86. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ғорда эканимизда мушрикларнинг оёқларига қарасам, улар шундоқ бошимизнинг устида экан. Шунда мен «Эй Аллоҳнинг Расули, уларнинг бирортаси оёғининг остига қараса, бизни кўриб қолади!» дедим. Шунда у зот: «Эй Абу Бакр, учинчилари Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида шубҳа қиляпсанми?» дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб бораётганларида ҳамроҳлари Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан Савр ғорига беркинишди. Кофирлар уларнинг изларидан қидириб, ғор оғзигача етиб келишди. Изқувар “Оёқ излари шу ерга келганда тугаган”, яъни ғор оғзига келганда тўхтаган деди.
Ичкарида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу “Агар улардан бири оёқлари турган ерга қараса, бизни кўриб қолади” деб хавотир олганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига “Эй Абу Бакр, учинчиси Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида гумонингиз қандай?” дедилар.
Аллоҳ таоло ғордаги ушбу ҳодиса ҳақида Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
“Агар сиз унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, Аллоҳ унга, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида, нусрат берди. Улар икковлон ғорда турганларида, у шеригига, хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан, деди. Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сокинлигини нозил қилди ва сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади. Куфр келтирганлар калимасини паст қилди. Аллоҳнинг калимаси эса, ўзи юқори. Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси, 40-оят).
Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамроҳлари Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг эътиборларини Аллоҳ улар билан бирга эканига, уларни У Зотнинг инояти ўраб турганига, Аллоҳ таоло бандаларига кўринмайдиган Зотлиги, шу боис ким Аллоҳ таолонинг инояти остида бўлса, уни ҳеч ким кўра олмаслигига, шу сабабли мушриклар, кофирлар ғор ичига ҳар қанча назар солмасинлар, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва Абу Бакр розияллоҳу анҳуни ҳаргиз кўра олмасликларига қаратмоқчи бўлдилар.
Кофирларни ғорга киришдан ўргимчак уяси ёки кабутар тухуми тўсгани йўқ, балки Аллоҳнинг Ўзи тўсди. Агар мушриклар “Муҳаммад бу ғорга беркиниши ақлга тўғри келмайди” деган тақдирда ҳам, ғорда ҳеч ким йўқлигига кўнгиллари хотиржам бўлиши учун у ерга кириб кўришган бўларди. Лекин Аллоҳ таоло ўйлар ва ақллар устидан Ўзи ҳокимлик қилиб, Ўзи идора қилувчидир. Шу боис Аллоҳ ғор оғзигача излаб келган мушрикларнинг хаёлларига ғорга кириб чиқиш фикрини келтирмади. Мабодо улар ғор ичига кирган тақдирда ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг Расули ва Расулининг ҳамроҳи Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан бирга бўлгани учун мушриклар барибир кўра олишмаган бўларди!
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шериклари Абу Бакр Сиддиқ у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ёмонлик етишидан қўрқиб, «Агар мушриклардан бирортаси оёғи остига қараса, бизни кўриб қолади», деб титраб турар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса хотиржам эдилар.
«...улар икковлон ғорда турганларида, ҳамроҳига: «Маҳзун бўлма, албатта, Аллоҳ биз билан», деди». (Тавба сураси, 40-оят)
Бу Пайғамбаргагина хос бўлган хотиржамликдир. Чунки у Аллоҳнинг доимо ўзи билан бирга эканлигини сезиб туради.
«Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сакинатини нозил қилди ва уни сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади».
Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ғорда уч кун қолдилар. Кейин тайёргарлик қилиб, Мадинага ҳижрат қилдилар. Буларнинг барчаси Пайғамбар алайҳиссаломни Аллоҳнинг ваъдасига ишонишлари ва унга таваккал қилишлари далилдир. Ундан ташқари Абу Бакр Сиддиқ энг оғир пайтларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамроҳ ва ёрдамчи эканларига ишорадир.
86 - الثَّامِنُ: عَنْ أَبِي بَكْرٍ الصِّدِّيقِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُثْمَانَ بْنِ عَامِرِ بْنِ عَمْرٍو ابْنِ كَعْبِ بْنِ سَعْدِ بْنِ تَيْمَ بْنِ مُرَّةَ بْنِ كَعْبِ بْنِ لُؤيِّ بْنِ غَالِبِ الْقُرَشِيِّ التَّيْمِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ - وَهُوَ وَأَبُوهُ وَأُمَّهُ صَحَابَةٌ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمْ - قَالَ: نَظَرْتُ إِلَى أَقْدَامِ الْمُشْرِكِينَ وَنَحْنُ فِي الْغَارِ وَهُمْ عَلَى رُؤُوسِنَا فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ لَوْ أَنَّ أحَدَهُمْ نَظَرَ تَحْتَ قَدَمَيْهِ لأَبْصَرَنَا!! فَقَالَ: «مَا ظَنُّكَ يَا أَبَا بَكْرٍ باثْنَينِ اللهُ ثَالثُهُمَا؟!» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 3653، م 2381].