7-ҳадис

7. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ, лекин жиҳод ва ният бор. Сафарбарликка чақирилсангиз, сафарбар бўлинглар», деб айтдилар.

Муттафақун алайҳ.

Бунинг маъноси шуки, Маккадан ҳижрат қилиш йўқдир. Чунки у Ислом диёрига айлангандир.

 

Шарҳ: Макка фатҳ қилинишидан олдин шаҳар аҳолисидан мусулмон бўлганларига Мадинага ҳижрат қилиш вожиб эди. Макка фатҳ бўлганидан ке­йин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳижрат йўқдир», деган эълонни қилдилар. Чунки энди Макка ҳам мусулмонлар юртига айланган эди.

«Лекин жиҳод ва ният бордир. Қачон сиздан қўзғолиш талаб қилинса, қўзғолинг».

Жиҳод ва ният бардавом бўлади. Уларнинг вожиблиги ҳижратга ўхшаб, вақтинчалик бўлмайди.

Ҳижрат икки маънода келади.

1. Куфр диёридан Ислом диёрига қилинган ҳижрат. Ким Исломга кирса, мусулмонлар билан бирга ҳижрат қилишга буюрилган. Бу билан мушрикларнинг озорларидан четлашиб, улардан фитналаридан йироқ бўлинади.

2. Маккадан Мадинага ҳижрат қилиш. Чунки Мадинада ўша пайтда дин аҳллари оз ва заиф бўлган. У вақтда ким Исломга кирган бўлса, қайси маконда бўлса ҳам Пайғамбар алайҳиссалом улар сабабли куч-қувват олишлари учун, динда фақиҳ бўлиб, ўзининг қавмига дин буйруқлари ва ҳукмларини ўргатиш мақсадида ҳижрат қилиши шарт эди. Макка фатҳ қилингач Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалари ундан беҳожат бўлишди. У пайтда мўминларнинг энг хавфсирайдигани Макка аҳли эди. Қачонки Макка аҳли Исломга киргач мусулмонлар босқинчиликдан омонда бўлишди. Сўнгра Макка аҳлига: «Ватанларингизда қолиб, жиҳод ниятида тураверинглар», деб айтилди.

Имом Тийбий «Мишкотнинг шарҳи»да қуйидагиларни айтдилар:

Кейин келган нарса аввал келган нарсага мухолифликни тақозо қилмоқда. Аллоҳ ва расулига юзланиб, ватандан йироқлашиб ҳижрат қилиш фазилати узилиб қолди. Лекин Аллоҳга холис ният билан илм талабида ёки динини куфр диёридан олиб қочиш мақсадида ёки амру маъруф ва наҳий мункар бажара олинмаслиги сабаб ёки Байтуллоҳ, масжидун набий ва масжидул ақсони зиёрати учун ватандан узоқлашиш замонлар оша боқий қолади.

7- وعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَا هِجْرَةَ بَعْدَ الْفَتْحِ، وَلَكِنْ جِهَادٌ وَنِيَّةٌ، وَإِذَا اسْتُنْفِرْتُمْ فَانْفِرُوا» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 3900، م 1864].

وَمَعْنَاهُ : لَا هِجْرَةَ مِنْ مَكَّةَ، لأَنَّهَا صَارَتْ دَارَ إِسْلَامٍ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш