74-ҳадис

74. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг энг мукаррами ким?» дейишди. У зот: «Энг тақволиси», дедилар. «Сиздан бу ҳақда сўраётганимиз йўқ», дейишди. У зот: «Ундай бўлса, у Юсуф Набиюллоҳ ибн Набиюллоҳ ибн Набиюллоҳ ибн Халилуллоҳдир», дедилар. «Сиздан бу ҳақда ҳам сўраётганимиз йўқ», дейишди. У зот: «Унда араб маъданлари* ҳақида сўраяпсизларми? Уларнинг жоҳилиятдаги яхшилари Исломда ҳам яхшиларидир, агар фақиҳ* бўлсалар», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: «Набиюллоҳ» – Аллоҳнинг набийси дегани. Юсуф алайҳиссаломнинг ўзлари ҳам, оталари Яъқуб алайҳиссалом ҳам набий бўлишган, у кишининг отаси Исҳоқ алайҳиссалом ҳам набий бўлганлар. Халилуллоҳ – Исҳоқ алайҳиссаломнинг отаси Иброҳим алайҳиссаломнинг лақабидир.

* Маъдан – наслнинг бошланиш нуқтаси.

* Фақиҳ – шариат илмларини яхши биладиган, уларнинг моҳиятини теран ва тўғри тушуна оладиган олим.

Уламолар айтишди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамларнинг энг мукаррами ким? Деб сўралганида, у зот энг мукаммал ва умумий маънода «Аллоҳ учун тақволиси», дедилар. Демак ким тақводор бўлса, унда кўп яхшилик бўлиб, дунёда фойдаси кўп ва охиратда даражаси олий бўлади. Саҳобалар бу ҳақда сўрамадик, деб айтишганида, у зот: «Дунё ва охиратнинг яхшилиги ва шарафини ўзида жамлаган Юсуф алайҳиссалом», дедилар. Саҳобалар бу ҳақда сўрамадик, деб айтишганида, у зот уларнинг мақсадлари араб қабилалари ҳақида эканини билгач: «Уларнинг жоҳилиятдаги яхшилари Исломда ҳам яхшиларидир, агар фақиҳ бўлсалар», деб айтдилар.

Ислом дийнини бир томонлама талқин қилувчиларда тақводорлик тўғрисида нотўғри тушунча шаклланган. Аксарилар тақвони тарки дунё қилиш, қоронғи хонага кириб зикру ибодат билан машғул бўлиш, деб тушунадилар.

Аслида, «тақво» сўзи «сақланмоқ», «эҳтиёт бўлмоқ» маъноларини англатади. У «виқоя» сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани унга озор ва зарар берадиган нарсадан сақлашни англатади. Бинобарин, тақво ўзини қўрқинчли нарсадан сақлашдан иборат. Гоҳида «тақво» хавф маъносида ёки аксинча ҳам ишлатилади.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан: «Тақво нима?» деб сўралганда, «Араблар сертикон майдондан ялангоёқ бўлиб, тикондан сақланиб ўтиб кетишни тақво деб атайдилар», деганлар.

Ҳаётда гуноҳ ишлар ҳам худди тиконларга ўхшайди. Ким улардан эҳтиёт бўлмаса, озор чекади, улардан сақланиб юрган киши эса тақво қилган бўлади. Оқибатда тақво инсон қалбидаги ҳолатга айланади. Бу ҳолат қалбни ҳассос қилиб, ҳар доим Аллоҳ таолонинг сезгиси билан яшайдиган қилиб қўяди.

Тақвонинг истилоҳий маъноси ҳақида уламолар бир-бирини тўлдирувчи бир қанча таърифларни айтганлар:

Роғиб: «Шариат урфида тақво нафсни гуноҳдан муҳофаза қилишдир. Бу манъ қилинган нарсаларни тарк этиш ила бўлади. Баъзи мубоҳларни тарк қилиш ила мукаммал бўлади», деган.

Ферузободий: «Тақво ҳар бир зарарли нарсадан, яъни, маъсиятдан ва ортиқча, кераксиз нарсалардан четда бўлишдир. Шунга биноан у фарз ва нафлга тақсимланади», деган.

Ўтган азизлардан Толқ ибн Ҳабиб:

«Тақво Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, Унинг нури ила Унга тоат қилмоқ ва Аллоҳнинг азобидан қўрқиб, унинг нури ила қайтарган ишларини тарк қилмоқдир», деган.

Толқ ибн Ҳабиб раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Тақво – Аллоҳдан савоб умидида Унга итоат қилиш, Унинг иқобидан қўрқиб, маъсиятларни тарк этиш». 

Абу Дардо розияллоҳу анҳу шундай дедилар: «Чинакам тақво дегани, банда зарра оғирлигидаги гуноҳни ҳам қилишдан сақланиши, баъзи ҳалол нарсаларни ҳам ҳаром бўлиши мумкинлигидан, ўша нарса ўзи билан Аллоҳнинг ўртасида парда бўлиб қолишидан қўрқиб, ўша ишни тарк этишдир. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: «Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар» (Залзала сураси, 7,8-оятлар). Шундай экан бирор бир яхшиликни ҳам паст санамасдан қилавергин, бирор бир ёмонликни ҳам паст санамасдан ундан сақлангин». 

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ: «Тақводорлар деб номланишининг сабаби улар бошқалар сақланмайдиган нарсалардан ҳам сақланганлари учундир», дедилар. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дедилар: «Тақводорлар Аллоҳнинг иқобидан қўрқиб, Унинг қайтарган нарсаларидан қайтадиган, раҳматини умид қилиб, буюрган нарсаларини тасдиқлаб амал қиладиган кишилардир». 

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Тақводорлар Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан сақланадиган, буюрган нарсаларини бажарадиган зотлардир». 

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Кундузларини рўза тутиб, кечаларини намоз ўқиб ўтказиб, бошқа пайт гуноҳни ҳам содир этиш Аллоҳга тақво қилиш эмас. Ҳақиқий тақво Аллоҳ ҳаром қилган нарсани тарк этиш, У зот буюрган нарсани бажаришдир. Ким булардан ташқари яна бирор яхшиликка эришса, бу яхшилик устига яхшилик ҳисобланади». 

Мусо ибн Аъюн раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Тақводорлар ҳаромга тушиб қолишдан қўрқиб баъзи ҳалол нарсалардан ҳам ўзларини эҳтиёт қилганлари учун Аллоҳ таоло уларни тақводорлар деб номлади». 

Маймун ибн Меҳрон раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Тақводор – ўзини кўп ҳисоб-китоб қилувчи кишидир». 

Кўпинча «тақво» калимаси, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтганларидек, ҳаромдан четланиш маъносида ишлатилади. Бир киши Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан тақво ҳақида сўради. Шунда у зот: «Сен тиконли йўлдан юришга мажбур бўлиб қолсанг нима қиласан?» дедилар. Ҳалиги одам: «Агар шундай йўлдан юришим керак бўлиб қолса, эҳтиёт бўлиб, тиконларни босиб юбормасликка ҳаракат қилиб юраман ёки йўлнинг энг четидан аста юриб ўтиб оламан ёхуд у йўлдан умуман юрмай ортимга қайтиб кетаман» деди. Шунда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Мана шу ишинг тақводир», дедилар. 

Тақвонинг асли банда аввал нималардан тақво қилиши кераклигини билиб, сўнг тақво қилишидир. 

Авн ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Тақвонинг мукаммал бўлиши, аввало, нималардан сақланиш кераклигини билиш ва улардан сақланиш билангина амалга ошади». 

Маъруф Кархий раҳимаҳуллоҳ Бакр ибн Хунайс раҳимаҳуллоҳдан қуйидагиларни нақл қиладилар: «Нималардан сақланиш лозимлигини билмайдиган кимса қандай қилиб тақводор бўлиши мумкин?!». Кейин Маъруф Кархий дедилар: «Агар тақво илмини билмасанг рибо ейсан, агар тақво илмини билмасанг аёл киши сенга рўпара келган пайтда кўзингни пастга қаратмайсан, агар тақво илмини билмасанг ўз қиличинг билан ўз бўйнингга урасан». 

Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Тақвонинг асли банда ўзи билан сақланиши керак бўлган нарса ўртасига сақлайдиган бир тўсиқ қўйишидир. Банданинг Роббисига қиладиган ҳақиқий тақвоси ўзи билан Роббининг ғазаби, иқоби ўртасига шу ғазаб ва иқобдан асрайдиган тўсиқ қўйишидир. Тақво Аллоҳ буюрганини қилиш ва маъсиятидан четланишдир».  

Қуръони Каримда «тақво» сўзи «хавф», «қўрқиш», «ибодат», «маъсиятни тарк қилиш», «тавҳид» ва «ихлос» каби маъноларда ишлатилган.

Тақво билан вараъ орасидаги фарқлар қуйидагилардан иборат:

Тақво ҳимояга тайёргарликдир. Вараъ шубҳани дафъ қилишдир. Тақво сабаби аниқ нарсадир. Вараъ сабаби гумон нарсадир. Тақво инсон сақланаётган нарсадан ҳазир бўлишидан иборат бўлиб, у ила инсон ва у ёмон кўрган нарса орасида тўсиқ ҳосил бўлади. Вараъ эса, оқибати нима бўлиши гумон бўлган нарсадан нафс¬нинг жудо бўлишидир. Қуръони Карим тақводорларга бир қанча башоратларни ваъда қилган, улар жумласига қуйидагилар киради:

Ёрдам, нусрат, икром, илм, ҳикмат, гуноҳларнинг ювилиши, ажрларнинг кўпайиши, мағфират, осонлик, ишнинг енгил кўчиши, ғам ва ташвишдан қутулиш, бу дунёда ризқнинг кенг бўлиши, охиратда азоб-уқубатдан нажот топиш, тавфиқ, мурод ҳосил бўлиши ва бошқалар. Қуръони Каримнинг бир юз етмиш беш оятида «тақво» сўзи келган.

Тақвонинг фойдаларидан:

1. Тақво ўз эгасини Аллоҳ таоло билан бирга қилади.

2. Тақво ўз эгаси учун икром башоратидир.

3. Тақво гуноҳларнинг кечирилишига сабабдир.

4. Тақво ажрнинг кўпайишига сабабдир.

5. Тақво мағфират ваъдасидир.

6. Тақво нафсдан хавфнинг кетишидир.

7. Тақво ишда енгиллик ва осонликдир.

8. Тақво ўз эгасига Аллоҳ таолонинг ёрдами ва нусратидир.

9. Тақво балолардан омонликдир.

10. Тақво висол ва қурбат воситасидир.

11. Тақво бошқалардан устунлик иззатидир.

12. Тақво ғам-ғуссадан чиқишдир.

13. Тақво кенг ризқ ваъдасидир.

14. Тақво азоб ва уқубатдан нажотдир.

15. Тақво жаннатга эришиш йўлидир.

16. Тақво содиқлик гувоҳномасидир.

17. Тақво Аллоҳ таолонинг муҳаббатидир.

 

وأَمَّا الأَحَاديثُ

74 - فَالأَوَّلُ: عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، مَنْ أَكْرَمُ النَّاسِ؟ قَالَ: «أَتْقَاهُمْ»، فَقَالُوا: لَيْسَ عَنْ هَذَا نَسْأَلُكَ، قَالَ: «فَيُوسُفُ نَبِيُّ اللهِ ابْنُ نَبِيِّ اللهِ ابْنِ نَبيِّ اللهِ ابْنِ خَلِيلِ اللهِ». قَالُوا: لَيْسَ عَنْ هَذَا نَسْأَلُكَ، قَالَ: فَعَنْ مَعَادِنِ الْعَرَبِ تَسْأَلُونِي؟ خِيَارُهُمْ فِي الْجَاهِلِيَّةِ خِيَارُهُمْ فِي الإِسْلَامِ إذَا فَقُهُوا» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 3353، م 2378].

وَ«فَقُهُوا» بِضَمِّ الْقَافِ عَلَى الْمَشْهُورِ، وَحُكِي كَسْرُهَا؛ أَي: عَلِمُوا أَحْكَامَ الشَّرْعِ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш