«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадижа розияллоҳу анҳога ғовак дурдан бўлган, ичида ғавғо ҳам, чарчоқ ҳам йўқ бир уйнинг башоратини бердилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Аёллар саййидаси. Отасининг исми Хувайлид, онасининг исми Фотима бўлган. Жоҳилият даврида Хадижа онамизни Тоҳира деб чақиришар эди. Умму Қосим деб куняланаган. Асли Қурайш қавмидан. Оқила, олийҳиммат, саховатли, меҳрибон жаннатий аёл бўлган.
Расулуллоҳга ўзи харидор бўлган. Уйланишларини таклиф қилган. Расулимиз алайҳиссалом рози бўлганлар ва уйланганлар. Маҳрига 20 туя берганлар. Хадижа онамиз Расулуллоҳдан 15 ёшга катта эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фарзандлари шу онамиздан туғилган. Ер юзида Расулуллоҳни биринчи бўлиб тасдиқлаган ва ҳаммадан олдин иймон келтирган энг бахтли аёл. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий келганда, амакиваччаси Варақа ибн Навфалнинг олдига олиб борган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадижа онамизни кўп тилга олардилар ва бошқа оналаримиздан афзал билардилар. Ҳаттоки Оиша онамиз шундай дегандилар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадижани кўп эслагани туфайли, У зотни бирорта хотиндан Хадичадан рашк қилиб қизғонганимдек қизғонмаганман. (Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадижа онамиз ҳаётлик чоғида бошқа аёлга уйланмаганлар. Кейинги оналаримиз билан У зоти шарифанинг вафотидан кейин турмуш қилганлар.
Сердавлат, ишбилармон аёл эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга молиявий жиҳатдан кўп ёрдам қиларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадижа онамизнинг савдо ишларини юритар эди. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссалом орқали Хадижа онамиз учун жаннатдан бир қаср барпо қилганлик башоратини етказган. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча марта: “Эй Хадижа, сенга Жаброил салом айтди” баъзида эса “Сенга Аллоҳ салом йўллади” деганлар. (Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат аёлларининг саййидаси марям, Фотима, Хадижа ва Фиръавннинг хотини Осиёдир” деб марҳамат қилганлар. (Ибн Абдулбарр ривояти).
Оиша онамиздан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадижа онамизни кўп хотирлар эдилар. Ҳар доим ёдга олганда Хадижа онамизни мақтар, ҳаққига истиғфор айтиб дуо қилардилар. Бир куни Оиша онамиз рашки келиб: “Аллоҳ сизга ўша кампир ўрнига ёш аёлларни бердику?!” деб юборади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазаблари келади. Қилмишидан афсусланган Оиша онамиз “Эй Раббим, Хадижани қайтиб ёмонлик ила эсламайман” деб онт ичадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй Оиша, одамлар мени ёлғончига чиқарганда у менга ишонган, одамлар мендан юз ўгирганда у менга жой берган, у менга бола туғиб берган сизлар эмас—деб Хадижа онамизнинг фазлини эслатиб қўядилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи аёллари Хадийжа онамиз розияллоҳу анҳога уйланганларида йигирма беш ёшда, Хадийжа онамиз эса, қирқ ёшда эдилар. Кўриниб турибдики, бу никоҳдан кўзланган бош мақсад шаҳвоний мақсад эмас.
Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати ила Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарликни қабул қилиб олишга шу тариқа тайёрлаган. Дарҳақиқат, Жаброил алайҳиссалом биринчи бор ваҳий олиб келганида, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга энг биринчи иймон келтирган инсон Хадийжа онамиз бўлдилар.
Кейинчалик ҳам энг оғир пайтларда Хадийжа онамиз Пайғамбаримизга энг ишончли ёрдамчилардан бўлдилар. Ўзларининг мол-мулкларини, жамиятдаги обрўларини, бор имкониятларини Ислом йўлида сарфладилар. Ўша пайтда Хадийжа онамиз ўринларида тажрибасиз ёш келин бўлганида, бундай оқилона ишларни қила олармиди, йўқмиди, Аллоҳ билади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг гуллаган ёшлик чоғларини Хадийжа онамиз билан ўтказдилар. У киши билан йигирма беш йил умр кечирдилар. Хадийжа онамиз вафот этган йилни «маҳзунлик йили» деб эълон қилдилар.
Ҳижратдан 3 йил, Абу Толибнинг вафотидан эса 45 кун олдин, 65 ёшида Рамазон ойида, Исломда ҳали намоз фарз бўлмай туриб вафот этган. Ҳажун номли ерга дафн этилган.
720 - عَنْ أَبِي إِبْرَاهِيمَ – وَيُقَالُ: أَبُو مُحَمَّدٍ، وَيُقَالُ: أَبُو مُعَاوِيةَ - عَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِي أَوْفَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بَشَّرَ خَدِيجَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا بِبَيْتٍ فِي الْجَنَّةِ مِنْ قَصَبٍ، لَا صَخَبَ فِيهِ وَلَا نَصَبَ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 3819، م 2433].
«الْقَصَبُ» هُنَا: اللُّؤْلُؤُ الْمُجَوَّفُ، وَ«الصَّخَبُ» الصِّيَاحُ وَاللَّغَطُ. وَ«النَّصَبُ»: التعبُ.