719-ҳадис
719. Абу Шурайҳ Хувайлид ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини мукофоти ила икром қилсин!» дедилар. «Унинг мукофоти нима, эй Аллоҳнинг Расули?» деди (биров). У зот: «Бир кеча-кундуз. Меҳмондорчилик уч кундир, ундан уёғи унга садақадир!» дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Бир ривоятда: «Мусулмон кишига биродариникида то уни гуноҳкор қилгунча туриб қолиш ҳалол бўлмайди», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, қандай қилиб уни гуноҳкор қилиб қўяди?» дейишди. «Уни меҳмон қиладиган ҳеч нарсаси қолмагунича туравериб», дедилар». (Имом Муслим ривояти).

 

Шарҳ: Кимнинг Аллоҳ таолога иймон келтирганлик ҳақида, охират кунига иймон келтирганлик ҳақида даъвоси бўлса, уни ўз меҳмонини икром қилиш ила тасдиқласин.

«Меҳмоннинг мукофоти бир кечаю бир кундуз».

Яъни, меҳмонни алоҳида икром ила ортиқча иззатлаш, одатдагидан ташқари таомлар ила зиёфат қилиш бир кечаю бир кундуз давомидадир. Ўша нарса меҳмоннинг ҳақи ҳисобланади.

«Зиёфат уч кун».

Ўша уч куннинг ичида юқорида зикри келган бир кунлик мукофот куни ҳам бор. Ундоқ бўлганда зиёфат деб номланган, мукофотдан бир даража паст бўладиган кунларга икки кун қолади. У икки кунда мезбон меҳмонга ўзи одатда тановул қиладиган таомидан бериши меҳмоннинг ҳақи ҳисобланади. Мезбон ортиқча таом берса, ўзининг ҳимматига боғлиқ. Лекин меҳмонга ўзи одатдаги тановул қиладиган таомидан оз беришга ҳақи йўқ.

«Ундан кейин садақадир».

Яъни, уч кунлик зиёфатдан кейин мезбон томонидан меҳмонга бериладиган нарса садақадир. Садақа бериш садақа берувчининг ихтиёрида бўлганидек, уч кундан кейин мезбон хоҳлаганича беради. Бермаса ҳам биров уни маломат қила олмайди.

Бу қоида тариқасида айтилган гап. Аммо, воқеликда мусулмонлар меҳмонларини олий даражада, кун санамай, таом миқдорини ўлчамай ўта сахийлик билан зиёфат қиладилар.

«Унга токи уни тангликка солгунча турмоғи ҳалол бўлмас».

Яъни, меҳмонга токи мезбонни тангликка солгунча унинг уйида меҳмон бўлиб турмоғи ҳалол бўлмайди. Меҳмон ҳам ўз иззати чегарасини билмоғи керак. У меҳмонликда узоқ қолиб кетиб, мезбонга танглик туғдириб қўймаслиги керак.

Бизлар хоҳ меҳмон бўлайлик, хоҳ мезбон бўлайлик, динимиз кўрсатмаларига тўлиқ амал қилиб, бу борада исломий одоб доирасида бўлмоғимиз даркор.

Меҳмоннинг иззат-икромини жойига қўйишда мусулмонларга тенг кела оладиган кишилар йўқлигига дўст ҳам, душман ҳам тан беради. Мусулмонларнинг  бу  фазилатлари  тилларда  достон  бўлиб кетган. Ислом адабиётига бир кўз ташласак, бу ҳақиқатни яна ҳам равшанроқ англаб етамиз. Бу нарсаларнинг ҳаммасига динимиз таълимотлари ва кўплаб ҳадислар сабаб бўлган.

«Меҳмон–атои Худо», «меҳмон отангдан азиз» каби ҳикматли сўзлар ҳам ана ўша таълимотлар таъсирида айтилган.

Биз мусулмонларнинг кейинги авлодлари ҳам бу улкан фазилатни ўзимизга сингдириб, унга оғишмай амал қилиб бормоғимиз лозим.

 

719 - وَعَنْ أَبِي شُرَيْحٍ خُوَيلدِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ جَائِزَتَهُ» قَالُوا: وَمَا جَائِزَتُهُ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: «يَومُهُ وَلَيْلَتُهُ، وَالضِّيَافَةُ ثَلَاثَةُ أَيَّامٍ، فَمَا كَانَ وَرَاءَ ذَلِكَ فَهُوَ صَدَقَةٌ عَلَيهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6019، م 48 في اللقطة، باب الضيافة ونحوها].

وَفِي رِوَايَةٍ: «لَا يَحِلُّ لِمُسْلِمٍ أَنْ يُقِيمَ عِنْدَ أَخِيْهِ حَتَّى يُؤْثِمَهُ» قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ؛ وكَيْفَ يُؤْثِمُهُ؟ قَالَ: «يُقِيمُ عِنْدَهُ وَلَا شَيْءَ لَهُ يَقْرِيهِ بِهِ» [م 48/15 في اللقطة، باب الضيافة ونحوها].


Улашиш
|
|
Нусха олиш