96-ҳадис

96. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уҳуд куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилични олиб, «Буни мендан ким олади?» дедилар. Ҳамма «Мен, мен», деб қўлини чўзди. У зот: «Ким уни олиб, ҳаққини адо қилади?» деган эдилар, ҳамма тўхтаб қолди. Шунда Абу Дужона: «Мен уни олиб, ҳаққини адо қиламан», деди ва қилични олиб, у билан мушрикларнинг бошларини ёрди».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Ушбу сатрлар қаҳрамони баҳодир саҳобийнинг тўлиқ исмлари Симок ибн Хараша ибн Лавзон ал-Ансорий ал-Хазражий ас-Соъидийдир. Бу киши одамлар ичида ўзларининг Абу Дужона кунялари билан машҳур бўлганлар.

Абу Дужона розияллоҳу анҳу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳлидан дастлаб мусулмон бўлган кишилардан эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Дужона розияллоҳу ан­ҳуни муҳожирлардан Утба ибн Ғазвон ибн Жобир ал-Мозаний билан биродар қилиб қўйган эдилар.

Ривоятларда келишича, Абу Дужона розияллоҳу анҳу паст бўйли ва озғин киши бўлганлар. У кишида жисмоний тарафдан паҳлавонлар кўриниши бўлмаса ҳам ўзлари донғи кетган баҳодирлардан бўлганлар.

Тобароний, Баззор ва Ибн Роҳавайҳилар Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда:

«Қилични олмоқчи бўлганлар ичида Абу Бакр, Умар, Али ва Зубайрлар бор эди. У зот уни уларга бермадилар. Шунда Абу Дужона туриб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, унинг ҳаққи нимадир?» деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу билан то эгилиб кетгунича душман юзини урмоғинг, у билан мусулмонни ўлдирмаслигинг ва уни кўтариб душмандан қочмаслигинг», дедилар.

«Уни ҳаққи ила мен оламан! Эй Аллоҳнинг Расули!» деди Абу Дужона.

Бас, у зот унга бердилар», дейилган.

Уҳуд урушида мусулмонлар шиддатли жанг қилдилар. Айниқса, Абу Дужона Ансорий, Толҳа ибн Убайдуллоҳ, Ҳамза ибн Абдулмуттолиб, Али ибн Абу Толиб, Назр ибн Анас, Саъд ибн Робеълар катта жасорат кўрсатдилар.

Куннинг биринчи ярмида мусулмонлар кофирларга ғолиб келишди. Мушрикларнинг бошлиқларидан етмиш киши қатл этилди. Улар енгилиб, ортга қараб қоча бошладилар. Қочиб-қочиб, аёллари турган жойгача бордилар. Аёллар ҳам қочишга тайёрланиб, кийимларини йиғиштира бошладилар.

Аммо камончилар хатосидан фойдаланиб, Холид ибн Валид бошлиқ мушриклар мусулмонларнинг орқа томонларидан ҳужум қилганларидан кейин иш чаппасига айланиб кетди.

Кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ташлаб қоча бошладилар. Фақат оз сонли кишиларгина у зотнинг атрофларида қолдилар. Саҳобалардан Толҳа ибн Убайдуллоҳ, Абу Толҳа розияллоҳу анҳумо кабилар жонфидолик ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилдилар.

Сўнгра Абу Дужона розияллоҳу анҳу ҳам келиб, Расули акрам алайҳиссалоту вассаломни ўз танаси билан тўсиб турди. Ўқ келиб унга тегар, у бўлса, қимирлаб ҳам қўймас эди. Пайғамбар алайҳиссаломни жонфидолик билан ҳимоя қилар эди.

Умуман олганда, ўша куни Абу Дужона розияллоҳу анҳу тилларда достон бўладиган даражада жанг қилдилар.

«Ал-Бидая ван-Ниҳая» китобида келтирилган ривоятда ўзларининг баҳодирликлари билан шуҳрат қозонган саҳобалардан бўлмиш Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан қуйидагилар келтирилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраганимда қилични менга бермай Абу Дужонага берганларида кўнглимга олган эдим. Ичимда, мен Софиянинг–у зотнинг аммаларининг ўғли бўлсам, ўрнимдан туриб, аввал қилични у зотдан сўрасам, у зот бўлсалар, мени қўйиб, уни Абу Дужонага бердилар-а! Аллоҳга қасамки, Абу Дужона нима қилишини кўраман», дедим.

Сўнгра унинг орқасидан тушдим. Абу Дужона ўзининг қизил дуррасини олиб, у билан пашонасини танғиди. Шунда ансорийлар Абу Дужона ўлим дуррасини чиқарди, дедилар. Улар қачон ўша дурра билан пешонасини танғиганида шундоқ дер эдилар. Бас, у чиқиб ўзига дуч келган мушрикни қатл қила кетди.

Мушрикларнинг ичида бир одам бор эди. У биздан ярадор бўлганларни излаб юриб ўлдирар эди. Абу Дужона ўша одамга дуч келиб қолди. Улар бир-бирларига яқинлашиб кела бошладилар. Мен уларни Аллоҳ тўқнаштиришини сўраб, дуо қилдим. Улар бир-бирларига зарба бердилар. Мушрик Абу Дужонани тери қалқони ила урди. У қилич тортди. Абу Дужона уни қатл қилди.

Сўнгра қилични Ҳинд бинти Утбанинг боши узра кўрди. Аммо қилич ундан бошқа томонга бурилди. Ҳинд одамларни жангга чорлар ва ҳимматларини қўзир эди. У уларни Бадр урушида қатл қилинганларнинг ўчини олишга даъват қилар эди. Абу Дужона унга ҳамла қилганида у дод солиб, ёрдам сўради. Абу Дужона Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиличларини ҳурматидан у билан аёл кишини урмадим», деди».

«Ал-Мағозий» ва «Ал-Бидая ван-Ниҳая» китобларида келтирилган ривоятда Каъб ибн Молик ал-Ансорий розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Урушга чиққан мусулмонлардан эдим. Мушриклар мусулмонларнинг ўликларини қиймалаганини кўрганимда ўрнимдан бошқа томонга ўтдим. Қарасам, мушриклардан бири бошдан-оёқ қуролланган ҳолда мусулмонлар томон юриб:

«Сўйишга тайёрланган қўйларга ўхшаб, сафга туринглар!» демоқда.

Бирдан бошдан-оёқ қуролланган бир мусулмон пайдо бўлди. У душманни кузатиб турарди. Мен ҳам унинг ортидан боравердим. Кейин тўхтаб, мусулмон билан кофирдан кўз узмай кузата бошладим. Қарасам, кофирнинг кўриниши ҳам, қуроли ҳам афзал. Мен кузатиб туришда давом этдим. Улар тўқнашдилар. Шунда мусулмон қиличи билан икки елкаси қўшилган ерига чунонам туширдики, кофирни тенг иккига бўлиб юборди. Сўнгра мусулмон юзини очди ва:

«Нима дейсан, эй Каъб! Мен Абу Дужонаман!» деди».

Абу Дужона розияллоҳу анҳунинг Уҳуд кунидаги мислсиз қаҳрамонликларининг ҳақиқий баҳосини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бердилар.

«Ал-Бидая ван-Ниҳая», «Истибсор» ва «Ҳаётус Саҳоба» китобларида қуйидаги ривоят келтирилади:

«Али розияллоҳу анҳу Уҳуд куни қиличини қонга бўялган ҳолда олиб келиб, Фотимаи Заҳрога бериб:

«Мана бу қилични олиб, ёмонламай ювгин», деди ва:

«Қасамки, Муҳаммадга нусратда юрдим.

Бандаларни билувчи Робб ризосида юрдим», дея байт ўқиди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розияллоҳу анҳуга:

«Агар сен яхши жанг қилган бўлсанг, Саҳл ибн Ҳаниф ва Абу Дужона–Симок ибн Харша ҳам яхши жанг қилди», дедилар».

 

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг ҳаётлигида бир дирҳам садақа қилиши унинг учун ўлими олдидан юз дирҳам садақа қилишидан яхшироқ», дедилар». (Абу Довуд ривояти).

 

 

96 - الخَامِسُ: عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَخَذَ سَيْفاً يَومَ أُحُدٍ فَقَالَ: «مَنْ يأْخُذُ مِنِّي هَذَا؟» فَبَسَطُوا أَيْدِيَهُمْ، كُلُّ إنْسَانٍ مِنْهُمْ يَقُولُ: أَنَا أَنَا. قَالَ: «فَمَنْ يَأْخُذُهُ بِحَقِّهِ؟» فَأَحْجَمَ الْقَومُ، فَقَالَ أَبُو دُجَانَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَا آخُذُهُ بِحَقِّهِ، فَأَخَذَهُ فَفَلَقَ بِهِ هَامَ الْمُشْرِكِينَ» رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2470].

قولُهُ: «أَحْجَمَ الْقَومُ»: أَيْ وَقَفُوا، وَ«فَلَقَ بِهِ»: أَيْ: شَقَّ «هَامَ الْمُشْرِكِينَ»: أَيْ رُؤُوسَهُمْ.

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш