112-ҳадис

112. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари (озод қилган қуллари) Абу Абдуллоҳ ёки Абу Абдурроҳман Савбондан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:

«Кўп сажда қилишинг керак, чунки Аллоҳга бир сажда қилсанг, Аллоҳ у туфайли сени бир даража кўтаради ва сендан бир хатони ўчиради», деб айтганларини эшитдим.

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Савбон ибн Юждуд, кунялари Абу Абдуллоҳ бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматкорларидан бўлиб, Яман билан Макка орасидаги Сирот деган жойдан эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини сотиб олиб:

«Агар биз билан бир оилада яшашни хоҳласанг, биз билан яшагин. Агар бошқа киши билан яшашни хоҳласанг, ихтиёр ўзингда, сен озодсан» деб мар­ҳамат қилганларида, бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қолишни ихтиёр қилдилар ва вафот этгунларига қадар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хизматларида бўлдилар.

Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом саҳобалардан:

«Қайси бирингиз кишилардан ҳеч нарса сўрамайман деб ваъда беради. Мен ана шу кишини жаннатга киришлигига кафиллик бераман», деб сўраганларида Савбон ваъда бердилар ва ҳаётларининг охиригача бировдан ҳеч нарса сўрамадилар».

Савбон розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида эканларида, бир куни одамлар у кищидан Аллоҳга энг маҳбуб амал ҳақида сўрадилар. У киши сукут сақлаб, жим қолдилар. Яна савол берилди. Савбон розияллоҳу анҳу яна жим эдилар. Одамлар учинчи марта Аллоҳга энг маҳбуб амал ҳақида сўраганларида, ушбу биз ўрганаётган ҳадисни айтдилар.

Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо Аллоҳга сажда қилишни, яъни, намоз ўқишни тавсия этмоқдалар. Зотан, намозсиз сажда бўлмас. Шу билан бирга ҳар бир сажда туфайли сажда қилувчининг даражаси бир поғона кўтарилиб, хатоларидан биттаси ўчирилиши ҳам таъкидланмоқда.

Бу эса ўз навбатида намоз нафақат гуноҳларнинг ювилишига балки даражаларнинг кўтарилишига ҳам хизмат этади экан.

Демак, Аллоҳнинг ҳузурида даражам юқори бўлсин, десак, кўпроқ намоз ўқиб саждаларимизни кўпайтирайлик. ҳар бир саждамиз туфайли даражамиз бир поғона кўтарилса, қандай яхши!

Хатоларимиз ювилсин, десак, кўпроқ намоз ўқиб саждаларимиз сонини кўпайтирайлик. Чунки ҳар бир саждамиз туфайли бир дона хатомиз ювилажак.

112 - الثَّالِثُ عَشَرَ: عَنْ أَبِي عَبْدِ اللهِ - وَيُقَالُ: أبُو عَبْدِ الرَّحْمَنِ - ثَوْبانَ مَوْلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: عَلَيكَ بِكَثْرَةِ السُّجُودِ؛ فَإِنَّكَ لَنْ تَسْجُدَ للهِ سَجْدَةً إلَّا رَفَعَكَ اللهُ بِهَا دَرَجَةً، وَحَطَّ عَنْكَ بِهَا خَطِيئَةً» رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [488].


Улашиш
|
|
Нусха олиш