80. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан яна ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дер эдилар: «Аллоҳумма, лака асламту, ва бика ааманту, ва ъалайка таваккалту, ва илайка анабту, ва бика хоосомту. Аллоҳумма, инний аъуузу би ъиззатика – лаа илааҳа илаа анта –ан тудилланий. Антал-Ҳайюллазии лаа йамуут, вал-жинну вал-инсу йамуутуун».
* Маъноси: «Аллоҳим! Сенга таслим бўлдим, Сенга иймон келтирдим, Сенга таваккул қилдим, Сенга қайтдим, Сен ила хусумат қилдим. (Сен берган ҳужжатлар ила душманларинг билан тортишдим) Аллоҳим, Ўзингдан ўзга илоҳ йўқ, Сенинг иззатинг ила мени залолатга кетказишингдан паноҳ сўрайман. Сен ўлмайдиган, тирик Зотсан, жину инслар эса ўлади».
Муттафақун алайҳ. Бу имом Муслимнинг лафзи, имом Бухорий уни қисқа ривоят қилдилар.
Шарҳ: Таваккул луғатда вакил қилиш сўзидан олинган бўлиб бир ишда бошқага суянишга далолат қилади. Яъни, ўша ишда ўзи ожиз қолиб бошқага эътимод қилиш таваккал қилишдир. Аллоҳ таолога таваккал қилиш «Аллоҳ менинг ризқим ва ишимга Ўзи кафилдир» деб қаттиқ ишонишдин иборатдир ва Ундан бошқани бунга вакил қилмасликдир.
Таваккулни Ибн Ражаб ўзининг «Жомеъул улум вал ҳикам» китобида қуйидагича таърифлайди: «Таваккул Аллоҳ азза ва жаллага дунё ва охират ишларида фойдани жалб ва зарарни даф қилиш бўйича сидқи дилдан суянишдир. Ишларнинг барчасини унга ҳавола қилишдир. Ундан ўзга бирор нарсани бера олмаслигига, ман қила олмаслигига, зарар етказа олмаслигига ва фойда бера олмаслигига иймонни рўёбга чиқаришдир».
Журжоний «Таърифот»да: «Таваккул Аллоҳнинг ҳузуридагига ишониш ва одамлар қўлидагидан ноумид бўлишдир», деган.
Шу билан бирга Аллоҳ таоло бандаларига амр қилган ва одат бўлиб қолган сабабларни ишга солишдир. Бунга оч қолганда таом тановул қилиш, совқотганда кийим кийиш, чанқаганда сув ичиш, бола кўришни истаганда оила қуриш, ҳосил истаганда уруғ сепиб, экин экиш, дарахт ва мева истаганда кўчат экиш каби нарсалар мисол бўлади.
Банда бу ишларни қилаётганда фақат Аллоҳ таолога суянган ҳолда қилади. Бошқа фикрга кетса Аллоҳ таолога таваккал қилмаган бўлади.
Ҳар бир ишни амалга оширишда Аллоҳ таолога таваккал қилиш керак. Бу қоидага Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом Уҳуд ғазотида айнан риоя этдилар. Аввало, ўз фикрларига зид бўлса ҳам, шўродаги кўпчиликнинг маслаҳатига кўндилар. Кўниб, шунга азму қарор қилганларидан сўнг, ҳалиги кўпчилик ўз фикридан қайтсалар ҳам, Пайғамбар алайҳиссалом қайтмадилар. Аллоҳга таваккал қилдилар. Ишнинг оқибати яхши бўлмаслиги маълум эди, аммо шўронинг қарорига қандай муносабатда бўлиш лозимлиги тўғрисида дарс бериш учун шундай қилдилар.
Аллоҳга таваккал қилишлик улуғ сифат. Аммо таваккал, Аллоҳ ирода қилганидек, тўғри ҳолда бўлиши керак. Баъзи кишилар таваккални нотўғри тасаввур этадилар. Ўйламай, чора-тадбир кўрмай, сабабларини ахтармай, кўр-кўрона ҳаракатни таваккал, деб тушунувчилар кўп. Бу мутлақо нотўғри тушунчадир. Масалан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Уҳуд урушида қилган таваккалларини олиб кўрайлик. Мушриклар аскар тортиб Уҳудга етиб келганларини эшитишлари билан тезда мусулмонларни йиғиб, шўро мажлиси ўтказдилар. Шўро қабул этган қарорга ўзлари биринчи бўлиб амал қилиб, Ҳужраи Саодатга кириб, устма-уст иккита совут кийиб чиқдилар.
Эътибор беринг-а! Аллоҳга таваккал қилувчиларнинг энг улуғи, биринчиси бўлган Муҳаммад алайҳиссолату вассалом урушга кетаётганлари эътиборидан бир эмас, икки совут кийиб чиқдилар! Одамларни жиҳодга қаттиқ тарғиб қилдилар. Манзилга тезроқ, осонроқ ва тинчроқ элтувчи йўлни биладиган одамни топиб, унга йўл бошлашни топширдилар. Етиб боргандан кейин ҳам, душманнинг ҳолини, куч-қувватини яхшилаб ҳисоб-китоб қилдилар. Сўнгра ўз жангчилари билан бирма-бир танишиб, ҳаммани жой-жойига қўйдилар. Ўнг қанот ва чап қанотларда кимлар бўлишини белгилаб, уларга амир тайинладилар. Орқанинг ҳимоясига Абдуллоҳ ибн Жубайр розияллоҳу анҳу бошчилигидаги камончиларни қўйдилар. Хулласи калом, урушга зарур бўлган чора-тадбирларни керагидан ҳам ортиқроқ кўриб қўйдиларки, ҳатто ҳозирги замон ҳарбий мутахассислари ҳам бу ишлардан ҳайратда ёқа ушламоқдалар.
Аммо Аллоҳга таваккал бу ишлардан айри эмас, балки барчасини боғлаб турган бир ипдир, барчасини ҳаракатга келтирган бир кучдир. Ҳар бир ишда, чора-тадбирда Аллоҳни вакил, деб эътиқод қилишдир. Агар қалбда вакиллик маъносида, нусрат кутиш маъносида сал бўлса-да Аллоҳдан бошқа томонга мойиллик сезилса, уни Аллоҳга таваккал, деб бўлмайди. Афсуски, кўпчилик таваккални дангасаликка, чора кўрмай кутиб ётса ҳам иш ўзи бўлаверади, деган тушунчаларга айлантириб олишган.
Таваккулнинг фойдаларидан:
1. Таваккул иймоннинг камолидандир.
2. Таваккул исломнинг гўзаллигидир.
3. Таваккул шайтондан муҳофаза қилувчидир.
4. Таваккул ёмон одамлардан муҳофаза қилувчидир.
5. Таваккул шариат чегарасида туришдир.
6. Таваккул ҳаромга юрмасликдир.
7. Таваккул одамлар билан талашишни тарк қилишдир.
8. Таваккул одамлар қўлидаги нарсага тамаъ қилишдан сақлайди.
9. Таваккул хотиржамликдир.
10. Таваккул барқарорликдир.
11. Таваккул Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилишни рўёбга чиқаради.
12. Таваккул Аллоҳ таолонинг ризосини юзага чиқаради.
13. Таваккул бандани қийинчиликлардан чиқишига ёрдам беради.
14. Таваккул ёмонликларга каффоротдир.
15. Таваккул ўз эгасини жаннатда набийлар билан бирга бўлишга тайёрлайди.
16. Таваккул ризқ кенгчилиги сабабаларидан биридир.
Алоҳида таваккул қилинадиган мақомлар: Ҳаётнинг ҳар бир нарсасида Аллоҳ таолога таваккал қилиш матлубдир. Шу билан бирга Қуръони Каримда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламга ва мўминларга алоҳида тваккал қилиш мақомлари ҳам кўрсатиб ўтилган. Уларни Ферузободий ўзининг «Басоири зави тамййиз фии латоифил китабил азиз» номли китобида келтирган:
1. Агар нусрат ва кушойиш истаснгиз, У зотга таваккал қилинг.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Агар сизга Аллоҳ нусрат берса, сиздан ғолиб келувчи йўқ. Агар сизни ташлаб қўйса, Ундан ўзга ким ҳам ёрдам берар эди. Мўминлар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деган (160 – оят).
2. Қачон душманларингдан юз ўгирсанг, рафиқинг таваккул бўлсин.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Бас, улардан юз ўгир ва Аллоҳга таваккал қил. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур», деган (81-оят).
3. Қачон халойиқ сендан юз ўгирса, таваккулга суян.
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Бас, юз ўгириб кетсалар, сен: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ, Унга таваккал қилдим, У улуғ аршнинг Роббисидир», дегин», деган (129 – оят).
4. Қачон сенга Қуръон тиловат қилинса ёки уни ўзинг тиловат қилсанг, таваккулга суян.
Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида: «Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир», деган (2 – оят).
5. Қачон бир қавм ўртасида сулҳ ва ислоҳни талаб қилсанг, унга таваккул ила васийла изла.
Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида: «Агар улар тинчликка мойил бўлсалар, сен ҳам мойил бўл. Ва Аллоҳга таваккул қил. Албатта, У эшитгувчи ва билгувчи зотдир», деган (61 – оят).
6. Қазои қадар карвони етиб келса, уни таваккул билан кутиб ол.
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Сен: «Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деб айт», деган (51 – оят).
7. Қачон душманлар макр тузоғини қўйса, сен у ерга таваккул ила кир.
Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида: «Уларга Нуҳнинг хабарини тиловат қилиб бер. Вақтики у ўз қавмига: «Эй қавмим, агар сизларга менинг мақомим ва Аллоҳнинг оятлари ила эслатишим оғир келаётган бўлса, бас, мен Аллоҳга таваккал қилдим. Сиз шерик келтирганларингиз билан биргаликда ўз ишингизни билаверинглар. Яна ишларингиз ўзингиз учун ноаниқ бўлиб қолмасин. Сўнгра менга нисбатан ҳукмингизни ижро этаверинглар, менга муҳлат берманглар. Бас, агар юз ўгирсангиз, мен сизлардан ажр сўраганим йўқ. Менинг ажрим фақатгина Аллоҳдан. Ва мен мусулмонлардан бўлишга амр қилинганман», деди», деган (71-72-оятлар).
8. Қачон барчанинг қайтар жойи Аллоҳга эканини ва ҳамманинг тақдири Аллоҳда эканини билсанг, ўзинг учун таваккул тўшагидан жой ол.
Аллоҳ таоло «Ҳуд» сурасида: «Осмонлару ернинг ғайби(ни билмоқ) Аллоҳга хосдир. Ишнинг барчаси Унга қайтарилур. Бас, Унга ибодат қил ва Унгагина таваккал қил», деган (123 – оят).
9. Аллоҳ таоло ҳақиқий Ягона эканини тушуниб етган бўлсанг, Ундан ўзгага суянма.
Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида: «Сен: «У менинг Роббимдир, Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Унинг Ўзигагина таваккал қилдим. Тавбам ҳам Унинг Ўзигадир», деб айт», деган (30 – оят).
10. Ҳидоят Аллоҳ таолонинг ўзидан бўлганидан кейин уни шукр ва таваккул ила кутиб ол.
Аллоҳ таоло «Иброҳим» сурасида: «Нима учун биз Аллоҳга таваккал қилмас эканмиз?! Ҳолбуки, У бизни йўлимизга ҳидоят қилди. Бизга берган озорларингизга, албатта, сабр қиламиз. Таваккал қилувчилар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деган (12 – оят).
11. Агар Аллоҳ таолонинг душманлари ва шайтоннинг ёмонлигидан қўрқсанг, таваккулга юзлан.
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида: «Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтон(шарри)дан паноҳ сўрагин.
Албатта, иймон келтирганлар ва ўз Роббиларига таваккал қилганларга у(шайтон)нинг султони йўқ», деган (98 - 99 - оятлар).
12. Агар ҳар вақт Аллоҳ таоло сенинг вакилинг бўлишини истасанг, ҳар вақт таваккулни маҳкам тут.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ва Аллоҳга таваккал қил. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур», деган (81 – оят).
13. Агар Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлишни истасанг, таваккул мақомида бўл.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир», деган (159 – оят).
80 - الثَّانِي : عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ الله عَنْهُمَا أَيْضاً: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَقُولُ: «اللَّهُمَّ لَكَ أَسْلَمْتُ، وَبِكَ آمَنْتُ، وَعَلَيكَ تَوَكَّلْتُ، وَإلَيكَ أَنَبْتُ، وَبِكَ خَاصَمْتُ، اللَّهُمَّ؛ إِنِّي أَعُوذُ بِعِزَّتِكَ، لَا إلَهَ إلَّا أَنْتَ أَنْ تُضِلَّنِي، أَنْتَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ الَّذِي لَا يَمُوتُ، وَالْجِنُّ وَالإِنْسُ يَمُوتُونَ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ، وَهَذَا لَفْظُ مُسْلِمٍ وَاخْتَصَرَهُ الْبُخَارِيُّ [خ 7383، م 2717].