79. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга умматлар кўрсатилди. Баъзи пайғамбарларнинг атрофида кичик бир гуруҳ, баъзиларининг атрофида бир-икки киши турганини, баъзиларининг атрофида эса ҳеч ким йўқлигини кўрдим. Шу пайт менга улкан оломон кўрсатилди. Ўшалар менинг умматим бўлса керак, деб ўйладим. Аммо менга: «Бу – Мусо соллаллоҳу алайҳи васаллам ва унинг қавми. Сен уфққа қарагин», дейишди. Қарасам, улкан оломон. Яна менга «Бошқа уфққа ҳам қарагин», дейишди. Яна қарасам, улкан оломон. «Мана шу сенинг умматинг. Уларнинг етмиш минги жаннатга ҳисоб-китобсиз ва азобсиз киради», дейишди». Шундай деб, ўринларидан туриб, уйларига кириб кетдилар. Одамлар эса жаннатга ҳисоб-китобсиз ва азобсиз кирувчи ўша кишилар ҳақида гаплаша бошлашди. Баъзилари: «Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобалари бўлса керак», дейишди. Баъзилари эса: «Улар Исломда туғилиб, Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмаганлар бўлса керак», деди. Яна бошқа бир қанча нарсаларни гапиришди. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига чиқиб, «Нима ҳақида гаплашяпсизлар?» дедилар. У зотга бор гапни айтишди. Шунда у зот: «Улар дам солмайдиган, дам солдирмайдиган ва шумланмайдиган ҳамда Роббларига таваккул қиладиганлардир», дедилар. Шунда Уккоша ибн Миҳсан ўрнидан туриб, «Аллоҳга дуо қилинг, мени ўшалардан қилсин», деди. «Сен ўшалардансан», дедилар. Сўнгра бошқа бир киши ўрнидан туриб, «Аллоҳга дуо қилинг, мени ҳам ўшалардан қилсин», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уккоша сендан ўзиб кетди», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир оғиз бўлса ҳам сўз эшитиш, ўз илмларини ортдиришга жуда ҳам зўр иштиёқли эдилар. Бу мақсад йўлида улар турли услубларни қўллар эдилар. Аксар ҳолларда масжиди набавийда ўтириб У зотни ҳужраи саодатдан чиқишларини кутар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу нарсани яхши билганлари учун иложи борича саҳобаларга кўпроқ таълимотларни етказишга ҳаракат қилар эдилар. Ушбу ҳадиси шарифда у зот қиёмат куни бўладиган баъзи бир ҳодисалар ҳақида ахборот бермоқдалар. Унда турли набийлар турли ададдаги умматлари ила ўтганлари баён қилинмоқда. Уларнинг ичида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари энг кўп эканлиги таъкидланмоқда. Шу билан бирга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларида етмиш минг киши ҳисоб китобсиз ва азоб уқубатсиз тўғридан тўғри жаннатга киришлари айтилмоқда ва уларнинг бу бахтга элтувчи сифатлари ҳам зикр қилинмоқда.
Шунда у зот: «Улар дам солмайдиган, дам солдирмайдиган ва шумланмайдиган ҳамда Роббларига таваккул қиладиганлардир», дедилар.
Бошқа ривоятда: «Улар куйдириш ила даволанмас, дам солдирмас, фол очдирмас эдилар ва Роббиларига таваккал қилар эдилар», бўлиб келган.
«Улар куйдириш ила даволанмас, дам солдирмас, фол очдирмас эдилар ва Роббиларига таваккал қилар эдилар». Демак, жаннатга ҳисобсиз кирадиганлардан бўлиш учун тўрт сифатга эга бўлиш керак экан;
1. «Куйдириш ила даволанмаслик».
Бунда ҳам, баъзи яраларига тамға қиздириб босиб даволаганда жоҳилиятдаги каби, тамға қиздириб босиш шифо берди деган, Аллоҳ таолога ширк келтиришдан иборат бўлган эътиқодни қилмаслик кўзда тутилган.
2. «Дам солдирмаслик». Яъни, жоҳилиятнинг ширкдан иборат дам солишини талаб қилмайдиган, Ислом ижозат берган дам солишни ўз-ўзидан шифо беради деб эътиқод қилмайдиган, балки, шифо Аллоҳ таоло томонидангина бўлади, деган эътиқодда бўладиган.
3. «Фол очдирмаслик». Яъни, фалон нарса бўлди, энди ёмонлик етса керак. Пистон нарса кўринди, у шумқадам эди, энди ишлар чатоқ, каби эътиқодларни қилишдан йироқ бўлиш керак. Бу дунёдаги барча яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади, деган қатъий ишонч билан яшаш керак.
4. «Роббиларига таваккал қиладиган». Ҳамма нарсада фақат Аллоҳ таологагина суянадиган. Ана ўша тўрт сифатни ўзида мужассам қилган киши жаннатга ҳисобсиз кирадиган етмиш минг киши ичида бўлар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу улкан башоратни эшитгандан кейин ҳамма ўзи ҳам ўша саодатманд кишилар ичида бўлишини орзу қилиб қолди ва… «Шунда Укоша ибн Миҳсон туриб у зотнинг олдиларига бориб: «Аллоҳга дуо қилинг! Мени ўшалардан қилсин!» деди.
Яъни, мен ҳам ўша жаннатга ҳисобсиз кирадиган етмиш минг киши бўлайин.
«Эй Аллоҳим! Уни ўшалардан қилгин!» дедилар. Кейин бошқа бир киши туриб: «Аллоҳга дуо қилинг! Мени ҳам ўшалардан қилсин!» деди. «Унга Укоша сенда ўзиб кетди», дедилар». Яъни Укоша розияллоҳу анҳу ўзининг ўша етмиш минг киши қаторида бўлишини тилаб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан дуо сўраган. У зот дуо қилганлар. Ижобат соати бўлгани учун дуолари дарҳол қабул бўлган. Кейинги сўраган одам ўша соатдан кеч қолгани учун унга дуо қилмаганлар.
Имом Нававий саҳиҳул муслимга ёзган шарҳларида қуйидагиларни келтирадилар:
Хатиб Бағдодий Уккошадан кейинги сўраган кишини Саъд ибн Убода деб айтганлар. Агар бу нарса саҳиҳ бўлса, ўша киши мунофиқ деган сўз ботил бўлади. Эҳтимол иккинчи сўраган киши бу мавқеъга лойиқ бўлмаслиги мумкин.
Бу ҳадис ҳақида шориҳлар жуда кўп гапларни айтганлар. Улардан бири «Ношаръий дам солдирмайдилар», деган. Шу гап қувватлироқ. Чунки саҳобаи киромлар ҳисобсиз жаннатга киришга бошқалардан кўра қаттиқроқ ҳаракат қилганлар. Шу маънони олинмаса уларнинг бирорталари ҳам дам солдирмаган ва дам солмаган бўлар эдилар. Ваҳоланки ҳадис захирасида қанчалар саҳобалар дам солдирганлари ва фарзандларига дам солганлари зикр қилинган.
Ҳадисларда дам солиш жоизлиги ҳақида сўз келган. Масалан: «Умму Салама розияллоҳу анҳо дедики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг уйидаги бир жориянинг юзида ҳорғинликни кўриб: «Унга дам солдириб юборинглар, чунки унга кўз тегибди», деганлар». (Имом Бухорий ривояти).
Юқорида келганидек «Дам солдирмайдиганлар», деб дам солишдан ман этилган ҳадислар ҳам бор. Энди бу икки ҳадиснинг орасини жамлайдиган бўлсак, дам солиш араб тилидан бошқа тилда, Аллоҳ таолонинг исми сифатларидан бошқасида, Аллоҳ нозил қилган китоблардан бошқа китобдан бўлса ҳамда ўша солинган дам мутлақо фойдаси тегади деб унга суяниб олинса, ундай ҳолда дам солиш ман қилинган. Аммо Қуръон, Аллоҳнинг исмлари ва ҳадисдаги ривоятларда келган дам солинувчи сўзлар билан дам солиш жоиздир.
Юқоридаги келган «Дам солдирмайдиганлар», деб айтилган сўз дунё сабабларидан юз ўгирган валий зотларнинг сифатларидандир. Бу даража бўлиб, унга хос кишилар етиша олади холос. Аммо авом эса, дам солишлар билан даволаниб, муолажа қилишларига рухсат берилган. Ким энди балога сабр қилиб, Аллоҳдан кушойиш келишини дуо қилиб кутса, у ҳам хос валийлар қаторидан жой олади. Кимнинг сабри етмаса, ундай ҳолда асарларда келган дуо ва зикрлар билан дам солдириб, даволаниши рухсат қилинган. Ахир Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу барча мулкини садақа қилиб юборганида, у кишидаги кучли ишонч ва сабрни билганлари учун инкор қилмадилар. Аммо бир киши кабутар тухумидек тиллони олиб бундан бошқасига эга эмасман, деганида уни қайтариб юбордилар. Валлоҳу аълам!
وَأَمَّا الأَحَادِيثُ:
79 - فَالأَوَّلُ: عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «عُرِضَتْ عَلَيَّ الأُمَمُ، فَرَأَيْتُ النَّبِيَّ وَمَعَهُ الرُّهَيْطُ، وَالنَّبِيَّ وَمَعَهُ الرَّجُلُ وَالرَّجُلَانِ، وَالنَّبِيَّ وَلَيْسَ مَعَهُ أَحَدٌ؛ إِذْ رُفِعَ لِى سَوَادٌ عَظِيمٌ فَظَنَنْتُ أَنَّهُمْ أُمَّتِي، فَقِيلَ لِي: هَذَا مُوسَى وَقَومُهُ، وَلَكِنِ انْظُرْ إِلَى الأُفُقِ، فَنَظَرْتُ فَإِذَا سَوَادٌ عَظِيمٌ، فَقِيلَ لِي: انْظُرْ إِلَى الأُفُقِ الآخَرِ؛ فَإِذَا سَوَادٌ عَظِيمٌ، فَقِيلَ لِي: هَذِهِ أُمَّتُكَ، وَمَعَهُمْ سَبْعُونَ أَلْفًا يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ بِغَيْرِ حِسَابٍ وَلَا عَذَابٍ» ثُمَّ نَهَضَ فَدَخَلَ مَنْزِلَهُ، فَخَاضَ النَّاسُ فِي أُولَئِكَ الَّذينَ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ بِغَيْرِ حِسَابٍ وَلَا عَذَابٍ، فَقَالَ بَعْضُهُمْ: فَلَعَلَّهُمُ الَّذِينَ صَحِبُوا رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، وَقَالَ بَعْضُهُمْ: فَلَعَلَّهُمْ الَّذِينَ وُلِدُوا فِي الإِسْلَامِ فَلَمْ يُشْرِكُوا باللهِ وَذَكَرُوا أَشْيَاءَ، فَخَرَجَ عَلَيْهِمْ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: «مَا الَّذِي تَخُوضُونَ فِيهِ؟» فَأَخْبَرُوهُ فَقَالَ: «هُمُ الَّذِينَ لَا يَرْقُونَ، وَلَا يَسْتَرْقُونَ، وَلَا يَتَطَيَّرُونَ، وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوكَّلُونَ» فَقَامَ عُكَّاشَةُ بنُ مِحْصَنٍ فَقَالَ: ادْعُ اللهَ أَنْ يَجْعَلَنِي مِنْهُمْ، فَقَالَ: «أَنْتَ مِنْهُمْ» ثُمَّ قَامَ رَجُلٌ آخَرُ فَقَالَ: ادْعُ اللهَ أَنْ يَجْعَلَنِي مِنْهُمْ، فَقَالَ: «سَبَقَكَ بِهَا عُكَّاشَةُ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 5705، م 220].
«الرُّهَيْطُ بِضَمِّ الرَّاءِ: تَصْغِيرُ رَهْطٍ، وَهُمْ دُونَ عَشْرَةِ أَنْفُسٍ. «وَالأُفُقُ»: النَّاحِيَةُ وَالْجَانِبُ. «وَعُكَّاشَةُ» بِضَمِّ الْعَيْنِ وَتَشْدِيدِ الْكَافِ وَبِتَخْفِيفِهَا، وَالتَّشْدِيدُ أَفْصَحُ.