«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқиётган эдим. Қавмдан бир киши акса уриб қолди. Мен: «Йарҳамукаллооҳ (Аллоҳ сенга раҳм қилсин)», дедим. Одамлар менга ўқрайиб қарашди. Шунда мен: «Вой онам бўзлаб қолсин! Сизларга нима бўлди, менга тикиласизлар?» десам, қўллари билан сонларига ура кетишди. Мени жим қилмоқчи бўлишганини кўрдим, (аччиғим келди,) лекин сукут қилдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлгач, – ота-онам у зотга фидо бўлсин, ул зотдан олдин ҳам, кейин ҳам у зотдан яхшироқ таълим берадиган муаллимни кўрмадим. – Аллоҳга қасамки, менга ўдағайламадилар ҳам, урмадилар ҳам, сўкмадилар ҳам. У зот: «Бу намозда одамларнинг гапларидан ҳеч бири дуруст бўлмайди. У фақат тасбеҳ, такбир ва Қуръон қироати, холос», дедилар [ёки шунга ўхшаш сўз айтдилар]. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мен жоҳилиятдан янги чиққан одамман. Аллоҳ Исломни келтирди. Орамизда коҳинларга борадиган кишилар бор», дедим. У зот: «Уларга бормагин», дедилар. Мен: «Орамизда шумланадиган кишилар ҳам бор», дедим. У зот: «У (одамларнинг) кўнгилларига келадиган нарсадир. У уларни зинҳор тўсиб қўймасин», дедилар.
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Ҳадиснинг давомида қуйидаги қўшимчалар бор:
«Мен: «Орамизда чизиқ чизадиган кишилар ҳам бор», дедим. У зот: «Анбиёлардан бири чизиқ чизар эди. Ким унинг чизиғига мувофиқ тушса, ўша бўлади», дедилар.
Мен шундай дедим: «Бир жориям бор эди. У Уҳуд ва Жаввонийя* тарафларда қўйларимни боқар эди. Бир куни қарасам, сурувидан бир қўйни бўри олиб қочибди. Мен ҳам одамман, ҳамма каби мен ҳам (молимга) ачинаман. Шунинг учун уни бир шапалоқ урдим. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга борсам, у зот буни жуда катта (гуноҳ) санадилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Уни озод қилайинми?» дедим. У зот: «Уни олдимга олиб кел», дедилар. Мен уни у зотга олиб келдим. У зот унга: «Аллоҳ қаерда?» дедилар. У: «Осмонда», деди. «Мен кимман?» дегандилар, «Сиз Аллоҳнинг Расулисиз» деди. У зот: «Уни озод қил, у мўмина экан», дедилар». (Ҳадис матни тугади)
* Жаввонийя – Мадинанинг шимол тарафида, Уҳуд яқинида жойлашган мавзе.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «У (одамларнинг) кўнгилларига келадиган нарсадир. У уларни зинҳор тўсиб қўймасин» деганда шумланиш инсониннг кўнглига келадиган хаёл бўлиб, бу табиий ҳолат эканини айтиш билан бирга, бу нарса кишини бирор ишдан, яхшиликдан тўсиб қўймаслиги кераклигини таъкидламоқдалар.
Ҳадисдан маълум бўладики, анбиёлардан бирига чизиқ чизиб, баъзи ғайбий маълумотларни билиш мўъжизаси ато этилган. «Ким унинг чизиғига мувофиқ тушса, ўша бўлади» деган жумлани ўша пайғамбарга берилган илмга эга бўлган кишигина шундай қилиши мумкин, деб тушуниш лозим. Бунинг эса иложи йўқ. Шунинг учун Исломда фол очиб, ғайбни билишга оид ҳар қандай амал ҳаром қилинган.
Одатда ширк аҳли ердаги нарсаларни илоҳ санаб, ўшаларга илтижо қилади. Тавҳид аҳли эса дуо‑илтижода осмонга юзланадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чўри қизнинг ширк аҳлиданми ёки ёлғиз Аллоҳга иймон келтирганларданми, шуни аниқлаш учун унга савиясига яраша «Аллоҳ қаерда?» деб савол берганлар. Унинг «Аллоҳ осмонда» деган жавобидан тавҳид аҳлидан эканини, мушрик эмаслигини аниқлаб олганлар. Аммо бунда Аллоҳга макон исбот қилиш кўзда тутилмаган. Аҳли суннанинг эътиқодига кўра, бу каби ақидавий масалаларда оят ва ҳадисдаги маъноларга иймон келтирилади, мазмуни эса Аллоҳга ҳавола қилинади. Бу мавзу аслида ўта чуқур ва илмий бўлиб, у ҳақдаги батафсил маълумотларни ақида илмига доир асарлардан ўрганилади.
713 - عَنْ مُعَاوِيَةَ بْنِ الْحَكَمِ السُّلَمِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: «بَيْنَمَا أَنَا أُصَلِّى مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ؛ إِذْ عَطَسَ رَجُلٌ مِنَ القَوْمِ، فَقُلْتُ: يَرْحَمُكَ اللهُ، فَرَمَانِي القَومُ بِأَبْصَارِهِمْ، فَقُلْتُ: وَاثُكْلَ أُمِّيَاهُ! مَا شَأْنُكُمْ تَنْظُرُونَ إِليَّ؟ فَجَعَلُوا يَضْرِبُونَ بِأَيْدِيهِمْ عَلَى أَفْخَاذِهِمْ! فَلَمَّا رَأَيْتُهُمْ يُصَمِّتُونَنِي لَكِنِّي سَكَتُّ، فَلَمَّا صَلَّى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَبِأَبِي هُوَ وَأُمِّي؛ مَا رَأَيْتُ مُعَلِّماً قَبْلَهُ وَلَا بَعْدَهُ أَحْسَنَ تَعْلِيماً مِنْهُ، فَوَاللهِ؛ مَا كَهَرَنِي وَلَا ضَرَبَنِي وَلَا شَتَمَنِي، قَالَ: «إِنَّ هَذِهِ الصَّلَاةَ لَا يَصْلُحُ فِيْهَا شَيْءٌ مِنْ كَلَامِ النَّاسِ، إِنَّمَا هِيَ التَّسْبِيحُ وَالتَّكْبِيرُ، وَقِرَاءَةُ الْقُرْآنِ» أَوْ كَمَا قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ إِنِّي حَدِيثُ عَهْدٍ بِجَاهِلِيَّةٍ، وَقَدْ جَاءَ اللهُ بِالإِسْلَامِ، وَإِنَّ مِنَّا رِجَالًا يَأْتُونَ الْكُهَّانَ؟ قَالَ: «فَلَا تَأْتِهِمْ»، قُلْتُ: وَمِنَّا رِجَالٌ يَتَطيَّرُونَ؟ قَالَ: «ذَاكَ شَيْءٌ يَجِدُونَهُ فِي صُدُورِهِمْ، فَلاَ يَصُدُّهُمْ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [537].
«الثُّكْلُ» بِضَمِّ الثَّاءِ الْمُثَلَّثَةِ: الْمُصِيبَةُ وَالفَجِيعَةُ، «مَا كَهَرَنِي» أَيْ مَا نَهَرَنِي.