712-ҳадис
712. Абу Яқзон Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Кишининг намози узун, хутбаси қисқа бўлиши унинг фақиҳлигидан нишонадир. Намозни узун қилинглар, хутбани эса қисқа қилинглар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагичадир:

«Аммор бизга қисқа, лекин балоғатли хутба қилди. У пастга тушгач, «Эй Абу Яқзон! Роса балоғатли, лекин қисқа гапирдинг, яна озгина гапирсанг бўларди», дедик. У деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Кишининг намози узун, хутбаси қисқа бўлиши унинг фақиҳлигидан нишонадир. Намозни узун қилинглар, хутбани эса қисқа қилинглар. Баённинг ҳам сеҳрлиси бор».

Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳунинг илмлари ниҳоятда ўткир бўлган. У кишининг баъзи ижти­ҳодлари билан танишиб чиққач, бунга ўзимиз ҳам шоҳид бўламиз.

Намоз ва хутбанинг «иқтисодли» бўлиши жуда ҳам узун ёки жуда ҳам қисқа бўлиб кетмаслигидир. Мўъжаз ва ўртача бўлишидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ва хутбалари ана шундоқ бўлган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишлари у зотнинг саҳобаи киромларига яхши ўрнак бўлган. Саҳобаи киромлар ҳам ҳабиблари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшатиб намоз ўқиб, хутба қилишга ҳаракат қилганлар. Абу Воил розияллоҳу анҳунинг ривоят қилишларича, ўша Муҳаммад алайҳиссалом мадрасаларини битириб чиқувчилардан бирлари, улуғ саҳобий Аммор ибн Ясир бир хутба қилибдилар. У кишининг балоғатли хутбаларидан баҳраманд бўлган Абу Воил ва унинг шериклари ҳазрати Аммор розияллоҳу анҳуга кунялари билан, «Эй Абу Яқизон!» деб мурожаат қилиб «Балоғатли хутбанг­ни қисқа қилиб қўйдинг, узунроқ қилсанг, кўпроқ баҳраманд бўлар эдик», дедилар. Шунда Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳу бу ишни ўзларича қилмаганликларини, балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиб қисқа қилганларини айтибдилар.

 

712 - عَنْ أَبِي الْيَقْظَانِ عَمَّارِ بْنِ يَاسِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إنَّ طُولَ صَلَاةِ الرَّجُلِ، وَقِصَرَ خُطْبَتِهِ مَئِنَّةٌ مِنْ فِقْهِهِ، فَأَطِيلُوا الصَّلَاةَ، وَأَقْصِرُوا الخُطْبَةَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [869].

«مِئنَّةٌ» بِمِيمٍ مَفْتُوحَةٍ، ثُمَّ هَمْزَةٍ مَكْسُورَةٍ، ثُمَّ نُونٍ مُشَدَّدَةٍ؛ أَيْ: عَلَامَةٌ دَالَّةٌ عَلَى فِقْهِهِ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш