9. Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
“Биз Табук ғазотидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қайтиб келаётган эдик. У зот: «Албатта, ортимизда, Мадинада бир қавмлар борки, биз қайси бир дара ёки водийни босиб ўтмайлик, улар ҳам биз билан бирга бўлдилар. Уларни узр ушлаб қолди», дедилар”.
Шарҳ: Бу икки ҳадисда яхшилик йўлида ният қилишнинг фазилати ҳақида сўз бормоқда. Ким ғазот ёки бундан бошқа ибодатни ният қилсаю, унга узр монеъ бўлиб қолса, ниятининг савобига эришаверади. Чунки у киши ана шу нарсани амалга ошира олмаганига қанча кўп афсусланса, савоби ҳам шу даражада кўп бўлади. Демак узрли кишига бир ишни бажарувчининг савобидек ажр берилади. Чунки амалларга савоб бериш Аллоҳ томонидан ўша киши учун фазлу марҳаматдир. У Зот хоҳлаган кишига Ўзи ато қилади. Рост ният амалларнинг аслидир. Бир киши ибодат қилишни ният қилсаю, тўсатдан бир монеълик юзага келса, уни амалга оширганнинг савобидек, балки ундан ҳам кўп қилиб берилиши мумкин. Зеро имом Табаронийдан ривоят қилинган ҳадисда: «Мўминнинг нияти амалидан яхшироқдир», деб айтилган.
9 - وَرَوَاهُ البُخَارِيُّ عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: رَجَعْنَا مِنْ غَزْوَةِ تَبُوكَ مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّمَ فَقَالَ: «إِنَّ أَقْوَاماً خَلْفَنَا بِالْمَدِينَةِ مَا سَلَكْنَا شِعْباً وَلَا وَادِيًا إِلَّا وَهُمْ مَعَنَا، حَبَسَهُمُ الْعُذْرُ» [2829].