92-ҳадис

92. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Зулматли кечанинг бўлакларидек фитналар келмасидан олдин амал қилишга шошилинглар. (Ўша фитналар келса) киши тонг отганда мўмин бўлади-ю, кеч кирганда кофир бўлади [ёки кеч кирганда мўмин бўлиб, тонг отганда кофир бўлади], динини дунёнинг арзимас матоҳига сотиб юборади».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Нававий айтдилар:

«Узрли бўлиб қолишдан аввал солиҳ амалларни қилиб қолишга шошилишга тарғиб қилинмоқда. Чунки шундай фитналар содир бўладики, зулматли кечанинг бўлакларидек келади. Ўша фитналар келса киши тонг отганда мўмин бўлади-ю, кеч кирганда кофир бўлади ёки кеч кирганда мўмин бўлиб, тонг отганда кофир бўлади, динини дунёнинг арзимас матоҳига сотиб юборади. Чунки унда фитна буюк бўлади. Инсон бир кунда мана шундай кўп ўзгаради».

Мазҳарий бу ҳадисда бир неча кўриниш бор деб уларни санаб ўтдилар:

1. Мусулмонлардан икки тоифа орасида қабилачилик қилиб уруш содир бўлади. Улар ўша урушда қон тўкиш ва мулкини ўлжа қилишни ҳалол санашади.

2. Мусулмонларнинг бошлиқлари золим бўлади. Улар мусулмонларнинг қонини тўкадилар, уларнинг мол-мулкини ноҳақдан тўкадилар, зино қиладилар, ароқ ичадилар. Баъзи одамлар уларни ҳақ йўлда деб ўйлайдилар. Ёмон уламолар улар амалга оширадиган ҳаром нарсаларнинг жоизлигига фатво чиқариб берадилар.

3. Одамлар орасида шариатга хилоф бўлган муомала, олди-сотди ва бундан бошқа ишлар содир бўлади. Улар ўша ишларни ҳалол деб ҳисоблайдилар. 

92 - فَالأَوَّلُ: عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «بَادِرُوا بِالأَعْمَالِ فِتَناً كَقِطَعِ اللَّيْلِ الْمُظْلِمِ، يُصْبِحُ الرَّجُلُ مُؤْمِناً وَيُمْسِي كَافِراً، وَيُمْسِي مُؤْمناً وَيُصْبِحُ كَافِراً، يَبِيعُ دِينَهُ بِعَرَضٍ مِنَ الدُّنْيَا» رَوَاهُ مُسْلِمٌ [118].


Улашиш
|
|
Нусха олиш