллоҳ ҳамда Унинг Расули эрга беряпти», дедилар. Фотима: «Ундай бўлса, мен Аллоҳ ва Унинг Расули буюрган кишини қабул қиламан», дедилар.
Ҳижратнинг иккинчи йили Пайғамбарнинг суюкли қизлари шу тариқа ҳазрати Алий хонадонига келин бўлдилар. Ҳаннод Динаврий шайх Шаъбийдан қуйидаги воқеани келтиради: «Ҳазрати Алий айтадилар: «Муҳаммаднинг қизлари Фотимага уйланганимда менинг ҳам, унинг ҳам бир қўй терисидан (пўстакдан) бошқа тўшагимиз йўқ эди. Кечаси устида ухлар эдик, кундузи унда сувчи туяга ем берардик. Менинг ундан (Фотимадан) бошқа хизматчим йўқ эди».
Бир куни ҳазрати Алий Фотимага: «Аллоҳ ҳаққи, қудуқдан сув тортавериб, кўкрагим оғриб кетди. Аллоҳ отангга бир қанча асирлар берган, бориб, бирорта хизматчи сўрасанг қандай бўларкин?» деди. Фотима: «Мен ҳам тош тегирмонни айлантиравериб, қўлларим қавариб кетди», дедилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нимага келдинг, қизим?» деб сўрадилар. «Сиздан ҳол-аҳвол сўрагани келган эдим», дедилар Фотима ва у зотдан сўрашга уялиб, ортига қайтдилар. Алий хотинининг қуруқ қайтганини кўриб, «Нима бўлди?» деди. «У зотдан ҳожатимни сўрашга уялдим», дедилар. Кейин икковлари биргалашиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришди ва Алий: «Эй Аллоҳнинг Расули, қудуқдан сув тортавериб, кўкрагим оғриб кетди», деди. «Мен ҳам тош тегирмонни айлантиравериб, қўлларим қавариб кетди. Аллоҳ сизга асирларни ва кенгликни берганини билиб, «Бизга бир хизматчи беринг» деб келдик», дедилар Фотима. «Аллоҳга қасамки, сизларга бериб, суффа аҳлини оч ҳолатда қўя олмайман. Мен уларга бергани нафақа топа олмай турибман. Асирларни сотиб, тушган маблағни ўшаларга ишлатмоқчиман», дедилар.
Икковлари бўшашиб ортларига қайтиб кетишди. Эр-хотин оёқларини ёпишга етмайдиган калта тери ёпинчиқларига кириб ётганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига келдилар. Улар сапчиб ўринларидан туришди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жойингиздан қимирламанг! Мен сизлар сўраган нарсангиздан кўра яхшироқ нарсанинг хабарини берайми?» дедилар. «Ҳа», дейишди. «Бир калималарни менга Жаброил ўргатди. Ҳар намоздан кейин ўн марта Аллоҳга тасбеҳ айтасизлар. Ўн марта ҳамд айтасизлар. Ўн марта такбир айтасизлар. Тўшакларингиздан жой олганингизда эса ўттиз уч марта тасбеҳ айтинглар. Ўттиз уч марта ҳамд айтинглар. Ўттиз тўрт марта такбир айтинглар», дедилар у зот. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганимдан буён уларни тарк қилганим йўқ», деди».
Фотима бинти Муҳаммад розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 18 та ҳадис ривоят қилганлар. Ҳазрати Фотима оталари вафотидан олти ой ўтгач, ҳижрий ўн биринчи (милодий 632) йили шаъбон ойининг учинчи куни йигирма тўққиз ёшда вафот этдилар. У кишининг жанозасини эрлари ҳазрати Алий ўқиганлар, қабрлари Бақиъда.
699 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كُنَّ أَزْواجُ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عِنْدَهُ، فَأْقْبَلَتْ فَاطِمَةُ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا تَمْشِي مَا تَخْطِيءُ مِشْيَتُهَا مِنْ مِشْيَةِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ شَيْئًا، فَلَمَّا رَآهَا رَحَّبَ بِهَا وَقَالَ: «مَرْحَبًا بِابْنَتِي» ثُمَّ أَجْلَسَهَا عَنْ يَمِيِنِهِ أَوْ عَنْ شِمَالِهِ، ثُمَّ سَارَّهَا فَبَكَتْ بُكَاءً شَدِيدًا، فَلَمَّا رَأَى جَزَعَهَا سَارَّهَا الثَّانِيةَ فَضَحِكَتْ، فَقُلْتُ لَهَا: خَصَّكَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ مِنْ بَيْنِ نِسَائِهِ بِالسِّرَارِ، ثُمَّ أَنْتِ تَبْكِينَ؟ فَلَمَّا قَامَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ سَأَلْتُهَا: مَا قَالَ لَكِ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ؟ قَالَتْ: مَا كُنْتُ لأُفْشِيَ عَلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ سِرَّهُ. فَلَمَّا تُوُفِّيَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قُلْتُ: عَزَمْتُ عَلَيْكِ بِمَا لِي عَلَيْكِ مِنَ الحَقِّ، لَمَا حَدَّثْتِنِي مَا قَالَ لَكِ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ؟ فَقَالَتْ: أَمَّا الآنَ فَنَعَمْ، أَمَّا حِينَ سَارَّنِي فِي الْمَرَّةِ الأُولَى فَأَخْبَرَنِي «أَنَّ جِبْرِيلَ كَانَ يُعَارِضُهُ القُرْآنُ فِي كُلِّ سَنَةٍ مَرَّةً أَوْ مَرَّتَيْنِ، وَأَنَّهُ عَارَضَهُ الآنَ مَرَّتَيْنِ، وَإِنِّي لاَ أُرَى الأَجَلَ إلاَّ قَدِ اقْتَرَبَ، فَاتَّقِي اللهَ وَاصْبِرِي، فَإنَّهُ نِعْمَ السَّلَفُ أَنَا لَكِ» فَبَكَيْتُ بُكَائِيَ الَّذِي رَأَيْتِ، فَلَمَّا رَأَى جَزَعِي سَارَّني الثَّانِيَةَ، فَقَالَ: «يَا فَاطِمَةُ أَمَا تَرْضِينَ أَنْ تَكُونِي سَيِّدَةَ نِسَاءِ المُؤْمِنِينَ، أَوْ سَيِّدَةَ نِسَاءِ هَذِهِ الأُمَّةِ؟» فَضَحِكْتُ ضَحِكِي الَّذِي رَأَيْتِ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ، وَهَذَا لَفْظُ مُسْلِمٍ [خ 6285، م 2450].