111-ҳадис

111. Абу Фирос Рабийъа ибн Каъб ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

(Бу киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари ҳамда аҳли суффалардан эдилар.)

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тунаб қолар эдим. Бир куни у зотга таҳорат сувларини ва бошқа керакли нарсаларни олиб келган эдим, у зот менга: «Сўра», дедилар. «Жаннатда сиз билан ҳамроҳ бўлишни сўрайман», дедим. «Бундан бошқани эмасми?» дедилар. «Шунинг ўзини», дедим. У зот: «Унда кўп сажда қилиб, бунда менга ёрдамлашгин», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Робийъа ибн Каъб ал-Асламий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда кечаси бирга қолган эдилар. Ўшанда у зотнинг хизматларини ихлос билан қилиб таҳорат суви, мисвок ёки жойнамозга ўхшаш ҳожат тушадиган нарсаларни келтирганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишидан рози бўлиб, хоҳлаган нарсангни сўра, деганлар. Ана ўшанда Робийъа ибн Каъб ал-Асламий:

«Жаннатда сизга рафиқ бўлишни сўрайман», деди.

У киши жуда катта нарсани, умуман ҳаётнинг асосий муддаосини сўраган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг нияти жиддийлигини билиш учун:

«Бундан бошқани эмасми?» дедилар».

Лекин Робийъа розияллоҳу анҳу жиддий эдилар:

«Шунинг ўзини», дедилар.

«Ундоқ бўлса, менга ўзинг учун кўп сажда ила ёрдам бер», дедилар Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Бу Пайғамбаримизнинг, мен сенинг жаннатда рафиқим бўлишинг учун қўлимдан келган ҳаракатни қиламан, аммо ўзинг ҳам бу ишда менга ёрдам бер, менга ёрдам беришинг, саждани кўп қилиш билан бўлсин, деганларидир.

Бундан жаннатга киришнинг энг асосий омиллари намоз ва ундаги саждалар экани билинади.

Ушбу ҳадис шарифдан олинадиган фойидалар:

1. Аҳли фазл кишиларнинг хизматида бўлиш фазилатли иш экани.

2. Улуғ кишиларга таҳорат суви ва шунга ўхшаш ҳожатлари тушиб турадиган нарсаларни муҳайё қилиб туриш кичикларнинг вазифаси экани.

3. Аҳли фазл кишилар ўзларини рози қилган атбоъларига мурувват этиб туришлари.

4. Сўраганида охират саодатини сўраш кераклиги.

5. Биров бир нарсани сўраганида: «Бундан бошқани эмасми?» деб сўраш жоизлиги.

6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзлари бевосита, амал қилмаган одамнинг жаннатга киришига бўлишига сабаб бўлмасликлари.

7. Намознинг фазилати катта бўлиб, жаннатга кириш учун зарур амал экани.

8. Робийъа ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг фазилатлари.

Демак, иложи борича кўп намоз ўқиб, саждани кўпайтиришимиз лозим. Ана шунда жаннатдан ва ундаги олий мартабалардан умидвор бўлсак ярашади.

111 - الثَّانِي عَشَرَ: عَنْ أَبِي فِرَاسٍ رَبِيعَةَ بْنِ كَعْبٍ الأَسْلَمِيِّ خَادِمِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، وَمِنْ أَهْلِ الصُّفَّةِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمْ قَالَ: «كُنْتُ أَبِيتُ مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَآتِيهِ بِوَضُوئِهِ وَحَاجَتِهِ، فَقَالَ: «سَلْنِي» فَقُلْتُ: أَسْأَلُكَ مُرافَقَتَكَ فِي الْجَنَّةِ. فَقَالَ: «أَوَ غَيْرَ ذَلِكَ؟» قُلْتُ: هُوَ ذَاكَ قَالَ: «فَأَعِنِّي عَلَى نَفْسِكَ بِكَثْرَةِ السُّجُودِ» رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [489].


Улашиш
|
|
Нусха олиш