114-ҳадис

114. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Амаким Анас ибн Назр Бадр жангида бўлмади. Кейин у: «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мушриклар билан қилган илк жангда бўла олмадим. Агар Аллоҳ мени мушриклар билан бўладиган жангда ҳозир қилса, қасамки, менинг нималар қилишимни Аллоҳ кўражак», деди. Уҳуд куни мусулмонлар чекинганида, у: «Аллоҳим! Мен мана булар – яъни шериклари – қилган ишдан Сенга узр айтаман, анавилар – яъни мушриклар – қилган ишга алоқам йўқлигини Сенга изҳор қиламан», деди. Кейин олдинга чиқди. Унга Саъд ибн Муоз йўлиқиб қолди. Шунда у: «Эй Саъд ибн Муоз! Жаннат! Назрнинг Роббига қасамки, мен унинг бўйини Уҳуд тарафидан туймоқдаман!» деди.

Саъд: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен унинг қилганини қила олмадим», деди.

Биз унда қилич, найза ёки ўқ теккан саксон нечтаям жароҳат кўрдик. Уни ўлдирилган ҳолда топдик. Мушриклар уни мусла* қилиб юборишган экан. Уни ҳеч ким танимади, фақат синглиси бармоғидан (таниб қолди).

Биз ушбу «Мўминлар ичида Аллоҳга берган аҳдларига содиқ қолган эранлар бор...» ояти у ва унга ўхшаганлар ҳақида нозил бўлган деб билар [ёки ўйлар] эдик.

Муттафақун алайҳ.

* Мусла – маййитнинг жасадини қиймалаш, аъзоларини кесиб, пажмурда қилиш.

Шарҳ: Уҳуд куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларига жароҳат етди, пастки жағларидаги бир тишлари синди. Бошлари ёрилди. Мушриклар у кишини тошбўрон қилишди. У зот Абу Омир Фосиқ мусулмонларни алдаш учун қазиб, устини ёпиб қўйган чуқурлардан бирига тушиб кетдилар. Бошларига кийган дубулғанинг иккита ҳал­қаси ёноқларига кирди. Мусулмонлар саросимага тушиб турган шундай нозик пайтда кимдир: «Муҳаммад қатл этилди!» деб қичқирди. Бу катта ва қаттиқ зарба бўлиб, мусулмонларнинг қолган куч-қувватларига ҳам путур етказди. Улар урушни йиғиштириб, енгилиб, ортларига қоча бошладилар. Ҳамма енгилса ҳам, Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу енгилмади. Қўлидаги қуролини ташлаб, бир гуруҳ муҳожир ва ансорийлар билан бирга турган Умар ибн Хаттоб ва Толҳа ибн Убайдуллоҳларнинг олдиларига борди:

«Нима қилиб ўтирибсизлар?!» деди.

«Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом қатл этилибдилар», дейишди улар:.

Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу:

«У кишидан кейин дунёда яшаб нима қиласизлар! Туринглар! Расулуллоҳ алайҳиссалом ўлган нарса йўлида сизлар ҳам ўлинглар!» деди.

Сўнгра мушриклар томон юриб кетди. Йўлда Саъд ибн Муъозни кўриб:

«Эй Саъд! Мен Уҳуд томонидан жаннатнинг ҳидини сезяпман», деди-да, урушга кириб, мисли кўрилмаган мардлик ила жанг қилиб, шаҳид бўлди. Унинг танасидан кейинчалик саксондан ортиқ жароҳат топдилар. Жасаднинг кимлигини ҳеч ким танимади. Фақат синглиси бош бармоғидан таниб қолди.

 

114 - الخَامِسَ عَشَرَ: عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: غَابَ عَمِّي أَنَسُ بْنُ النَّضْرِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ قِتَالِ بَدْرٍ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ غِبْتُ عَنْ أَوَّلِ قِتَالٍ قَاتَلْتَ الْمُشْرِكِينَ، لَئِنِ اللهُ أَشْهَدَنِي قِتَالَ الْمُشْرِكِينَ لَيَرَيَنَّ اللهُ مَا أَصْنَعُ.

فَلَمَّا كَانَ يَومُ أُحُدٍ انْكَشَفَ الْمُسْلِمُونَ، فَقَالَ: اللَّهُمَّ؛ أَعْتَذِرُ إِلَيْكَ مِمَّا صَنَعَ هَؤُلاَءِ – يَعْني أَصْحَابَهُ – وَأَبْرَأُ إِلَيْكَ مِمَّا صَنَعَ هَؤُلاَءِ – يَعْنِي الْمُشْرِكِينَ - ثُمَّ تَقَدَّمَ فَاسْتَقْبَلَهُ سَعْدُ بْنُ مُعَاذٍ، فَقَالَ: يَا سَعْدَ بْنَ مُعَاذٍ؛ الْجَنَّةُ وَرَبِّ النَّضْرِ، إِنِّي أَجِدُ رِيْحَهَا مِنْ دُونِ أُحُدٍ. قَالَ سَعْدٌ: فَمَا اسْتَطَعْتُ يَا رَسُولَ اللهِ مَا صَنَعَ، قَالَ أَنَسٌ: فَوَجَدْنَا بِهِ بِضْعاً وَثَمَانِينَ ضَرْبةً بِالسَّيْفِ، أَوْ طَعْنَةً بِرُمْحٍ، أَوْ رَمْيَةً بِسَهْمٍ، وَوَجَدْنَاهُ قَدْ قُتِلَ وَمثَّلَ بِهِ الْمُشرِكُونَ فَمَا عَرَفَهُ أَحَدٌ إِلَّا أُخْتُهُ بِبَنَانِهِ. قَالَ أَنَسٌ: كُنَّا نَرَى أَوْ نَظُنُّ أَنَّ هَذِهِ الآيَةَ نَزَلَتْ فِيْهِ وَفِي أَشْبَاهِهِ: [مِنَ الْمُؤْمِنِينَ رِجَالٌ صَدَقُوا مَا عَاهَدُوا اللهَ عَلَيهِ] [الأحزاب: 23] إِلَى آخِرِهَا. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 2805، م 1903].

قوله: «لَيُرِيَنَّ اللهُ» رُوِيَ بِضَمِّ اليَاءِ وَكَسْرِ الرَّاءِ، أَيْ لَيُظْهِرَنَّ اللهُ ذَلِكَ لِلنَّاسِ، وَرُوِىَ بِفَتْحِهِمَا، وَمَعْنَاهُ ظَاهِرٌ، وَاللهُ أَعْلَمُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш