738-ҳадис

738. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кийим кийганда ва таҳорат олганда ўнг томонингиздан бошланглар», дедилар».

Саҳиҳ ҳадис бўлиб, Абу Довуд ва Термизий саҳиҳ иснод билан ривоят қилишган.

Шарҳ: Ҳадисда яхшилик, покликка доир ишларни ўнг тарафдан бошлаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда яхши кўрган, доимо қилиб юрган иш эканлигини айтиш билан сиз билан биз умматлар ҳам шу ишга эргашишимиз кераклиги тарғиб қилинмоқда.

Ғуслда ҳам ҳамма аъзоларни ювишни ўнгдан бошлаш керак.

Таҳоратда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сочларини тарасалар ҳам бошларини ўнг томонини тарашдан бошлар эдилар. Оёқ кийими кийсалар, ўнг пойини кийишдан бошлар эдилар.

Ушбу ҳадиснинг Имом Бухорий қилган ривоятида:

«Барча ишларида ўнгдан бошлашни яхши кўрар эдилар», дейилган.

Чиндан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барча яхшилик, эҳтиром, хайр маъносидаги бир нарсани олиш ёки бериш, ичиш, ейиш, кийиш, ювиш каби ишларни ўнг қўл билан қилар ва ўнгдан бошлар эдилар.

Умуман, Исломда яхшилик маъноси ўнг томонга боғлаб қўйилган. Аҳли жаннатлар ўнг томон соҳиблари, дейилади. Бу дунёда яхши ўтган кишиларнинг номаи аъмоллари қиёмат куни ўнг томондан берилади. Ҳатто намоздаги сафда имомнинг ўнг томонида туриш афзал ҳисобланади.

Қолаверса, ҳадисда зикр қилинганидек, ҳар бир шарафли, яхшилик, поклик ва зийнат ишларини ўнг қўл билан қилиб, ўнгдан бошлашга тар­ғиб этилади.

Аксинча, чап тараф нохуш, нопок ишларга хос қилинган.

Аҳли дўзахилар чап томон соҳиблари, дейилади.

Бу дунёда ёмон ўтган кишиларнинг номаи аъмоллари у дунёда чап қўлларидан берилади.

Нопоклик, тозалаш лозим бўлган, масалан, истинжо, аъзолардаги нопокликни тозалаш, бурунни қоқиш каби ишлар чап қўл билан қилинади.

Бу кўрсатмаларга риоя қилиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига риоя қилишдир, Ислом маданиятининг рамзларидандир. Кўпчилигимиз бу нарсаларнинг фарқига бормаймиз. Ҳамма нарсани аралаш-қуралаш қилаверамиз. Бу билан аввало, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига, исломий одобларга хилоф иш қиламиз. Қолаверса, Ислом маданиятидан хабардор кишилар ҳузурида ким эканимизни ошкор қилиб қўямиз.

738 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا لَبِسْتُمْ، وَإِذَا تَوَضَّأْتُمْ فَابْدَؤُوا بِأَيَامِنِكُمْ»، حَدِيثٌ صَحِيحٌ، رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ [د 4141، ت 1766].


Улашиш
|
|
Нусха олиш