76. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳумма, инний асъалукал-ҳудаа, ват-туқоо, вал-ъафаафа вал-ғинаа», дер эдилар.
* Маъноси: «Аллоҳим! Мен Сендан ҳидоят, тақво, иффат ва беҳожатлик сўрайман».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: «Иффат» сўзи луғатда «қабиҳ нарсадан тийилиш» маъносини англатади.
Ибн Манзур: «Иффат аслида қолдиқнинг ўрнига ўтадиган нарсани тановул қилиш ила кифояланишдир. Иффат ҳалол ва гўзал бўлмаган нарсадан ўзини тийишдир. Иффат ўта покликдир», деган.
Уламолар иффат ҳақида бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтишган.
Роғиб айтади: «Иффат нафсда бир ҳолатнинг ҳосил бўлишидир, у ила шаҳватнинг ғалабасидан четланади.
Иффат нафсни ҳайвоний лаззатлардан тийиб туришдир. У ҳаддан ошган нафси бузуқлик билан нуқсон ҳисобланган шаҳватсизлик орасидаги ўртача ҳолатдир», деган.
Жоҳиз шундай деган: «Иффат нафсни шаҳватлардан жиловлаш, жасадни тик тутишга ва соғлигини муҳофаза қилишига етадиган нарса билан кифояланишдир. Барча лаззатли нарсалардан четта бўлиб, мўътадиллик йўлини тутишдир. Кифояланган шаҳватлари ҳам мустаҳаб равишда ва уни қондиришга иттифоқ қилинган ҳамда ҳожат тушган вақтдагина бўлиши керак».
Журжоний: «Иффат шаҳвоний қувватга оид ҳайъат бўлиб, у қувватнинг ҳаддан ошган ҳолатидаги фужур ва нуқсонга учраган ҳолатидаги турғунлик орасидаги ўртача ҳолатдир. Иффатли киши ишларни шариат ва мурувват асосида олиб борадиган одамдир», деган.
Иффатнинг турлари:
Имом Мовардий иффат ва унинг турлари ҳақида жумладан қуйидагиларни ёзади: «Иффат, поклик ва сақланиш мурувватнинг шартларидандир. Иффат икки турли бўлади.
Биринчиси – ўзини ҳаром нарсалардан иффатда тутиш.
Иккинчиси – гуноҳлардан иффатда бўлиш.
Ҳаромлардан сақланиш ила бўладиган иффат ҳам иккига тақсимланади:
Биринчиси – фаржни ҳаромдан тийиш.
Иккинчиси – тилни обрўлардан тийиш.
Фаржнинг ҳаромдан тиймаслик шариат ман қилган ва ақл зажр қилган бўлиши билан бирга шармандалик ва ору номусдан иборатдир.
Тилни обрўлардан тиймаслик эсипастларнинг иши, ғавғо аҳлининг интиқомидир. Бундан тийилиш осон. Ким нафсига қаҳр кўрсатиб уни кучли қайтарувчи ила жиловламаса ва шиддатла зажр қилмаса, унинг уятига қолади ва зарарларига учрайди.
Гуноҳлардан иффатда бўлиш ҳам иккига тақсимланади:
Биринчиси – ошкора зулм қилишдан ўзини асраш.
Иккинчиси – нафсни махфий хиёнат қилишдан қайтариш.
Ошкора зулм ҳалокатга элтувчи саркашлик ва нобуд қилувчи туғёндир. Агар у давом этаверса, ғолиб ўз эгасини ямлаб ютадиган фитнага бориб тақалади. Ниҳоят уни ағдарилиши билан тугайди.
Махфий хиёнат пасткашликдан бошқа нарса эмас. Чунки уни қилган одам хиёнати ила хор бўлади. Одамлар унга ишонмай қўяди. Ким хиёнат қилса, хор бўлади, дейилган гап бор» (Адабуд-дунё вад-дин 384-бет).
Имом Ибн Жавзий «Сойдул Хотир»да ёзади: «Камол азиздир, комил оздир. Камолнинг аввалги сабаби бадан аъзоларининг мутаносиблиги ва ботин суратининг гўзаллигидир.
Бадан сурати халқ деб номланади, ботин сурати хулқ деб номланади. Бадан сурати камоли хушбичимлик ва адабли, феъл-атворнинг гўзаллиги ва ахлоқдир.
Феъл-атвор иффат, поклик, жоҳилликдан ўзини тортиш ва нафси бузуқликдан узоқда бўлишдир. Ахлоқи карамли бўлиш, бошқаларни ўзидан ортиқ кўриш, маъруф иш қилиш ва ҳалийм бўлишдир.
Ким ушбу нарсалар ила ризқлантирилган бўлса, улар уни камолга эриштиради. Ундан шарафли хислатлар зоҳир бўлади. Агар бир бирор хислат камиб қолса, нуқсонга сабаб бўлади» (284-бет).
«аз-Зарийъа ила макоримиш-ширийъа» китобида иффат ҳақида жумладан қуйидагилар ёзилган:
«Билки, иффатли бўлиш ҳаракатидаги одам бир неча шартлар билангина иффатли бўлиши мумкин.
– Бир нарсадан ифатли бўлиши ундан кўпини кўзлаб қилинаётган ҳаракат бўлмаслиги шарт.
– Ёки унга тўғри келмагани учун бўлмаслиги шарт.
– Ёки шаҳвати қўзмайдиган бўлгани учун бўлмаслиги шарт.
– Ёки оқибати завли бўлиганини сезганлигидан бўлмаслиги шарт.
– Ёки уни тановул қилиш ман қилинган бўлмаслиги шарт.
– Ёки камчилиги туфайли уни танимаган бўлмаслиги шарт.
Мазкур нарсаларнинг барчаси иффатдан эмас. Балки улар ўз навбатида фурсатни овлаш, яхшини ахтариш, хас-талик, бўш жой, ожизлик ёки жоҳилликдан иборатдир.
Нафсни шаҳватдан тиймаслик уни ғазабдан тиймаслик-дан кўра ёмондир…
Иффатнинг баркамоллиги.
Инсон токи қўли, тили, қулоғи ва кўзи иффатли бўлмагунича ўзи иффатли бўла олмайди.
Тилнинг иффатсизлиги масхара, айблаш, ғийбат, чақимчилик, лақаб қўйиш кабилар билан бўлади.
Кўзнинг иффатсизлиги ҳаром нарсаларга ҳамда ёмон шаҳватларни қўзитувчи ҳаёти дунё зийнатларига тикилиш билан бўлади.
Қулоқнинг иффатсизлиги гуноҳ ва ёмон нарсаларни тинглаш билан бўлади.
Бас, ҳар бир аъзонинг иффати эгаси улардан ҳар бирини ўзига хос бўлган нарсада фақат шариат ва ақл рухсат берган шаҳватсиз ҳамда ҳавойи нафссиз нарсаларга ишлатиш ила бўлади.
Иффат ҳақида келган оятлардан намуналар:
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «(Садақа ва хайру эҳсонлар) Аллоҳнинг йўлида тутилган, ер юзида касб қилишга қодир бўлмаган, иффатлари туфайли билмаган киши уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир. Уларни сиймоларидан танийсан, одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар. Нафақа қилган яхшиликларингизни, албатта, Аллоҳ билгувчидир», деган (273-оят).
Бу ояти карима зикр қилган тоифадаги одамлар ўзларини Аллоҳ йўлига бағишлаган кишилардир. Уларнинг шу сабабдан касб қилишга ҳам имконлари йўқ. Айни чоқда иффатлари, уятлари кучли бўлганидан ўзларининг ҳожатманд эканликларини яшириб юрадилар. Асл ҳолни билмаган одам уларни сиртларидан кўриб, бой, деб ўйлайди.
«(Садақа ва хайру эҳсонлар) Аллоҳнинг йўлида ту-тилган, ер юзида касб қилишга қодир бўлмаган, иф-фатлари туфайли билмаган киши уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир».
Нафақани худди ана ўшаларга қилиш керак. Улар ўзлари асл ҳолларини беркитсалар, одамлардан хиралик билан тиланмасалар, қандай қилиб уларни топиш мумкин?
«Уларни сиймоларидан танийсан».
Фаросати бор, мулоҳазали кишилар, мазкур фақирларни, агарчи улар ҳожатмандликларини билдирмасдан, кишилар кўзига бой бўлиб кўриниб юрсалар ҳам, таниб, ҳақиқатни билиб оладилар.
Ўзларини иффатли тутганликларининг ўзи нафақани уларга махфий қилишга ундайди. Нафақа бераман, деб бундай кишиларнинг ҳис-туйғуларини оёқ ости қилмаслик керак. Нафақа Аллоҳ учун қилинаётган бўлса, махфий тарзда қилингани маъқул.
«Нафақа қилган яхшиликларингизни, албатта, Аллоҳ билгувчидир».
Савобини ҳам Ўзи билиб бераверади. Шунинг учун ҳаммага кўрсатиб, гувоҳларни кўпайтириб садақа қилишга ҳожат йўқ. Сиз ихлос билан, Аллоҳ таолонинг юзини кўзлаб садақа қилаверинг, у ёғини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.
Ушбу ояти карима аҳли суффа – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари яқинидаги суффада яшовчи тўрт юз нафар тақводор, камбағал мусул-мон ҳақида нозил бўлган.
Улар ўзларини Қуръон ва илм ўрганишга бағишлаган кишилар бўлиб, маошларини касб қилиб топишга имконлари бўлмаган. Ҳеч нарсалари бўлмаса ҳам ўзларини иффатли тутишган, бировнинг молига назар ҳам солишмаган.
Уларнинг асл ҳолини билмаган одам, ўзларини тутишларидан уларни бой, деб ҳисоблайдиган даражада бўлган. Уларнинг сиймоларидан аҳли салоҳ ва тақводорликлари билиниб турган. Ўзлари ўта муҳтож бўлишларига қарамай одамлардан бирор нарсани сўраб олмаганлар.
Ким аҳли суффа даражасига, улар етган улуғ мақомга етмоқчи бўлса, уларнинг ушбу оятдаги васфига қўшилмоқчи бўлса одамлардан бирор нарса сўрамасин, ўзини иффатли тутсин, билмаганлар уларни бойлар, деб ҳисобласин.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Етимларни то никоҳ(ёши)га етгунларича синаб туринглар. Агар уларнинг эси-ҳуши жойида эканини билсангиз, уларга ўз молларини топширинг. У мол-ларни исроф ила ва эгаларининг катта бўлиб қолишидан қўрқиб шошилиб еманг. Бой бўлганлар иффатли бўлсинлар. Ким камбағал бўлса, тўғрилик билан есин. Уларга ўз молларини топшираётганин-гизда гувоҳлар келтиринг. Ҳисобчиликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур», деган (6-оят).
Бу ояти карима етим балғоатга етиб эс-ҳушини таниганда, дарҳол унга молини топшириш зарурлигини, уларнинг молини исроф қилмаслик, оталиқка олганлар томонидан, бу балоғатга етса молини қайтариб беришим керак бўлади, деб шошилиб еб қўймаслик, агар оталиққа олган одам бой бўлса, етимнинг моли масаласида иффатли бўлиш зарурлиги, камбағал бўлса, маълум чегарада ейишига рухсат борлиги ва етимга молини топшираётганда гувоҳлар олдида топшириш каби фиқҳий амалларни баён қилмоқда.
Баъзи кишилар, мен етимни оталиққа олганимдан кейин молини нима қилсам, ўзим биламан, деб ёки, бу балоғатга етса, молини қайтариб беришим керак экан, ундан кўра у балоғатга етгунча тезроқ молини еб қўяй, дейиши мумкин.
Аллоҳ таоло бу оятда шундай тасарруфлардан қайтариб: «У молларни исроф ила ва эгаларининг катта бўлиб қолишидан қўрқиб, шошилиб еманг», демоқда.
Демак, етимни оталиққа олганлар учун асосий ҳукм етимларнинг молидан емаслик. Аммо оталиққа олувчилар-нинг ҳоли ҳам ҳар хил бўлади: баъзилари бой, ўзига тўқ, бошқалари камбағал муҳтож. Буни эътиборга олиб, оятда бойга алоҳида, камбағалга алоҳида ҳукм баён қилинган:
«Бой бўлганлар иффатли бўлсинлар. Ким камбағал бўлса, тўғрилик билан есин!»
Бой одам ўзига етарли моли бўлгани, ҳожати тушмагани учун иффат қилиб, ўзини шубҳали нарсадан узоқ тутгани маъқул. Етимларни оталиққа олгани, уларнинг мол-мулкини сақлагани, парваришлагани учун ажру савобини олади.
Аллоҳ таоло «Нур» сурасида: «Никоҳ(имкон)ни топа олмаганлар, то Аллоҳ улар-ни Ўз фазлидан бой қилгунича иффатларини сақласинлар», деган (33-оят).
Ушбу оятда уриниш ва ҳаракатлар билан ҳам никоҳли бўлиш имконини топа олмаганлар нима қилишлари лозимлиги баён этилмоқда.
Никоҳга имкон топа олмаяпман, деб ҳаром йўлга юриб кетмасинлар. Иффатларини сақласинлар.
Ҳалолга имкон топа олмаганлар учун ҳаромдан иффат-ларини сақлашнинг энг яхши йўлини эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатиб берганлар.
Ибн Жарир Табарий Абу Саъид розияллоҳу анҳудан қилган бошқа бир ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Бир куни у киши очликдан иложсизлик туфайли қорнига тош боғлаб ўтирган экан, хотини: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб бирор нарса сўранг, фалончи бориб сўраган экан, анча нарса берибдилар», дебди.
«Бас, у зотнинг ҳузурларига борсам, хутба қилаётган эканлар, қулоқ солсам: «Ким иффатталаб қилса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким биздан сўраса, биз унга ани берурмиз. Ким беҳожат бўлса, бизга унинг сўраганидан кўра яхши», деяётган эканлар. Мен у зотдан бир нарса сўрамай қайтдим. Сўнгра Аллоҳ бизга доимий равишда ризқ бера бошлади. ҳатто, ансорийлар ичида биздан моллари кўпроқ аҳли байт қолмади».
Мадоин фатҳи ҳақидаги ривоятда, жумаладан қуйидагилар келтирилган: «Қамал кучайгандан кейин Форс подшоҳи Яздажир Мадоиннинг ғарбий қисмидан дарё оша шарқий қисмига қочиб ўтди. Саъд ибн Абу Ваққос шериклари билан маслаҳат қилиб, дарё кечиб Мадоиннинг шарқий қисмига ўтишга қарор қилдилар.
Осим ибн Амр розияллоҳу анҳу бошчилигида олтмиш кишилик Бани тамимликлар гуруҳи олдин ўтиб душманнинг йўлини тўсиб турди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ва Салмон Форсий розияллоҳу анҳу дуо қилдилар. Ҳамма ўзича дуо ўқиб дарёдан ўтдилар. Бирор нарсага зарар етмади. Кўпчилик мусулмонларнинг Дажла орқали ушбу ўтишларини катта мўъжиза шаклида кўрадилар.
Форслар мусулмонларнинг дарёдан ўтганларини кўришлари билан улар оддий одамлар эмаслигини билиб тарвузлари қўлтиқларидан тушди. Яздажир Ҳулвон тарафга қочди. Мусулмонлар шаҳарга ҳеч қандай қаршиликсиз кириб бордилар.
Шаҳарга биринчи бўлиб Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳу ўз одамлари билан кирди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу оқ қасрга кириб намоз ўқиди ва қироатига Аллоҳ таолонинг «Улар ортларидан қанчадан-қанча боғу роғларни ва булоқларни. Экинзорларни ва яхши жойларни. Ва ўзлари ичида маза қилаётган нозу неъматларни қолдирдилар. Мана шундай. Биз у (нарса)ларни бошқа қавмларга мерос қилиб бердик», деган оятларини ўқидир.
Ўшанда ҳижрий 16 сананинг сафар ойи эди.
Қочганларни тутиш ва ўлжа тўплаш бошланди. Ҳамма қочганлар тутилди ва катта миқдорда ўлжа тўпланди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу шариат ҳукмига биноан адолат ила ўлжа беришни йўлга қўйдилар.
Саъд ибн Абу Ваққос ўша ерда биринчи бор жума номозини ҳам қоим қилди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга суюнчи хабар ўлароқ ўлжанинг бешдан бирини юбордилар. У киши ўлжаларга қараб туриб, буни адо қилган қавм, албатта, омонат эгаларидир, дедилар.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу у кишига: «Ўзинг иффатли бўлганинг учун одамларинг ҳам иффатли бўлдилар», деди.
Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ: «Олим ўта илмли бўлса ҳам иффатли бўлмаса, унинг зарари жоҳилнинг зараридан кўра ёмондир», деган.
Иффатнинг фойдаларидан:
1. Иффат динларнинг самараларидандир.
2. Иффат иймон мевасидир.
3. Иффат бу дунёда обрўни муҳафаза қилади.
4. Иффат охиратда жаннати наъийм лаззатига эриштиради.
5. Иффат аъзоларни ҳаромдан сақлайди.
6. Иффат мурувватнинг рукнларидан бир рукндир.
7. Иффат жамиятни фисқу фасод ва гуноҳдан тозалай-ди.
8. Иффат нафс баркамоллиги далилидир.
9. Иффат иззати нафс далилидир.
10. Иффат ақл тўлалигига далолат қилади.
11. Иффат нафснинг тозалигига далилдир.
12. Иффат эгасини хотиржам қилади.
76 - الثَّالِثُ: عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَقُولُ: «اللَّهُمَّ، إِنِّي أَسْأَلُكَ الْهُدَى وَالتُّقَى وَالْعَفَافَ والْغِنَى» رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2721].