113. Абу Сафвон Абдуллоҳ ибн Буср ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларнинг яхшиси умри узун бўлиб, амали гўзал бўлганидир», дедилар.
Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис, дедилар.
Шарҳ: Вақт ва соатлар тижоратчининг сармоясидир. У нимада фойда бўлса, ўшани тижорат қилади. Сармоя кўпайгани сари, фойда ҳам кўп бўлади. Ким уни яхши ўтаса, нажот топиб, муваффақиятга эришади. Ким сармоясини зое қилса, фойда топмайди ва очиқ ойдин хасрат ва надоматда қолади.
Убайд ибн Холид Суламийдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки кишини бир-бирига биродар қилдилар. Уларнинг бири ўлдирилди, иккинчиси эса бир ҳафта ёки шунга яқинроқ муддатдан кейин вафот этди. Унинг жанозасини ўқидик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «(Дуода) нима дединглар?» деб сўрадилар. «Унинг ҳаққига дуо қилдик, «Аллоҳим, уни мағфират қилгин ва биродарига етиштиргин», деб айтдик», дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Унинг намози тўхтагандан кейин бунинг ўқиган намози, унинг рўзасидан кейин бунинг тутган рўзаси, унинг амалидан кейин бунинг қилган амали қаёқда қолади? Иккисининг ораси осмон билан ерчалик». (Абу Довуд ривояти).
Имом Аҳмад муснадларида Абдуллоҳ ибн Шаддоддан ривоят қиладилар:
«Баний Узра қабиласидан бўлган уч нафар киши Набий с.а.в. ҳузурларига келиб мусулмон бўлишди. Расулуллоҳ с.а.в.: «Уларни ким овқатлантиради», дегандилар, Толҳа: «Мен», деди. Улар Толҳаникига боришди. Пайғамбар алайҳиссалом бир жамоани (урушга) юбордилар. Улардан бири ўша жамоа билан чиқиб шаҳид бўлди. Сўнгра яна бир жамоани (урушга) юборгандилар, улардан яна бири ўша жамоа билан чиқиб шаҳид бўлди. Сўнгра учинчиси тўшагида вафот топди. Толҳа: «Мен бу уч кишини жаннатда кўрдим. Тўшагида вафот топган уларнинг пешқадами эди. Охирги шаҳид бўлгани унинг ёнида, аввалгиси эса, унинг ёнида эди. Бу нарса менда чалкаш бўлиб қолди. Бу ҳақда Набий с.а.в.га зикр қилган эдим, у зот: «Унда нимани инкор қилдинг? Аллоҳ наздида Исломда узоқ умр кўрган кишидан кўра бирор афзал киши йўқ. Чунки унинг тасбеҳи, такбири ва таҳлили бор», дедилар».
Имом Аҳмаднинг бошқа ривоятида: «Улардан бири шаҳид қилинди. Иккинчиси бир йил ўтгач вафот топди. Кеч вафот топгани шаҳиддан аввал жаннатга киритилганини кўрдим. Бундан таажжубга тушиб тонг оттиргач бу ҳақда Набий с.а.в.га зикр қилдим. Шунда у зот: «Ахир ундан кейин Рамазон рўзасини тутмадими? Ахир олти минг ракат намоз ўқимадими? Ахир бир йилда мана бунча ва бунча ракат намоз ўқимадими», деб айтдилар.
113 - الرَّابِعُ عَشَرَ: عَنْ أَبِي صَفْوانَ عَبْدِ اللهِ بْنِ بُسْرٍ الأَسْلَمِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «خَيْرُ النَّاسِ: مَنْ طَالَ عُمُرُهُ وَحَسُنَ عَمَلُهُ» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ. [2329].
«بُسْرٍ»: بِضَمِّ البَاءِ وَبِالسِّينِ الْمُهْمَلَةِ.