103. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечалари (намозда) турганларидан оёқлари шишиб кетарди. «Эй Аллоҳнинг расули! Аллоҳ сизни олдинги-ю кейинги гуноҳларингизни кечирган бўлса, нима учун бундай қиляпсиз?» десам, у зот: «Шукр этувчи банда бўлмайинми?» дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда зикр қилинган ҳол тунги намоз туфайли бўлган эди. Сарвари олам, маъсум Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини кўп ўқиганларидан, қиёмда узоқ тик турганларидан муборак оёқлари шишиб кетар эди. Бу ҳолатни билган баъзи саҳобаи киромлар у зотга ачинишар эди. Нима дейишларини билмай, ахийри: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингизни кечириб қўйган бўлса ҳам оёғингиз шишиб кетгунича нафл намоз ўқийсизми, дейишди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?» дедилар.
Ё Аллоҳ! Камтарликни қаранг! Шукр қилишга бўлган интилишни қаранг! Инсониятнинг улуғи бўлмиш, Аллоҳнинг энг севикли Пайғамбари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсум – гуноҳ қилмайдиган зот эдилар. Бунинг устига Аллоҳ таоло у зотга Қуръон орқали олдингию кейинги гуноҳлари мағфират қилганини эълон ҳам қилган эди.
Дунёда таҳажжуд намозига эҳтиёжи йўқ битта одам бўлса, ўша одам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар. Лекин шундоқ бўлса ҳам, таҳажжудни кўп ўқиганларидан оёқлари шишиб кетарди. Бу ҳолга етишдан мақсад эса битта – шукр қилувчи банда бўлиш эди.
103 - الرَّابِعُ: عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَقُومُ مِنَ اللَّيْلِ حَتَّى تَتَفَطَّرَ قَدَمَاهُ، فَقُلْتُ: لِمْ تَصْنَعُ هَذَا يَا رَسُولَ اللهِ وَقَدْ غُفِرَ لَكَ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِكَ وَمَا تَأَخَّرَ؟ قَالَ: «أَفَلَا أُحِبُّ أَنْ أَكُونَ عَبْداً شَكُوراً؟». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.
هَذَا لَفْظُ البُخَارِيِّ [خ 4837، م 2820].
وَنَحْوُهُ فِي «الصَّحِيحَينِ» مِنْ رِوَايَةِ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ [خ 1130، م 2819].