708-ҳадис

708. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир сўз айтсалар, тушунарли бўлиши учун уни уч марта қайтарар, бирон қавм ҳузурига бориб, салом берсалар, уч марта салом берар эдилар».

Имом Бухорий ривояти.

 Шарҳ: Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳунинг бу ривоятларини ушбу бобда келтиришдан муаллифнинг мақсади, олим одамнинг дарс бераётганида ёхуд бирор маълумотни етказаётганида эшитувчига тушунарли қилиб гапириши лозимлигини англатишдир. Чунки иккала ҳолатда ҳам илм етказаётган бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳим нарсалар эшитувчиларга очиқ-ойдин, тушунарли бўлиши учун уч марта қайта-қайта такрорлаб гапирганлар.

Шунингдек, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор қавмнинг олдидан ўтсалар ёки олдига борсалар салом берар эдилар. Агар улар саломни эшитмасалар, икки ёки уч мартагача салом берар эдилар.

Шунинг учун биз ҳам дарс берадиган ёхуд бирор маълумотни етказадиган бўлсак, ўша нарса эшитувчига тушунарли бўлиши учун ҳаракат қилишимиз, лозим бўлса, икки-уч марта такрорлашимиз керак. Салом берганимизда ҳам биринчи мартада эшитилмай қолса, иккинчи ва учинчи марта такрор салом беришимиз лозим.

708 - عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا تَكَلَّمَ بِكَلِمَةٍ أَعَادَهَا ثَلَاثاً حَتَّى تُفْهَمَ عَنْهُ، وَإِذَا أَتَى عَلَى قَوْمٍ فَسَلَّمَ عَلَيْهِمْ سَلَّمَ علَيْهِمْ ثَلَاثاً. رَوَاهُ البُخَارِيُّ [95].


Улашиш
|
|
Нусха олиш