75-ҳадис

75. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Дунё ширин, кўкаламзордир. Аллоҳ сизларни бу дунёга халифа қилиб, қандай амал қилишингизни кўради. Мол-дунёдан эҳтиёт бўлинглар. Аёллардан эҳтиёт бўлинглар, чунки Бану Исроил фитнасининг бошланиши аёллар сабабли бўлган».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Мусулмон одам бу дунёда йўлиқадиган улкан фитналардан бири аёллар фитнасидир. Агар бу фитнадан ишхонасида қутулса, кўчаларда, бозорларда, газета-журналларда, телевизорда қутулиши қийин.

Аллоҳ таоло Ўзининг азиз Китобида аёлларга қизиқиш инсонлар учун зийнатли қилиб қўйилганини баён қилиб шундай деган:

“Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-текиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди. Улар дунё ҳаётининг матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса, ҳуснли қайтар жой бор”. 

(“Шаҳват” сўзи урфда жинсий маънода ишлатиб келинади. Аслида эса, шаҳват “иштаҳа” сўзидан олинган бўлиб, кўнгил тусаши, хоҳлашига айтилади. Ушбу ояти каримада одамларнинг кўнглига муҳаббати зийнатланган, иштаҳалари доим тортиб турадиган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда.) (Оли Имрон сураси, 14-оят).

Албатта, аёллар фитнаси Бани Исроил дучор бўлган илк фитна бўлганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар бериб юқоридаги ҳадисни айтганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу фитнадан биз умматларини огоҳлантирганлар: “Ўзимдан кейин эркакларга аёллардан кўра зарарлироқ фитнани қолдирмадим”.

Аёлларнинг фитнасига сабр қилиш ва фитнага олиб борадиган жойлардан узоқ бўлиш қурбат амаллардан бўлиб, банда бу билан Аллоҳ таолога яқинлашади ва улкан яхшиликка, кўплаб савобга эришади. Ана шундай яхшиликлардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

Солиҳларга ўхшаш:

Ким ҳаромдан тийилса, иффатли бўлса, бу иши билан Аллоҳнинг Пайғамбари Юсуф алайҳиссаломнинг ишларини қилган бўлади. Азизнинг хотини Юсуф алайҳиссаломни йўлдан урмоқчи бўлганда, у киши иффатларини сақладилар, Аллоҳ таолодан паноҳ сўрадилар. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деган:

“У уйида бўлган аёл ундан нафсини хоҳлади. Эшикларни беркитиб: “Бу ёққа кел!” деди. У: “Аллоҳ сақласин! Ахир, у жойимни яхшилаб берган хўжам-ку! Албатта, золимлар нажот топмаслар”, деди”. (Яъни, бундай ҳаром ишни қилишдан Аллоҳ сақласин, демоқда. Кейин у яхшиликни унутадиган одам ҳам эмас. Шунинг учун ҳам, ахир у, яъни, уй эгаси–хотиннинг эри, жойимни яхшилаб берган хўжам-ку, деди. Менга шунча яхшилик қилган инсонга хиёнат этиб, хотинининг гапига кириб, фаҳш иш қиламанми? Агар шундай қиладиган бўлсам, золимлардан бўламан.) (Юсуф сураси, 23-оят).

Роҳманнинг аршининг соясидаги омонлик:

Ким аёлларнинг фитнасига сабр қилса, ҳаром билан булғанмаса, у қиёмат куни Аллоҳнинг аршининг соясида турадиган етти нафардан бири бўлади. Саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам етти нафарни зикр қилиб туриб: “Мансаб ва жамолга эга бўлган аёл ўзига чорлаганда, “Албатта, мен Аллоҳдан қўрқаман” деган киши” дедилар.

Аллоҳ таолодан паноҳ сўрагандан кейин аёллар фитнасидан қутулишнинг энг муҳим омилларидан қуйидагиларни келтириш мумкин:

Кўзни тийиш:

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

“Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир” (Нур сураси, 30-оят).

Аёллар билан аралашиладиган жойлардан узоқ бўлиш:

Намоздаги сафга эътибор беринг. Аввал эркаклар, кейин болалар ва охирида аёллар саф олишади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эркаклар сафининг энг яхшиси аввалгиси, энг ёмони охиргисидир. Аёллар сафининг энг яхшиси охиргиси, энг ёмони аввалгисидир” деганлар. Бунга сабаб аёллар эркаклардан узоқ туриши, аралаш бўлмаслиги учун. Аёл эркакдан қанча узоқ турса, шунча яхши ва афзалдир. Энди бу ҳол намозда бўлгандан кейин бошқа ўринлар ҳақида нима дейиш мумкин?!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эркакларга мавъиза қилиб бўлганларидан кейин минбардан тушиб, ташқарига аёллар тарафга бориб, уларга мавъиза қилар эдилар. Бу эса аёлларнинг сафи, намоз ўқийдиган ўрни эркакларникидан анча узоқда бўлганига далолат қилади.

Маҳрамсиз аёл билан холи қолишдан сақланиш:

Маҳрамсиз бегона аёл билан холи қолиш Аллоҳ ҳаром қилган ишга тушиб қолишнинг энг катта боисларидан биридир. Қанчадан қанча жиноятлар, хиёнатлар айнан шундай холи қолишлардан келиб чиққан. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадисларида умматларини бундан огоҳлантирганлар.

У зот алайҳиссалом шундай деганлар: “Киши бегона аёл билан асло холи қолмасин!  Аёл маҳрамсиз асло сафарга чиқмасин!”

Бир киши ўрнидан туриб, “Эй Аллоҳнинг Расули! Мен фалон ғазотга ёзилган эдим. Аёлим эса ҳажга бормоқчи эди” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бор, аёлинг билан бирга ҳаж қил!” дедилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Киши бегона аёл билан асло холи қолмасин! Акс ҳолда учинчилари шайтон бўлади” деганлар.

Аллоҳ таолодан биз мусулмонларни нафақат аёллр фитнасидан, балки, ошкора ва яширин барча фитналардан асрасин! Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! 

75 - الثَّانِي: عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إنَّ الدُّنْيَا حُلْوَةٌ خَضِرَةٌ، وَإِنَّ اللهَ مُسْتَخْلِفُكُمْ فِيهَا فَيَنْظُرُ كَيْفَ تَعْمَلُونَ، فَاتَّقُوا الدُّنْيَا واتَّقُوا النِّسَاءَ؛ فَإِنَّ أَوَّلَ فِتْنَةِ بَنِي إِسْرَائِيلَ كَانَتْ فِي النِّسَاءِ» رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2742].


Улашиш
|
|
Нусха олиш