742-ҳадис

742. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллалоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Киши уйига кирса, кираётганда ва таомланаётганда Аллоҳни зикр қилса, шайтон (шерикларига): «Сизлар учун тунаш жойи ҳам, егулик ҳам йўқ», дейди. Уйига кираётганда Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон: «Тунаш жойи топдингиз», дейди. Таомланаётганда Аллоҳни зикр қилмаса, «Тунаш жойи ҳам, егулик ҳам топдингиз», дейди».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда таом ейишга киришишдан олдин Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилиш зарурлиги ҳақидаги маъно борлиги учун ушбу бобда келтирилган.

Исломда ҳар бир иш Аллоҳ таолонинг иштироки ва номи ила бўлиши қаттиқ таъкидланади. Шунинг учун ҳам ҳар бир иш, ҳар бир тасарруф учун белгиланган Аллоҳ таолонинг зикри бор. Ана ўша зикрни қилиб юрган кишининг иши баракали бўлади. Ҳар бир ишида Аллоҳ таолонинг зикрини қилиб, иш тутган одам Аллоҳнинг розилигига, савобига, ишида хайр-баракага эришиш билан бирга, шайтонни ҳам доғда қолдиради. Бу ҳақиқатни айни ушбу ривоятдан тушуниб олишимиз мумкин:

«Ўз уйига кираётган киши кириш пайтида ва таоми пайтида Аллоҳни зикр қилса, шайтон (ўз аскарларига) сизларга ётоқ ҳам йўқ, кечки таом ҳам йўқ, дейди».

Ким кўчадан келиб ўз уйига кираётганда Аллоҳнинг номини зикр қилиб кирса, шайтон у уйга кириб ётоқ олишдан маҳрум бўлиб қолар экан.

Шунингдек, ким таом тановул қилишдан олдин Аллоҳнинг номини зикр қилса, шайтон унинг таомига шерик бўла олмай қолар экан. Ва ўз аскарларига:

«Сизларга ётоқ ҳам йўқ, кечки таом ҳам йўқ»,— дер экан.

Чунки, Аллоҳнинг зикри бўлган жойда шайтонга ўрин йўқ.

Акс ҳолда, уйига кириш пайтида Аллоҳ таолони зикр қилмаган одам хайр-барака ва савобдан бебаҳра бўлиш билан бирга ётоғида, шайтонни ўзига шерик ҳам қилиб олар экан.

«У уйига кирса-ю, кириш пайтида Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон ётоққа эга бўлдингиз, дейди».

Шунингдек, бир киши таомига қўл уриш пайтида Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилмаса, хайр-барака ва савобдан бебаҳра бўлиш билан бирга, таомида шайтонни ўзига шерик ҳам қилиб олар экан.

«Агар таоми пайтида Аллоҳни зикр қилмаса, ҳам ётоққа, ҳам кечки таомга эга бўлдингиз, дейди».

Шунинг учун ҳам уйга кириш пайтимизда, ҳам таомга қўл уриш пайтимизда, албатта, Аллоҳ таолони зикр қилмоғимиз лозим. Бундоқ ишларда қайси дуоларни ўқишни эса, ўз жойида ўрганиб олиш керак. 

742 - وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِذَا دَخَلَ الرَّجُلُ بَيْتَهُ، فَذَكَرَ اللهَ تَعَالَى عِنْدَ دُخُولِهِ وَعِنْدَ طَعَامِهِ، قَالَ الشَّيْطَانُ: لَا مَبِيتَ لَكُمْ وَلَا عَشَاءَ، وَإِذَا دَخَلَ فَلَمْ يَذْكُرِ اللهَ تَعَالَى عِنْدَ دُخُولِهِ قَالَ الشَّيْطَانُ: أَدْرَكْتُمُ الْمَبِيتَ، وَإِذَا لَمْ يَذْكُرِ اللهَ تَعَالَى عِنْدَ طَعَامِهِ قَالَ: أَدْرَكْتُمُ الْمَبِيتَ وَالعَشَاءَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2018].


Улашиш
|
|
Нусха олиш