723-ҳадис

723. Ибн Шумоса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ўлим тўшагида ётган Амр ибн Оснинг олдига кирдик. У узоқ йиғлади, сўнг юзини деворга буриб олди. Шунда ўғли: «Отажон, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизга фалон-фалон нарсалар ҳақида башорат бермаганмидилар? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизга фалон-фалон нарсалар ҳақида башорат бермаганмидилар?» дея бошлади. У унга юзланиб, шундай деди: «(Охиратга) ғамлайдиган энг яхши амалимиз – «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб гувоҳлик беришдир.

Ҳаётимда учта босқич бўлди. Эсимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мендан кўра қаттиқроқ ёмон кўрадиган одам йўқ эди, имкон топсаму у зотни ўлдирсам, дердим. Ўша ҳолатда ўлсам, аниқ дўзах аҳлидан бўлардим.

Аллоҳ қалбимга Исломни солгач, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. «Қўлингизни узатинг, сизга байъат берай», дедим. У зот қўлларини узатган эдилар, мен қўлимни тортиб олдим. «Сенга нима бўлди, эй Амр?» дедилар. «Шарт қўймоқчиман», дедим. «Нимани шарт қўясан?» дедилар. «Мағфират қилинишимни», дедим. У зот: «Билмасмидинг, Ислом ўзидан олдин бўлиб ўтган ишларни йўқ қилиб юборади, ҳижрат ҳам ўзидан олдин бўлиб ўтган ишларни йўқ қилиб юборади, ҳаж ҳам ўзидан олдин бўлиб ўтган ишларни йўқ қилиб юборади», дедилар. Шундан сўнг мен учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан суюклироқ, у зотдан улуғроқ инсон қолмади. Ҳурматим баландлигидан у зотга тикилиб қарашга ботина олмас эдим. Агар мендан у зотни сифатлаб беришни сўрашса, сифатлаб бера олмасдим, чунки у зотга тик қарамаган эдим. Агар ўша ҳолатда ўлсам, жаннат аҳлидан бўламан деб умид қилсам бўларди.

Сўнгра шундай ишларнинг бошида бўлдикки, улар хусусида ҳолим не кечишини билмайман. Мен ўлсам, орқамдан ҳеч ким йиғламасин ҳам, олов ҳам ёқмасин. Мени дафн қилгач, устимга яхшилаб тупроқ тортинглар. Сўнгра бир туяни сўйиб, гўштини тақсимлагунча муддат қабрим атрофида туринглар, токи сизлар билан таскинланиб турай, Роббимнинг элчиларига нима деб жавоб беришимни ўйлаб олай».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларнинг муҳаббатига муҳтож эмаслар, балки мўминлар у зотга муҳаббат қилишга муҳтожлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатлари доимо мўминларга яхшилик, бахт-саодат келтирган. Машҳур саҳобийлардан Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу:

«Мен учун ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламчалик маҳбуб эмас эди. Ҳеч ким кўз ўнгимда у зотдек улуғвор эмас эди. У зотни ўта улуғлаганимдан, у зотга кўзим тўйиб қарай олмас эдим», дейдилар.

Саҳобаи киромларнинг Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари дунё тарихида учрамаган муҳаббатдир. У зотнинг амрларига бўйсуниш, қайтарганларидан қайтиш ва бошқа нарсалар у ёқда турсин, туфурган туфуклари ерга тушмас эди. Саҳобалар қўлларини тутиб, илиб олиб, юзларига суртар эдилар. Шунинг учун, бу улуғ инсонлар қисқа муддатда дунёнинг кўп жойларига Ислом динини тарқатишга муваффақ бўлдилар. Буюк Ислом маданиятининг пайдо бўлишига эришдилар. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларини устун тутганларида у кишининг шариатларига тўлиқ амал қилдилар ва дунёда ҳаммадан устун бўлдилар. Улар қачонки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатидан молу дунёнинг, бола-чақанинг, турли маъшуқаларнинг муҳаббатини устун қўйганларида у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларини қўйиб, бош­қа, ердан чиққан «шариат»ларга амал қилганларида ҳаммадан орқада қолдилар.

Амр ибн Осс ибн Воил Қурайший. Оналари Набиға бинти Хармаладир. Қурайш мушриклари Амр ибн Оссни Ҳабашистонга ҳижрат қилган мусулмонларни қайтариб олиб келиш учун Нажоший ҳузурига вакил қилиб юборган эдилар. Нажоший мушрикларнинг талабини рад қилиш билан бирга, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбар эканликларини таъкидлаб, Амр ибн Оссни ҳам мусулмон бўлишга чақирган эди. Бу ҳолат Амрга жуда қаттиқ таъсир қилган эди.

Хайбар фатҳ этилган йилда Амр ибн Осс, Холид ибн Валид ва Усмон ибн Толҳа Мадинага бориб, Исломни қабул қилганлар. Буларнинг Исломни қабул қилганларидан хурсанд бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Макка сизларга ўз жигарпорасини юборибди», деб марҳамат қилганлар. Чунки Амр ибн Осс Исломга келмасдан олдин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уч ашаддий душманларидан бири эдилар.

Кейинчалик Аллоҳ таоло у кишига тавба ва раҳматни ихтиёр қилиб, Исломга ҳидоят қилди. Амр ибн Осс Ислом ҳимоячиси ва фидокорларидан бирига айланди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Осс ҳақида: «Маккаликлар кучимиз қаршисида таслим бўлдилар, Амр эса, қалб амри ила келиб, мусулмон бўлди», деган эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амрни Урдунга волий қилиб тайинлаган эдилар. Амр у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларига қадар у ерда қолдилар.

Сўнгра ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Амр ибн Оссни Шомга юбордилар.

Ҳазрати Умар эса, аввал Фаластинга, кейинроқ эса, Мисрга аскарбоши қилиб жўнатдилар. Мисрни фатҳ этгандан сўнгра, Амр у ерда волий бўлиб қолдилар. Амр ибн Осснинг машҳур ишлардан бири ҳам Миср фатҳи эди.

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу 43-ҳижрий санада, Рамазон ийди куни вафот қилдилар. Ҳайит намозига келган жамоат жанозаларида иштирок этдилар.

 

723 - وَعَنِ ابْنِ شُمَاسَةَ قَالَ: حَضَرْنَا عَمْرَو بْنَ العَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ وَهُوَ فِي سِيَاقَةِ الْمَوْتِ، يَبْكِي طَوِيلًا، وَحَوَّلَ وَجْهَهُ إِلَى الْجِدَارِ، فَجَعَلَ ابْنُهُ يَقُولُ: يَا أَبَتَاهُ؛ أَمَا بَشَّرَكَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بكَذَا؟! أَمَا بَشَّرَكَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بِكَذَا؟! فَأَقْبَلَ بِوَجْهِهِ فَقَالَ: إِنَّ أَفْضَلَ مَا نُعِدُّ: شَهَادَةُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَأَنَّ مُحَمَّداً رَسُولُ اللهِ، إِنِّي قَدْ كُنْتُ عَلَى أَطْبَاقٍ ثَلَاثٍ: لَقَدْ رَأَيْتُني وَمَا أَحَدٌ أَشَدَّ بُغْضاً لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ مِنِّي، وَلَا أَحَبَّ إِليَّ أَنْ أَكُونَ قَدِ اسْتَمْكَنْتُ مِنْهُ فَقَتَلْتُهُ، فَلَوْ مُتُّ عَلَى تِلْكَ الْحَالِ لَكُنْتُ مِنْ أَهْلِ النَّارِ، فَلَمَّا جَعَلَ اللَّهُ الإِسْلامَ في قَلْبي أَتَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقُلْتُ: ابْسُطْ يَمِينَكَ فَلأُبَايعْكَ، فَبَسَطَ يَمِينَهُ فَقَبَضْتُ يَدِي، فَقَالَ: «مَالَكَ يَا عَمْرُو؟» قُلْتُ: أَرَدْتُ أَنْ أَشْتَرِطَ قَالَ: «تَشْتَرِطُ بِمَاذَا؟» قُلْتُ: أَنْ يُغْفَرَ لِي، قَالَ: «أَمَا عَلِمْتَ أَنَّ الإِسْلَام يَهْدِمُ مَا كَانَ قَبْلَهُ، وَأَنَّ الْهِجْرَةَ تَهْدِمُ مَا كَانَ قَبْلَهَا، وَأَنَّ الحَجَّ يَهْدِمُ مَا كَانَ قَبْلَهُ؟» وَمَا كَانَ أَحَدٌ أَحَبَّ إِليَّ مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، وَلَا أَجَلَّ فِي عَيْنِي مِنْهُ، وَمَا كُنْتُ أُطِيقُ أَنْ أَمْلأَ عَيْنَيَّ مِنْهُ إِجْلَالًا لَهُ؛ وَلَوْ سُئِلْتُ أَنْ أَصِفَهُ مَا أَطَقْتُ؛ لأَنِّي لَمْ أَكُنْ أَمْلأَ عَيْنَيَّ مِنْهُ، وَلَوْ مُتُّ عَلَى تِلْكَ الحَالِ لَرَجَوتُ أَنْ أَكُونَ مِنْ أَهْلِ الجَنَّةِ، ثُمَّ وُلِّينَا أَشْيَاءَ مَا أَدْرِي مَا حَالِي فِيهَا؟ فَإِذَا أَنَا مُتُّ فَلَا تَصْحَبَنِّي نَائِحَةٌ وَلَا نَارٌ، فَإِذَا دَفَنْتُمُونِي، فَشُنُّوا عَلَيَّ التُّرَابَ شَنّاً، ثُمَّ أَقِيمُوا حَولَ قَبْرِي قَدْرَ مَا تُنْحَرُ جَزُورٌ، وَيُقْسَمُ لَحْمُهَا؛ حَتَّى أَسْتَأْنِسَ بِكُمْ، وَأَنْظُرَ مَاذَا أُرَاجِعُ بِهِ رُسُلَ رَبِّي. رَوَاهُ مُسْلِمٌ [121].

قَولُهُ: «شُنُّوا» رُوِيَ بِالشِّينِ الْمُعْجَمَةِ وَبِالْمُهْمَلَةِ؛ أَيْ: صَبُّوهُ قَلِيلًا قَليلًا.


Улашиш
|
|
Нусха олиш