117. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ бир кишининг ажалини олтмиш ёшга етгунича кечиктирган бўлса, унга узр қолдирмабди», дедилар».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Олтмиш етган киши энди истиғфор, ибодат ва батамом охиратга юзланиши лозим. Бундан кейин у киши учун ҳужжат йўқдир.
Табиблар инсон ёшини тўрт қисмга ажратишган.
1. Болалик. 2. Йигитлик. 3. Етук ёши. 4. Қарилик.
Қачон инсон олтмиш ёшга етганида унда заифлик, камчилик ва таназзул даври бошланади. Шунда огоҳлантирувчи ўлим хабари келишни бошлайди. Унда Аллоҳ томон тўла юзланиш вақти келган бўлади.
Бу ҳадисда қарилик пайтида гуноҳ содир қилиш жуда ҳам қабоҳат иш эканига ҳам ишора бордир. Олтмиш ёшга етган киши учун Роббисининг ибодатида камчиликка йўл қўйишида узр йўқдир.
Баъзилар қарилик ва айб қандай қилиб бир жойда жам бўлади, деб айтишди.
Ваҳб ибн Мунаббаҳдан ривоят қилинади.
Аллоҳнинг китобларининг баъзисида қуйидаги нарсалар ёзилгандир. Қирқ ёшлик кишилар учун «Экин бўлиб, ўриш вақти келган». Эллик ёшлик кишилар учун «Сарҳисоб учун келинглар». Олтмиш ёшлик кишилар учун «Нима тақдим қилдинглар ва нима қолдирдинглар, сизлар учун узр йўқ». Етмиш ёшлик кишилар учун «Ўзингизни ўликлардан деб ҳисобланг», деб айтилади.
وأمَّا الأَحَادِيثُ:
117 - فَالأَوَّلُ: عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أَعْذَرَ اللهُ إِلَى امْرِىءٍ أَخَّرَ أَجَلَهُ حَتَّى بَلَغَ سِتِّينَ سَنَةً» رَوَاهُ البُخَارِىُّ. [6419].
قَالَ العُلَمَاءُ مَعْنَاهُ: لَمْ يَتْرُكْ لَهُ عُذْراً؛ إِذَا أَمْهَلَهُ هَذِهِ الْمُدَّةَ، يُقَالُ: أَعْذَرَ الرَّجُلُ: إِذَا بَلَغَ الغَايَةَ فِي الْعُذْرِ.