715. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ютқинчоқлари кўринадиган даражада қаттиқ кулганларини зинҳор кўрмаганман. У зот табассум қилардилар, холос».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Кулгини озайтиришнинг маҳбублиги. Чунки кўп кулги Аллоҳдан ғафлатда қолишга олиб боради. Ҳамда дўстлари орасида обрў ва ҳайбатни кетказади.
Аммо биродарингиз юзига табассум билан боқишингиз унинг қалбига етиб боришнинг ва унда сизга нисбатан бўлиши мумкин гина-адоватни кетказишнинг энг яқин йўлидир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмон кишини мусулмон биродарига очиқ юзли ва табассумли бўлишга йўллаганлар ва унинг табассумини садақа деб атаганлар. У зот ўзлари асҳобларига табассум билан боқардилар.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биродаринг юзига қараб қилган табассуминг садақадир», деганлар (Имом Термизий ривояти).
Ислом қовоқ солиб юришдан ҳам, доимо ҳазил-мутойиба билан қаҳқаҳа уриб юришдан ҳам қайтаради. Балки жиддийлик, виқорлик ҳамда хушчақчақлик ва ишонч билан юришга буюради. Юзни тириштириб, қовоқ солиб юриш кишининг нимадандир норозилигига ишора қилади.
Динимизда табассум одатий амал эмас, балки ибодат ҳисобланади. Табассум инсон жисми ва ақлига фойда беради, қон босимини ошишидан ва юрак хасталикларидан ҳимоя қилади. Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам.
“Эй иймон келтирганлар! Руку ва сажда қилингиз ҳамда Роббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз. Шоядки, нажот топсангиз!” (“Ҳаж” сураси, 77-оят).
Мусулмон киши ушбу оят мазмунидан келиб чиқиб, ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки у яхшилик йўлида қўйилган ҳар бир қадам учун Аллоҳ таоло томонидан улкан ажрлар берилишига ишонади. Шундай яхшиликлардан энг фойдалиси ва атрофдаги инсонларга тез таъсир кўрсатадиган амал – бу табассумдир.
Жилмайиш, оҳиста кулиш табассум бўлиб, мана шу мўминнинг сифатидандир.
Айни пайтда табассумнинг 19 тури аниқланган. Улар икки гуруҳга: “ижтимоий” ва “асл” табассумга бўлинади. Асл табассум чин юракдан табассум қилишга айтилади.
Ижтимоий табассумни бошқачароқ, “хушмуомалалик учун табассум қилиш” деб атасак ҳам бўлади.
Табассум юздаги 5 мускулни ҳаракатга келтиради. Умуман, киши табассум қилганда юздаги 17 мускул ҳаракатга келади.
Табассум инсон юзи учун ажойиб бадан тарбия ҳисобланади. У инсон жисми ва ақлига фойда беради, қон босимининг ошиши ва юрак хасталикларининг олдини олади ҳамда инсонда ўзига бўлган ишончни шакллантиради.
Табассум юз мускулларининг ҳолати билан ҳамоҳанг тарзда ишлайдиган мия фаолиятининг ижобий ҳолатини кучайтириши билан бирга, атрофдагиларнинг руҳиятига ҳам ўз таъсирини ўтказади. Масалан, сизга қараб самимий жилмайиб турган одамга нисбатан сиз ҳам табассум билан мулоқотга киришиб кетганингизни ўзингиз ҳам билмай қоласиз. Ёки чин юракдан берилиб кулаётган кишини кўрган одам, гарчи гап нима ҳақида кетаётганини билмаса-да, унга қўшилиб кулиб қўяди. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам атрофдагиларга доимо табассум билан қарар эдилар. У зот саллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилганларида муборак нурли тишлари кўринар эди.
Ғамларнинг кўплиги қовоқ солиш учун мантиқий сабаб эмас. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар орасида ғами энг кўп киши бўлишларига қарамай, инсонларнинг сертабассуми эдилар.
Шундай экан, ҳар тонг уйқудан уйғонганингизда, ҳар бир қийинчилик тўсиқларидан ўтаётган пайтингизда доим самимий табассум қилинг. Сизнинг табассумингиз учун доимо етарли сабаб ва асос топилади.
715 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: مَا رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ مُسْتَجْمِعاً قَطُّ ضَاحِكاً حَتَّى تُرَى مِنْهُ لَهَوَاتُهُ، إِنَّمَا كَانَ يَتَبَسَّمُ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6092، م 899/16].
«اللَّهَوَاتُ» جَمْعُ لَهَاةٍ، وَهِيَ: اللَّحْمَةُ الَّتِي فِي أَقْصَى سَقْفِ الْفَمِ.