Рўйхатни беркитиш
Мундарижа
Мундарижа
12-КИТОБ
Илм китоби
كتاب العلم
(12)
1-BOB

1-Боб. Илмнинг фазилати ҳақида

Аллоҳ таоло: «Ва айтинг: «Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин», (Тоҳа сураси, 114-оят).

«Айтинг, «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» (Зумар сураси, 9-оят).

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража мартабаларга кўтарур». (Мужодала сураси, 11-оят) 

«Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларигина қўрқур», (Фотир сураси, 28-оят) деб айтган.

1 - بَابُ فَضْلِ العِلْمِ

قَالَ اللهُ تَعَالَى: {وَقُلْ رَبِّ زِدْنِي عِلْماً} [طه - 114].

وَقَالَ تَعَالَى: {قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ} [الزمر - 9].

وَقَالَ تَعَالَى: {يَرْفَعِ اللهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا العِلْمَ دَرَجَاتٍ} [المجادلة - 11].

وَقَالَ تَعَالَى: {إنَّمَا يَخْشَى اللهَ مِنْ عِبَادِهِ العُلَمَاءُ} [فاطر - 28].


(1)

1395. Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ* қилиб қўяди», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

* Фақиҳ – моҳиятни чуқур англайдиган, билимдон, дақиқ тушунувчи.

Шарҳ: «Фиқҳ» сўзи луғатда бир нарсани дақиқ жойларигача тушунишни англатади. Шариат ҳукмини дақиқ жойларигача тушуниш ҳам «фиқҳ» дейилиши шундан. Ана шундай малакага эга бўлган одамни «фақиҳ» дейилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», демоқдалар. 

Демак, дин таълимотларини яхши тушунадиган бўлиш банда учун катта бахт-саодатдир. Унга Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилганининг аломатидир. Демак, диний илмни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида: 

«Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради», демоқдалар. Яъни, мен Аллоҳ берган илмни етказаман, холос, ҳақиқий берувчи Аллоҳнинг Ўзи, деганлари тушунилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифнинг давомида сиз билан биз умматларига улкан башорат қилмоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон умматининг келажаги ҳақида сўз юритиб: 

«Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар.

Бу дарҳақиқат улкан башоратдир. Мусулмон уммати қиёмат қоим бўлгунча Аллоҳнинг амрини тутиб туриши ҳақидаги таъкидли хабардир. Эҳтимол ҳамма мусулмонлар Аллоҳнинг амрини бирдек тутмаслар. Баъзилари ва баъзан кўплари Аллоҳнинг амрини тутмаслар. Аммо Ислом уммати ичида Аллоҳнинг амрини доимо тутувчилар қиёматгача бўлиши аниқ. Шу билан бирга, Ислом умматига хилоф қилувчилар бўлиши ҳам аниқ. Энг муҳими, хилоф қилувчилар Ислом умматига зарар етказа олмайдилар.

Бу башорат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари экани ҳам очиқ-ойдин. Агар у зотдан бошқа одам бўлганида бу гапни Ислом уммати заиф бўлиб турган пайтда айта олмас эди. Бир минг тўрт юз йилдан ортиқ муддатли тажриба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу башоратларини тасдиқлаб келмоқда.

Араб мушриклари аввал бошдаёқ аҳд ва кучларини бир қилиб, Ислом ва мусулмонларни ер юзидан супуриб ташлашга қаттиқ ҳаракат қилдилар. Барча далолатлар, барча ўлчовлар мусулмонларнинг мағлубиятидан дарак берар эди. Лекин Аллоҳнинг тадбири ила оз сонли, кучсиз мусулмонлар ғолиб, кўп сонли, кучли мушриклар мағлуб бўлдилар. Арабистон ярим оролида ширк байроғи йиқилиб, Ислом байроғи ҳилпиради.

Ўша вақтда дунёни сўраб турган Рум ва Форс империялари ёш Ислом даавлатини ер юзидан супуриб ташлашнинг пайига тушдилар. Оқибати нима билан тугагани ҳаммага маълум. Мазкур икки кучли салтанат қулаб, улар эгаллаб турган ерлардаги мазлум инсонлар Ислом адолатидан баҳраманд бўлдилар.

Ундан кейин ҳам турли кучлар, тузумлар Исломга ва мусумонларга зарар етказишга уриниб кўрдилар. Бу урушнинг кўпида инсон ўлчови бўйича Ислом душманлари мақсадларига эришишлари аниқ эди. Кучлар тенг эмас, шароитлар бошқача эди. 

Ҳар сафар энди Исломга қарши ҳал қилувчи зарба берилди, деб гумон қилинар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу башоратларидан бехабар мусулмонлар ҳам ноумид бўлар эдилар. Лекин ҳар сафар душманларнинг Ислом умматига қарши қилган ҳаракатлари чиппакка чиқаверди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари тасдиқ бўлаверди.

Мўғил босқинчилари мусулмон олами бошига бало-офатдек ёғилиб келдилаар. Улар Хоразм, Бухоро, Самарқанд ва бошқа Ислом марказларида тарихчилар таърифи ила айтилганда кишиларни устара билан соч қиргандек қирдилар. 

Ўша пайтда «осмон ерга узилиб тушди, деса ишонгин-у, мусулмон мўғилдан устун келибди, деса ишонма», деган гап тарқаган эди. 

Тарихчилар ривоят қилишларича, мўғиллар номининг ўзиёқ кишиларни даҳшатга солиб, қўл-оёқларидан мадорни олиб қўядиган даражага етганди. Бир мўғил мусулмонни кўчада учратиб қолиб: «Эй мусулмон, тўхтаб тур, ҳозир қиличимни олиб келиб, сени ўлдираман», деб қиличини олиб келиб, мусулмонни чопгунича у сеҳрлангандек тураверган ҳоллари ҳам бўлган.

Баъзи вақтларда бир мўғил аёл бир тўп мусулмон эркакни ўлдириб бўлгунча ҳаммалари лол бўлиб қараб тураверганлар. 

Кўпчилик мусулмонлар мўғилларни қиёматдан олдин пайдо бўладиган яъжуж-маъжужларга ўхшатиб, қиёмат қоим бўлиши яқин, деб ўйлаганлар ҳам.

Аммо Қуръон ва Суннатдан бохабар Изиддин ибн Абуссалом каби уламолар, Саййид Қутуз каби аскарбошилар мусулмонлар оммасини тавба қилишга, Қуръон ва Суннатга амал қилишга, душманга қарши курашга чорлаганлар. Мусулмонлар Айни Жолут номли жойда мўғилларга биринчи қақшатқич зарба берганларидан сўнг, ўзларига келиб, Ислом юртларини босқинчилардан озод қилганлар. Кўпчилик мўғилларнинг ўзлари эса Исломга кириб, яхши мусулмон бўлдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари яна бир бор тасдиғини топиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган башорат мўъжизаси намоён бўлди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари ҳақ:

«Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди»

Ҳозирги ҳаётимизда бу ҳадиси шариф ҳикматига қанчалар муҳтожмиз. 

Нима учун ичимизда динимиз ҳукмларини дақиқ тушунувчи кишиларимиз йўқ даражада? 

Нима учун орамизда Аллоҳ таоло яхшиликка ирода қилган одамлар йўқ даражада? 

Ёки биз учун Аллоҳ яхшилик ирода қилишининг кераги йўқми? 

Ислом аҳкомларининг дақиқ ва аниқ тушунишнинг зарурати йўқми? 

Бу чидаб бўлмайдиган даражадаги ачинарли ҳолдир. Агар биз ўзимизни мусулмон ҳисобласак, Аллоҳдан, қиёмат кунидан умидвор бўлсак, Исломни яхши тушунишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Аллоҳ таоло яхшиликка ирода қилган кишилардан бўлишга уринмоғимиз лозим.

 1395 - وَعَنْ مُعَاوِيَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْراً يُفَقِّهْهُ فِي الدِّيْنِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 71، م 1037].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

1396. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фақат икки нарсадан бошқада ҳасад йўқ. (Биринчиси) Аллоҳ бир одамга молу дунё берсаю, у ўшани тўғри йўлда сарф қилса, (иккинчиси) Аллоҳ бир одамга илм берсаю, у ўша илми ила ҳукм чиқарса ва таълим берса», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг шарҳи 556-рақамли ҳадис остида келтирилган.

«Ҳасад» аслида бошқага берилган неъматнинг заволини орзу қилишни англатади. Бу гуноҳ ҳисобланади. Гоҳида «ҳасад» сўзи «ҳавас қилиш» маъносида ҳам келади. Яъни, бошқа кишига берилган неъматни кўриб, уни ўзида ҳам бўлишини орзу қилиш маъносида ҳам ишлатилади. Бунга араблар «ғибта», дейдилар. Ушбу ҳадиси шарифдаги «ҳасад» сўзи ана ўша ғибта – ҳавас қилиш маъносида келган.

1396 - وَعَن ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَا حَسَدَ إِلَّا فِي اثْنَتَيْنِ: رَجُلٌ آتَاهُ اللهُ مَالًا فَسَلَّطَهُ عَلَى هَلَكَتِهِ فِي الحَقِّ، وَرَجُلٌ آتَاهُ اللهُ الحِكْمَةَ فَهُوَ يَقْضِي بِهَا، وَيُعَلِّمُهَا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 73، م 816 وسبق برقم 556].

وَالْمُرَادُ بِـ(الحَسَدِ) الْغِبْطَةُ، وَهُوَ: أَنْ يَتَمَنَّى مِثْلَهُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

1397. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ мен орқали юборган ҳидоят ва илм худди ерга ёққан мўл ёмғирга ўхшайди: унинг яхши жойлари бўлиб, сувни ўзига сингдирди ва кўплаб ўт-ўланларни ўстирди. Унинг қаттиқ, қурғоқ жойлари ҳам бўлиб, ўзида сув тўплади. Натижада Аллоҳ бу билан одамларга манфаат берди: ичишди, суғоришди ва деҳқончилик қилишди. (Мўл ёмғир ернинг) бошқа жойига ҳам ёғди. У на сув тўпламайдиган, на экин ўстирмайдиган текислик эди. Мана шу Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлган, Аллоҳ мен ила юборган нарса манфаат берган, ўзи ўрганган, (ўзгаларга ҳам) ўргатган киши билан бу нарсага эътибор бермаган, Аллоҳнинг мен ила юборилган ҳидоятини қабул қилмаган кишининг мисолидир», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг шарҳи 169-рақамли ҳадис остида келтирилган.

1397 - وَعَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَثَلُ مَا بَعَثَنِي اللهُ بِهِ مِنَ الهُدَى وَالْعِلْمِ كَمَثَلِ غَيْثٍ أَصَابَ أَرْضاً؛ فَكَانَتْ مِنْهَا طَائِفَةٌ طَيِّبَةٌ قَبِلَتِ الْمَاءَ فَأَنْبَتَتِ الْكَلأَ، وَالْعُشْبَ الْكَثِيرَ، وَكَانَ مِنْهَا أَجَادِبُ أَمْسَكَتِ الْمَاءَ فَنَفَعَ اللهُ بِهَا النَّاسَ؛ فَشَرِبُوا مِنْهَا وَسَقَوْا وَزَرَعُوا، وَأَصَابَ طَائِفَةً مِنْهَا أُخْرَى إِنَّمَا هِيَ قِيعَانٌ، لَا تُمْسِكُ مَاءً، وَتُنْبِتُ كَلأً، فَذَلِكَ مِثَلُ مَنْ فَقُهَ فِي دِيْنِ اللهِ وَنَفَعَهُ مَا بَعَثَنِي اللهُ بِهِ، فَعلِمَ وَعَلَّمَ، وَمَثَلُ مَنْ لَمْ يَرْفَعْ بِذَلِكَ رَأْساً، وَلَمْ يَقْبَلْ هُدَى اللهِ الَّذِي أُرْسِلْتُ بِهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 79، م 2282 وسبق برقم 169].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

1398. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розияллоҳу анҳуга:

Аллоҳга қасамки, сен туфайли Аллоҳ бир кишини ҳидоят қилиши сен учун қизил туяларинг бўлишидан яхшидир», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларга дин аҳкомларини ўргатиш, уларни ҳидоятга бошлаш нақадар савобли ва улуғ иш эканини баён қилмоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисни ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга у кишини Ҳайбарга юбораётиб айтганлар. 

Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай нарсага қасам ичавермайдилар. Аммо бу ҳадисда кўтарилаётган масала ўта муҳим бўлгани учун уни «Аллоҳга қасамки», деб бошлаганлар.

«Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг иршодинг ила бир кишини ҳидоят қилмоғи сен учун қизил туялардан кўра яхшироқдир».

Арабларда ўша пайтда энг гўзал ва мўътабар мулк – айни етилиб, қизғиш тусга кирган туя ҳисобланган. Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Алига: «Эй Али, сенинг бир одамни ҳидоятга киришига сабаб бўлганинг энг яхши мулк бўлмиш қизил туяларни садақа қилганингдан яхшироқдир», демоқдалар.

Кишиларни ҳидоятга бошлаш, уларга илм ўргатиш Ислом динида энг улуғ ишлардан экани китобнинг аввалидан айтиб келинмоқда. Бу ҳадиси шарифдан эса бир инсонга илм ўргатиб, билмаган нарсасини билдириб, хатосини тўғрилаб, уни тўғри йўлга иршод қилиб қўйиш қанчалар савоб эканини билиб олмоқдамиз.

Ҳозирги ҳаётимизда бу ҳадисга амал қилишга жуда-жуда муҳтожмиз. Чунки бугунги кунда Исломдан анча узоқлашиб кетганмиз. Дунёдаги қанчадан-қанча одамларга Ислом ҳидоятини етказиш керак. Ҳатто ўзини мусулмон санаб юрганлар ичида ҳам ҳақиқий ҳидоят йўлига тушмаганлар қанча!

Юқоридаги ҳадиси шариф ана шундай кишиларни тўғри йўлга солишга чорламоқда. Чиндан ҳам Исломдан бехабар юрган бир кишини иршод қилиб, ҳидоят йўлига киритиш қанчалик улуғ савоб!

Мусулмонман, деб калимаи шаҳодатни айта олмай юрган одамга калимаи шаҳодатни ўргатиш, намоз ўқимай юрган бетавфиқ одамни иршод қилиб, намоз ўқийдиган бўлиб қолишига сабаб бўлиш қанчалик савоб!

Динимизнинг бошқа кўрсатмаларига амал қилмай юрган бир кишини тўғри йўлга тушиб олишига сабаб бўлиш ҳар қандай хайри садақадан кўра афзалдир. Ароқ ичиб, зино қилиб, ўғрилик, қаллоблик ёхуд иғво-бўҳтон билан машғул бўлиб юрганларни бу ёмонликлардан қайтаришга сабаб бўлиш қанчалик улуғ савоб!

Бу бир кишининг Аллоҳ ҳидоятига келишига сабабчи бўлганга ваъда қилинаётган савоблар. Бир киши эмас, ўн, юз, минг ва ундан кўп кишиларнинг ҳидоят топишига сабабчи бўлиш савоби қанчалар эканини тасаввур этаверинг!

Шунинг учун ҳам ушбу ҳадис ва унинг руҳини яхши тушунган, унга амал қилган аввалги мусулмонларнинг ҳар бирлари Исломнинг даъватчиси бўлганлар. Жонкуяр мусулмон албатта салла-чопон кийиб, «мулла» деган ном олган бўлиши шарт эмас. Мусулмонларнинг ҳаммалари даъватчи бўлишлари керак. Баъзи вақтларда муллалардан кўра оддий мусулмонларнинг даъвати таъсирлироқ чиқади. Масалан, мусулмон табиб ўз тажрибаси асосида, тибдаги илоҳий мўъжизаларни далил қилиб, кишиларни Исломга чақирса, қанчалар таъсирли!

Шунга ўхшаб, бошқа соҳаларнинг одамлари ҳам динини, ўз соҳасини мукаммал ўрганиб, кишиларни Ислом дини ҳукмларига амал қилишга чақирмоқлари лозим. Ана ўшанда ўз бурчимизни адо этган бўламиз.

1398 - وَعَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ لِعَليٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: «فَوَاللهِ لأَنْ يَهْدِيَ اللهُ بِكَ رَجُلاً وَاحِدًا خَيْرٌ لَكَ مِنْ حُمْرِ النَّعَمِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 3009، م 2406].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

1399. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мендан бир оятни бўлса ҳам етказинглар. Бану Исроил ҳақида эса сўзлайверинглар, танглик йўқ. Ким менга нисбатан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан жойини олаверсин», дедилар».

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учта муҳим масалани баён қилмоқдалар. 

1.«Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар». 

Яъни, менинг билганим оз нарса, фақат биргина оят, деб ўтирманглар, ўшани бўлса ҳам одамларга етказинглар, демоқдалар. 

2.«Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ». 

Бу иш рухсат берилган доирада бўлиши кераклигини уламоларимиз таъкидлаганлар. Чунки бошқа ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аҳли китобларни тасдиқламанглар ҳам, ёлғончи қилманглар ҳам, Аллоҳга ва у Зотдан ўзимизга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик, денглар», деганлар. 

Шунинг учун уларнинг шариатимизга мувофиқ нарсаларини тасдиқлаймиз, шариатимизга номувофиқларини ёлғон, деймиз.

3.«Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин».

Билиб туриб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган нарсани у зотдан деб гапириш шунчалар ёмон нарсаки, ким шу ишни қилса, дўзахий бўлиши турган гап.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Оз бўлса ҳам ўзи билган илмни ўзгаларга етказиш зарурлиги.

2. Бани Исроил ҳақида шариатимиз изн берган маънода гапириш жоизлиги.

3. Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиса, дўзахий бўлиши.

Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилишга жуда муҳтожмиз. Оз-оздан бўлса ҳам билган нарсаларимизни ўз биродарларимизга ўргатишимиз зарур. Қанчадан-қанча кишилар калимаи шаҳодатни ўрганишга муҳтожлар. Уларга бу нарсани билганлар ўргатмаса, ким ўргатади? 

Қанчадан-қанча кишилар ақалли бир оятни ҳам, Қуръондаги кичик сураларни ҳам билмайдилар. Уларга ҳам билганлар ўргатмай ким ўргатади! Таҳорат, ғусл, намоз, жаноза ва бошқа кўплаб шаръий аҳкомларни билмайдиганларимиз кўп. Буларнинг ҳаммасини биладиганлар ўргатиши лозим. Баъзи нарсаларни билганлар ундан ҳам кўра кўпроқ нарсаларни билишлари керак. Улар ўзларидан кўпроқ биладиганлардан ўрганишлари лозим бўлади ва ҳоказо.

«Бани Исроил» ва бошқа аҳли китоблар ҳақида ҳам билганлар билмаганларга гапириб, шариатимизнинг уларга бўлган муносабатларини тушунтириб беришлари лозим. Чунки билимсизлик оқибатида улар билан нотўғри муносабат ва алоқалар вужудга келмоқда. Кишиларимиз адашиб, катта хатоларга йўл қўймоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқилишини ҳам олдини олиш керак. Билиб-билмай турли гапларни ҳадис, деб гапириш катта гуноҳ. Бу ўша одамнинг дўзахга киришига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳадиснинг ҳақиқий эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмасдан туриб, ҳадис айтиш яхши эмас.

1399 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ العَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «بَلِّغُوا عَنِّي وَلَوْ آيَةً، وَحَدِّثُوا عَنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ وَلَا حَرَجَ، وَمَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّداً فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [3461].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

1400. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким илм излаб йўлга тушса, шу сабабли Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди», дедилар”.

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг шарҳи 252-рақамли ҳадис остида келтирилган.

1400 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «وَمَنْ سَلَكَ طَرِيقاً يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْماً، سَهَّلَ اللهُ لَهُ بِهِ طَرِيقاً إِلَى الجَنَّةِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2699 وسبق برقم 252].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

1401. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким яхшиликка чақирса, ўзига эргашганларнинг ажрича унга ҳам ажр ёзилиб туради ва бу уларнинг ажридан ҳеч нарсани камайтирмайди».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи илмнинг асари доимий қолажаги, унинг эгаси доимо савобга эга бўлиб туришини исбот қилиш учун бир боб очди.

Дарҳақиқат, Исломда бардавом савоб етказиб турадиган ишлардан бири илм ҳисобланади. Илм йўлида қилинган амал ҳеч қачон зое кетмайди. Балки бундан ўз эгасига унинг ўлимидан кейин ҳам савоблар етиб туради. Ушбу таълимотлар билан бобдаги ҳадиси шарифларни ўрганиш давомида яна ҳам яқинроқ танишамиз.

Ушбу ҳадисда илм эгаллаб, кишиларни ҳидоятга чақирувчи бўлишга тарғиб қилинмоқда. Шу билан бирга, жоҳилликдан, кишиларни залолатга чақирувчи бўлишдан қайтарилмоқда.

«Ким яхшиликка чақирса, ўзига эргашганларнинг ажрича унга ҳам ажр ёзилиб туради ва бу уларнинг ажридан ҳеч нарсани камайтирмайди».

Илмли киши бир тўғри, савобли ишга чақирса, у туфайли қанча одам ўша савобли ишни қилса, унга эргашганларнинг ажрича ажр бўлар экан, қолаверса, амал қилувчиларнинг савоби камайиб ҳам қолмас экан. Илмнинг фойдасини қаранг. Илмли кишига кишиларни ҳидоятга чақиргани учун берилган улкан савобга қўшимча равишда ўша чақириққа биноан қилинган амалларнинг барчасига берилган савобчалик савоб ёзилар экан. Модомики, у киши тарқатган илм бор экан, одамлар унга амал қилиб турар эканлар, илм эгаси вафот этиб кетса ҳам орқасидан савоби бориб турар экан. Шу билан бир вақтда, бунинг акси ҳам бўлиши мумкин. 

Ҳадиснинг давомида қуйидагича қўшимча бор.

«Ким бир залолатга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг гуноҳлари мислича гуноҳ бўлади. Бу эса, уларнинг гуноҳларидан ҳеч нарсани камайтирмайди»

Бир жоҳил одам кишиларни залолатга чақирса, улар жоҳилнинг ёмон чақириғи боис адашиб, залолатга кетишлари, гуноҳ қилишлари мумкин. Ана ўшанда залолат даъватчисига одамларни залолатга даъват қилгани учун оладиган гуноҳи устига унинг даъвати ила залолатга кетганларнинг амалига берилган гуноҳларнинг барчаси юкланар экан. Шу билан бирга, ёмон амал қилганларнинг гуноҳи камайиб ҳам қолмас экан. 

Демак, ҳар бир мусулмон илмга эга бўлиб, кишиларни ҳидоятга даъват қилувчи бўлиш учун уринмоғи лозим. Мусулмон киши одамларни залолатга, гуноҳ ишларга чиқирувчи бўлмаслиги керак. Агар яхшиликка даъват қила олмаса, яхшиликка даъват қилаётганларга эргашсин, уларга қўлидан келган ёрдамини берсин. Залолатга, ёмонликка даъват қилаётганлардан узоқда бўлсин, уларга хайрихоҳлик кўрсатмасин, одамларни ҳам улардан эҳтиёт бўлишга чақирсин.

Илмнинг асари боқий қолишини унутмайлик. Доимо илмга яқин бўлишга интилайлик, кишиларни ҳам шунга даъват қилувчилардан бўлайлик! 

1401 - وَعَنْهُ أَيْضاً رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ دَعَا إِلَى هُدًى كَانَ لَهُ مِنَ الأَجْرِ مِثْلُ أُجُورِ مَنْ تَبِعَهُ، لَا يَنْقُصُ ذَلِكَ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْئاً». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2674].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

1402. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласи вафот қилса, унинг уч нарсадан бошқа амаллари узилади: жорий садақа, фойдаланиладиган илм ёки ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг шарҳи 962-рақамли ҳадис остида келтирилган.

1402 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِذَا مَاتَ ابْنُ آدَمَ انْقَطَعَ عَمَلُهُ إِلَّا مِنْ ثَلَاثٍ: صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ، أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ، أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1631 وسبق برقم 962].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

1403. Яна у киши розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Дунё ва ундаги ҳамма нарса лаънатлангандир, фақат Аллоҳнинг зикри ва У Зотга яқин қилувчи амаллар, илм эгалари ва илм ўрганувчилар мустаснодир», деганларини эшитганман».

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис, дедилар.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг шарҳи 490-рақамли ҳадис остида келтирилган.

1403 – وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «الدُّنْيَا مَلْعُونَةٌ، مَلْعُونٌ مَا فِيهَا إِلَّا ذِكْرَ اللهِ تَعَالَى وَمَا وَالَاهُ، وَعَالِماً، أَوْ مُتَعَلِّماً». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [2322 وسبق برقم 490].

قَولُهُ «وَمَا وَالَاهُ» أَيْ: طَاعَةُ اللهِ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

1404. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки илм излаб чиқса, қайтиб келгунича у Аллоҳ йўлида бўлади», дедилар».

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис, дедилар.

1404 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ خَرَجَ فِي طَلَبِ العِلْمِ، فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ حَتَّى يَرْجِعَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [2647].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

1405. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши ниҳояси жаннат бўлмагунича яхшилик (илм) эшитишдан тўймайди», дедилар».

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис, дедилар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида мўмин киши умрининг охиригача яхшилик – илм талаб қилиб бориши зурурлигини, ана шунда жаннатга дохил бўлишини таъкидламоқдалар. Исломдаги бешикдан қабргача илм талаб қилиш зарурлигига ишора бу ҳадисда ўзига хос услуб билан айтилмоқда. Мўмин киши доимо илм талаб қилиши, ўзи, дини, биродарлари, эли-юрти учун фойдали бўлган нарсаларни ўрганиб юриши лозим.

Бу қоидага ҳаммамиз тўлиқ амал қилсак, улкан бахту саодатга эришган бўламиз.

1405 - وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الخدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَنْ يَشْبَعَ مُؤْمِنٌ مِنْ خَيْرٍ حَتَّى يَكُونَ مُنْتَهَاهُ الجَنَّةَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ، وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [2686].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

1406. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг сизнинг энг оддийингиздан афзаллигим кабидир», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ерларнинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшилик ўргатувчиларга салавот айтиб турадилар», дедилар».

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис дедилар.

Шарҳ: Саҳобаи киромлар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши – олим ва обид зикр қилинди ва уларнинг қайси бири афзал эканлиги ҳақида сўралди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг сизнинг энг оддийингиздан афзаллигим кабидир», дедилар. 

Саҳобалик катта бахт, ҳатто энг кичик саҳоба бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларини топиш ҳам чексиз саодат. Шунингдек, обид бўлишлик ҳам яхши нарса. Аммо обидни олим билан тенглаштириб бўлмайди. Олимлик даражаси жуда ҳам устундир. Олим билан обиднинг орасидаги фарқ худди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан энг кичик саҳобанинг орасидаги фарққа ўхшайди. 

Бу фарқни тўла тасаввур этиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зоти мубораклари нақадар олий эканлигини англаб етишимиз керак бўлади. У зот одам боласининг энг улуғи, Аллоҳ пайғамбарларининг энг афзалидирлар. Оддий инсонлар ичида энг афзал инсонлар саҳобалар бўлиб, уларнинг ичида катта саҳобалар, катта саҳобалар ичида эса тўрт халифа энг афзал бўлсалар, уларнинг ҳаммалари тўплангандаги фазллари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари олдида ҳеч нарса бўлмай қолади. Энди шу таққосни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан энг кичик саҳобий ўртасида қилиб кўрайлик. Орадаги фарқ қандоқлигини шундан билиб олаверсак бўлади. 

Ислом назарида олим билан обид орасидаги фарқ шунча бўлса, энди олим билан оддий одам ўртасидаги фарқни билиб олаверинг.

Шунинг учун ҳам ўшандоқ фазлга эга бўлишни хоҳлаган киши диний илмларни эгаллаб, олим бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Диний илмларни эгаллаган мусулмон олимлар пайғамбарларнинг меросхўрлари эканлиги аввал ўрганган ҳадисларимизнинг бирида айтиб ўтилган эди. Энди эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг кичик саҳобийдан қанчалик афзал бўлсалар диний илмлар олимининг обид кишилардан шунчалар афзал эканликлари баён қилинмоқда. Бунда эса диний илмларни ўрганишга катта тарғиб бор. Чунки ҳар бир жамиятгина эмас, балки бутун инсоният исломий илмларни яхши билган олимларга жуда ҳам муҳтож. Аллоҳнинг каломини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини, шариатимиз таълимотларини кишиларга етказишда ана ўша олимлар зарурдирлар. Инсониятга Ислом ҳидоятини таништириш, мусулмонларга шариат аҳкомларини баён қилиш, ҳалолни ҳаромдан, гуноҳни савобдан, яхшини ёмондан ажратиш йўлларини кўрсатиш учун мусулмон уламолар керакдир.

Шунинг учун ҳам уларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам меросхўрлари, умматимизнинг гултожлари, деб қаралади. Уларни чексиз ҳурмат қилинади. Исломда ҳақиқий диний илмлар уламолари қанчалик тақдирланишларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадис давомидаги сўзларидан ҳам билиб олсак бўлади: 

«Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ерларнинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшилик ўргатувчиларга салавот айтиб турадилар».

Саловот айтиш Аллоҳ таоло томонидан бўлганда У зотнинг бандага кўрсатадиган раҳматини ифода қилади. 

Саловот осмонлар аҳли, яъни, фаришталар томонидан бўлганида эса, уларнинг бандага истиғфор айтишини ифода қилади. 

Саловот айтиш ер аҳли, яъни, одамлар томонидан бўлганда эса, уларнинг дуо қилишларини ифода этади. Одамларга яхшиликни ўргатувчилар мусулмон уламолардир. Чунки Ислом нуқтаи назарида яхшилик Ислом шариати яхши, деб айтган нарсалардир. У нарсалар нима эканини уламолар биладилар ва одамларга ўргатадилар. Уламолар ўз дарслари, ваъз-насиҳатлари, илмий суҳбатлари билан, ёзган китоблари ва ҳозирги замонда матбуот ва ахборот воситалари орқали тарқатган мақолалари билан одамларга Аллоҳнинг динини – айни яхшиликни ўргатадилар. Ана шундай ишни ихлос билан, Аллоҳнинг розилиги учунгина адо этадиган ҳақиқий уламоларга:

1. Аввало, Аллоҳ таоло саловот айтади, яъни, уларга раҳмат назари билан қарайди.

2. Сўнгра осмонларнинг аҳли, яъни, фаришталар ва яна осмонда бўлиши мумкин зотлар саловот-истиғфор айтади.

3. Ернинг аҳллари, яъни, одамлар ва жинлар ҳам ўша уламоларга одамларга яхшиликни ўргатганлари учун дуо қилиб турадилар.

4. Ердаги бошқа жонзотлар ҳам, ҳаттоки, уясидаги чумоли ва сувдаги балиқлар ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчи кишиларга саловот айтиб турадилар.

Бу нарсалар ҳақиқий мухлис уламолар Исломда қандоқ тақдирланишларини яна бир бор намоён қилмоқда. 

Кези келганда эслатиб ўтиш жоиз бўлган бир нарса бор. Ҳамма яхшиликлар суиистеъмол қилинганидек, уламолик шарафи ҳам баъзи кишилар томонидан суиистеъмол қилинади. Баъзи одамлар мусулмонлар томонидан уламоларга кўрсатиладиган эҳтиромни кўзлаб, ўзларини уламо қилиб кўрсатиб юрадилар. Аслида эса, улар ҳақиқий уламо бўлмайдилар, баъзилари билганларига амал ҳам қилмайди. Албатта, бундай кишилар мазкур мадҳ ва ваъдалардан мустаснодирлар. Дунё учун, риё учун, шуҳрат учун ўзини олим кўрсатган, илмига амал қилмаган кишиларнинг ҳоли қандоқ бўлиши бошқа ҳадисларда баён қилинган.

Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилиш учун олим бўлишга уриниш, олимнинг обиддан фазли қанчалар кўп эканини тушуниш керак. Олимлар эса, ўз исмларига яраша ихлос билан Аллоҳнинг йўлида кишиларга яхшиликни ўргатишлари зарур. Мусулмонлар эса, ҳақиқий олимга Аллоҳ тарафидан, осмонлар аҳли тарафидан, ер аҳли тарафидан, ҳаттоки, уясидаги чумоли ва сувдаги балиқ ҳам саловот айтишидан ибратланиб, уламоларнинг ҳақларига дуо қилишлари, уларни иззат-икром этишлари лозим. Мусулмонман, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматиданман, деган киши У зотнинг ҳадисларига амал қилиши керак. Пайғамбаримизнинг ҳадиси эса, уламоларни ҳурмат қилишни буюрмоқда. Бу нарса бир вақтнинг ўзида уламоларни беҳурмат қилмаслик маъносини ҳам англатади. Ислом динида ҳақиқий уламоларни беҳурмат қилишлик – одамларга яхшилик ўргатувчини беҳурмат қилиш, пайғамбарлар меросхўрларини, Аллоҳнинг раҳмат назарига сазовор кишиларни, осмондаги ва ердаги зотлар барчасининг саловотига сазовор зотларни беҳурмат қилиш бўлади. 

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бошқа бир ҳадисларида «Ким кичигимизни иззат қилмаса, каттамизни улуғламаса ва уламоларимизни эҳтиром қилмаса, биздан эмасдир», деганлар.

1406 - وَعَنْ أَبِي أُمَامَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «فَضْلُ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِي عَلَى أَدْنَاكُمْ» ثُمَّ قَالَ: رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إنَّ اللهَ وَمَلَائِكَتَهُ وَأَهْلَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ حَتَّى النَّمْلَةَ فِي جُحْرِهَا وَحَتَّى الحُوتَ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِي النَّاسِ الخَيْرَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [2685].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

1407. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Кимки илм истаб йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмнинг ишидан рози бўлиб, қанотларини тўшайдилар. Олимга осмонлардагилару ердагилар ҳам, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтиб туради. Олимнинг обиддан афзаллиги худди ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллигидек. Олимлар – пайғамбарларнинг меросхўридир. Пайғамбарлардан динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолмаган, улардан фақат илм мерос қолган. Ким ўшани олса, буюк насиба олибди», деганларини эшитдим».

Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида илм талаб қилиш билан бирга илмнинг ва олим одамнинг фазлини баён қилиб бермоқдалар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу умрларининг охирида Дамашқда яшаган эканлар. Бир куни ҳузурларига мадиналик бир одам келибди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу унга: «Сени бу ерга нима келтирди?» дебдилар. У киши: «Мени фақатгина сендан эшитган бир ҳадисим келтирди», деган. Ана шунда Абу Дардо розияллоҳу анҳу ушбу ҳадисни айтганлар:

«Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди». 

Худди шу маънодаги жумла бундан олдинги ҳадисда ўтди:

«Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди». 

Баъзи таъвилларда уларнинг оёқ остиларига қанотларини қўяди, дейилган. Бошқа бир таъвилда эса, фаришталар учишдан тўхтаб, илм билан машғул кишиларни ўраб олишади, уларнинг раҳматлари ва нурларидан иқтибос олишга уринадилар, дейилган. Нима бўлганда ҳам толиби илмларнинг Исломда қадрлари баландлиги ва илм талаб қилиш улуғ даража эканини кўрсатади.

«Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади». 

«Осмонлардаги зотлар»дан мурод – фаришталар. «Ердаги зотлар»дан мурод – инсу жин ва ҳайвонлар. Истиғфор айтиш эса, бировнинг ҳаққига дуо қилишдир. Олим киши илм олгани учун, одамларни Аллоҳнинг йўлига чақиргани ва ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳ таоло уни яхши кўради. Шунинг учун ҳам унинг муҳаббатини фаришталарга, бутун махлуқотларга солади. Шу муҳаббат туфайли улар олимнинг ҳаққига дуо қилади. Бу эса диний илмлар олими бўлиш нақадар фазл эканини кўрсатади.

«Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди». 

Олим диний илмларни яхши билувчи шахс. Обид ибодат қилувчи, доимо ўзи учун ибодат билан машғул киши. Осмонга қараган одамга ой катта билиб кўринади, у ер юзига нур сочади. Юлдузлар эса кичкина бўлиб кўринади, уларнинг нури ўз атрофини зўрға ёритаётган бўлиб кўринади. Қоронғу кечада осмонга боққан инсон ойнинг юлдузлардан қанчалик афзал эканини дарҳол мулоҳаза қилади. Олим кишининг фазли ҳам шундайдир. Обидлар юлдузлар каби фақат ўзлари учун ёруғлик чиқарсалар, олим киши қоронғу кечада нур сочган ой каби жоҳилият зулматида юрган одамларга Ислом ҳидояти нурини сочади. Обиднинг манфаати фақат ўзи учун бўлса, олимнинг манфаати ҳамма учун бўлади.

«Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир». 

Шу жумла бу ерда гап диний олимлар ҳақида кетаётганига далолатдир. Демак, уламоларимиз оддий кишилар эмас, пайғамбарларнинг меросхўрларидир.

«Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар».

Чунки уларга Аллоҳ таоло молу дунёни берган эмас. Аллоҳ таоло уларга илмни берган эди. Шунинг учун ҳам: 

«Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар».

Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фақат илмни мерос қилиб қолдирганлар. 

«Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди».

Яъни, қайси бир одам ўша пайғамбарлардан мерос қолган илмни олса, улуғ насибани олган бўлади. Пайғамбарлар меросидан ҳам улуғ насиба бўлиши мумкинми?!

Ҳадиси шарифда олим кишига осмондаги ва ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтиши таъкидланмоқда. 

Диний олим Ислом таълимотларини кишиларга етказиш орқали кўп яхшиликларни амалга оширади. Ундан ва у тарғиб қилган яхшиликлардан ҳамма фойда топади. Чунки Ислом таълимотлари бутун мавжудотлар учун кони фойдадир. Шунинг учун ҳам ҳамма мусулмон олимнинг ҳаққига яхшиликлар тилаб, Аллоҳ таолога дуолар қилади. Унга доимо яхшилик етиши тарафдори бўлади. Ихлосли мусулмонлар қадимдан бу улкан маънони яхши тушуниб, унга амал қилиб келганлар. Улар ўз уламоларини ғоятда ҳурмат қилганлар, эъзозлаганлар. Ҳар бир ишни улардан сўраб, шариатимизга мослаб бажаришга ҳаракат қилганлар. Ихлосли мусулмонлар уламоларни доимо ўз раҳбарлари, руҳий устозлари деб билганлар. Уларнинг сўзларидан чиқмаган ҳолда уламоларимизга хизмат қилиб, кўнгилларини олишга, дуоларига сазовор бўлишга ҳаракат қилиб келганлар. Халқимизнинг ўз уламоларига бўлган муносабати доимо таҳсинга сазовор бўлган. Вақти келса, оддий мусулмонлар ўзлари емай уламоларга егизган, ўзлари киймай уларга кийгизган. 

Биз ҳам уламоларимизнинг ҳурматларини жойига қўйишимиз, осмондаги зотлар – барча фаришталар ҳурматлаган зотларни биз ҳам ҳурмат қилишимиз лозим. Ердаги зотлар – инсу жин ва ҳайвонлар ҳурмат қилган зотларни биз ҳам иззат қилмоғимиз лозим. Жинлар ва ҳайвонлар қандай қилиб уламоларнинг ҳаққига истиғфор айтишларини ва ҳурмат қилишларини Аллоҳ билади. Аммо биз инсонлар уламоларни қандай ҳурмат қилишни ўзимиз биламиз. Агар уламоларни ҳурмат қилишни ўрнига қўймасак, бу ҳадисда зикр қилинганлар қаторидан чиқиб қоламиз.

Олимнинг обиддан қанчалик афзал эканини билиб олдик. Энди олим бўлишга уринайлик! Ҳеч бўлмаса, обид бўлишга уринайлик. Олим ҳам, обид ҳам бўлмасак, ким бўлишимиз мумкин? Жоҳил ва бетавфиқ бўлишимиз мумкин, холос. Бундан бошқа «мартаба» ҳам йўқ-ку!

Олимларнинг афзаллиги нимада? Ҳадиси шарифда: «Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», деб баён қилинган. Дунёдан ўтган авлод келажак авлодга ниманидир мерос қолдиради. Кейинги авлодлар эса, ўша меросни қабул қилиб олади ва ундан фойдаланади. Яхшидан яхшилик, ёмондан ёмонлик, золимдан зулм, одилдан адолат мерос қолади ва ҳоказо. 

Инсоният тарихида Аллоҳнинг танланган бандаси бахтига муяссар бўлган, доимо инсониятни Аллоҳнинг ҳидоят йўлига бошлаб келган пайғамбар алайҳимуссаломлардан нима мерос қолган? 

Уларнинг меросхўрлари бўлган уламолар нимани мерос қилиб олганлар? 

Эҳтимол, уламоларни ҳурмат қилишимиз уларнинг пайғамбар алайҳимуссаломларга меросхўр бўлганларидандир? 

Эҳтимол, меросга олган нарсаларидандир? Ҳа, ҳадисда айтилганидек:

«Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар». 

Уламолар ана ўша муқаддас меросни қабул қилиб олган улуғ зотлардир. Улар ўша илм ила кишиларни Аллоҳнинг динига, тўғри йўлга, Ислом шариатига чақирувчи, пайғамбарлар ва уларнинг охиргилари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ишлари давомчиларидир. Уламолар кишиларга Қуръони карим, суннати шариф ва шариати Ислом таълимотларини баён қилувчи ҳидоят юлдузларидир. Улар кишиларни ҳидоят йўлига чақириб, залолат йўлидан қайтаришади. Олимлар кишиларни Исломга чақириш билан уларни икки дунё саодатига чақиришади. Бу дунёнинг фаровон турмушига, охиратнинг жаннати маъвосига даъват этишади. Шунинг учун ҳам олимлар ҳар қанча ҳурматга, эъзозга сазовордирлар. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, пайғамбарларнинг меросхўрларини ҳурмат қилган бўламиз. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрларини ҳурмат қилган бўламиз. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, ўзимизни икки дунё саодатига чақираётган кишиларни ҳурмат қилган бўламиз. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, ўзимизни бу дунёнинг фаровон турмушига ва охиратнинг жаннати маъвосига чақирувчиларни ҳурмат қилган бўламиз. Шу йўл билан ҳар биримиз пайғамбарлар қолдирган меросдан олишга ҳаракат қилайлик, Улуғ насибага эришай- лик!

1407 - وَعَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَنْ سَلَكَ طَرِيقاً يَبْتَغِي فِيهِ عِلْماً سَهَّلَ اللهُ لَهُ طَرِيقاً إِلَى الجَنَّةِ، وَإِنَّ الْمَلَائِكَةَ لَتَضَعُ أَجْنِحَتَهَا لِطَالِبِ الْعِلْمِ رِضاً بِمَا يَصْنَعُ، وَإِنَّ الْعَالِمَ لَيَسْتَغْفِرُ لَهُ مَنْ فِي السَّمَوَاتِ وَمَنْ فِي الأَرْضِ حَتَّى الحِيتَانُ فِي الْمَاءِ، وَفَضْلُ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِ الْقَمَرِ عَلَى سَائِرِ الْكَوَاكِبِ، وَإِنَّ الْعُلَمَاءَ وَرَثَةُ الأَنْبِيَاءِ، وَإِنَّ الأَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَاراً وَلَا دِرْهَماً، وَإنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ، فَمَنْ أَخَذَهُ أَخَذَ بِحَظٍّ وَافِرٍ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ [د 3641، ت 2682].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

1408. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Биздан бир нарсани эшитиб, уни худди эшитганидек етказган кишини Аллоҳ ёрлақасин! Баъзан етказилган одам эшитгандан кўра англовчироқ бўлади».

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан, саҳиҳ, дедилар.

Шарҳ: Бу ҳадисни ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилмоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан эшитилган илмни худди эшитгандек қилиб бошқаларга етказишга тарғиб қилмоқдалар ва ортидан ана шу етказиш туфайли келадиган фойдалардан бирини эслатиб қўймоқдалар. Эшитганлар қандай эшитса шундай қилиб етказиб қўйсалар, ўша етказилган одамлар ичидан ўша нарсани бевосита эшитган одамдан ҳам кўра чуқурроқ англаб етадиган кишилар етишиб чиқишини башорат қилмоқдалар.

Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қандоқ эшитсалар шундоқ ривоят қилганлар. Ривоятда бирор нарсани ўзгартмаганлар. Агар баъзи бир изоҳ учун айтилган қўшимча сўз ёки ҳаракатлар бўлса, уларни алоҳида айтиб, қўшимча эканини билдириб қўйганлар. Баъзи бир сўзларни аниқ эшита олмаган бўлсалар, уни ҳам таъкидлаб қўйганлар. Бу руҳ саҳобалардан кейинги тобеъинлар авлодига ҳам ўтган. Шундоқ қилиб, бу нарса авлоддан-авлодга ўтиб, китобларга битилиб бизгача етиб келган. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан бир нарсани эшитиб, худди эшитгандек қилиб бошқаларга етказган одамни «Аллоҳ ёрлақасин!» деб дуо қилмоқдалар. Яъни, Аллоҳ унинг юзини ёруғ, кўринишини гўзал қилсин, демоқдалар. Бу сўзлари икки дунёимизга ҳам тегишлидир. Мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини оғизларидан чиққан ҳолида авлоддан-авлодга етказиб келаётганлари шу сабабдандир.

Ҳақиқатда баъзи етказилган тобеинлар, эшитган баъзи саҳобалардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини тушунишда билимдон эдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган нарсани худди эшитгандек қилиб етказиш ўта аҳамиятлидир. Чунки Пайғамбаримиздан эшитиладиган нарса Қуръон оятлари ёки ҳадис бўлади. 

Қуръоннинг бир ҳарфини, нуқтасини ўзгартириш улкан гуноҳ экани ҳаммага маълум. Чунки у илоҳий дастур, унинг лафзи ҳам мўъжизадир. Агар Қуръонни бир нуқтаси бузилса, илоҳий дастур бузилади, ундан чиқариладиган ҳукм ўзгаради, унинг мўъжизалигига путур етади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитиладиган иккинчи нарса эса ҳадисдир. Ҳадис – Ислом шариатининг Қуръондан кейинги иккинчи масдари. Қуръон Аллоҳнинг каломи бўлса, ҳадис маъноси Аллоҳники, лафзи Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламники бўлган каломдир. Худди Қуръони карим сингари ҳадиси шарифдан ҳам шаръий ҳукмлар чиқарилади. Агар ҳадиснинг бирор ҳарфи ўзгариб қолса, мазкур нарсаларга путур етиши турган гап. 

Иккинчидан, ҳадислардан жуда кенг маънолар, баъзи бир ҳолларда эса кейинчалик тўла кашф этиладиган маънолар ҳам чиқади. Агар ҳадис эшитилгандек ривоят қилинмаса, эшитувчи шахс ўзи тушунган маънони ривоят қилса, унда ҳам путур етади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Баъзи етказиладиган одам эшитувчидан кўра англовчироқдир» деганларининг ҳикмати ҳам шунда! 

Бир ҳадисни эшитган саҳобий уни ўз замони ва шароитига биноан тушунса, кейин етказилган одам ўз замони ва шароити, юз берган ўзгаришлар, илмий кашфиётлар асосида бошқача, кенгроқ тушуниши мумкин. 

Айниқса, ҳозирги кунимизга келиб, бу нарса жуда ҳам равшан кўзга кўринмоқда. Шу боис, ҳадиси шарифлардаги сир-асрорларни, мўъжизаларни ўрганиш бўйича алоҳида илмий текшириш ва тадқиқот ташкилотлари ҳам тузилган.

Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ўша вақт-ўша шароитда, ўша жамиятда бўлмаган нарсалар билан бир қаторда келажакда бўладиган нарсалар ҳам келган. Бу нарса ҳам ҳадисларни қандоқ эшитилган бўлса, шундоқлигича ривоят қилишни тақозо этади.

Ўтган ҳадис шарҳларининг бирида айтилганидек, уламоларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Баъзи етказилган одам етказувчидан кўра англовчироқдир», деганлари кейинги авлод мусулмонлари ичидан оз бўлса ҳам ўта яхши фикрловчи, англовчи кишилар чиқишига ишорадир, деганлар.

Хулоса қилиб айтганимизда, бу ҳадисда икки нарсага алоҳида эътибор берилмоқда:

1. Ўзи билган илмни ўзгаларга етказиш зарурлиги.

2. Бировдан эшитган нарсани эшитганидек қилиб етказиш.

Биз ҳаётимизда бу икки нарсага ҳам жуда муҳтожмиз. Илмни бошқаларга етказишга бўлган эҳтиёжимиз ҳақида кўп гапирдик. Бировдан эшитган нарсани бузмасдан худди ўзидек қилиб бошқаларга етказиш ҳам жуда аҳамиятлидир. Чунки бировдан эшитган нарсани ўзидек қилиб етказмаслик омонатга хиёнатдир, ёлғончилик ва бўҳтондир. Бу иш кўплаб тушунмовчиликларга, баҳсларга сабаб бўлади. Айниқса, шариатга тегишли нарсада ҳалолни ҳаромга, ҳаромни ҳалолга, савобни гуноҳга, гуноҳни савобга аралаштириб юбориш мумкин.

Шунинг учун ҳам ҳар бир эшитган гапни бошқаларга етказаётганда ўта ҳушёр бўлиш керак. Бир сўзни ҳам, ҳатто оҳангни ҳам бузмасдан нақл қилиш талаб этилади.

1408 - وَعَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «نَضَّرَ اللهُ امْرَءًا سَمِعَ مِنَّا شَيْئاً، فَبَلَّغَهُ كَمَا سَمِعَهُ؛ فَرُبَّ مُبَلَّغٍ أَوْعَى مِنْ سَامِعٍ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [2657].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

1409. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимдан илм ҳақида сўралганда уни яширса, Қиёмат куни оловдан бўлган юган билан юганланади», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривояти. Термизий ҳасан ҳадис, дедилар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида илмни яшириш, уни тарқатмасликнинг оқибати ёмон бўлишини баён қилиш билан илмни ёйишга тарғиб қилмоқдалар. 

Ўтган ҳадисларда барча мўмин-мусулмонлар бир оят бўлса ҳам билган нарсаларини кишиларга етказиш учун ҳаракат қилишлари зарурлиги айтилган эди. Энди эса, ким илмни беркитса, уни кишиларга етказмаса, қиёмат куни алоҳида азоб билан азобланиши муқаррарлиги маълум қилинмоқда. Ундай одамни Аллоҳ таоло оловдан бўлган юган билан юганлаб жаҳаннамга солади ва унда яна алоҳида азоб берар экан.

Бошқа тузумларда илм ўз эгасининг мулки ҳисобланади. Олим одам нимани хоҳласа, шуни қилади. Хоҳласа, бировга ўргатади, хоҳламаса, ўргатмайди. Исломда эса, илм олимнинг эмас, балки ўша олим яшаётган жамиятнинг мулки ҳисобланади. Олим эса, уни ўзида омонат сақлаб турган одам. Жамият қачон муҳтож бўлиб қолса, олим ўша омонатдаги илмдан бериши лозим. Бермаса, хиёнат қилган бўлади. Бу дунёда қутулиб кетса ҳам охиратда, албатта, жазосини олади. 

Ўтган бобда олимларнинг фазли ва уларга берилган имтиёзлар ҳақида гап кетган эди. Энди олимларнинг бурч ва масъулиятлари ҳақида сўз бормоқда.

Бу ҳадисдан оладиган фойдаларимиз равшан. Илми бор кишилар ўзларидаги илмни беркитмасдан, сўраб келган, ўрганмоқчи бўлган кишиларга ўргатишлари керак. Агар биров бу йўлда тўсиқ бўлса, барча гуноҳ ўша тўғаноқлик қилган томонга тушади.

1409 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ سُئِلَ عَنْ عِلْمٍ فَكَتَمَهُ أُلْجِمَ يَومَ القِيَامَةِ بِلِجَامٍ مِنْ نَارٍ» رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ، وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [د 3658، ت 2649].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

1410. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким Аллоҳ азза ва жалланинг розилиги учун талаб қилинадиган илмни дунё матоҳига эришиш учунгина ўрганса, Қиёмат куни жаннатнинг ифорини ҳам – яъни ҳидини ҳам – топа олмайди».

Абу Довуд саҳиҳ иснод билан ривоят қилдилар.

Шарҳ: Исломда илм талаб қилиш, хусусан, динда фақиҳ бўлиш учун илм ўрганиш фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлади. Шундай қилган одам икки дунёнинг бахт-саодатига эришади. Бу дунёда ҳурмат-эҳтиром ила ҳаёт кечиради. Охиратда эса жаннати маъводан жой олади. Аммо кимки диний илмларни, яъни, ҳадисда айтилганидек, Аллоҳнинг розилиги талаб қилинадиган илмни дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун ўрганса, яъни, мансаб учун, пулу мол учун, риё учун ўрганса, жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди. Шунинг учун диний илмларни талаб қилганда киши ўта ҳушёр бўлиши, ниятини соф қилиши, фақат Аллоҳ таолонинг розилигини ўйлаб иш тутиши керак.

1410 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ تَعَلَّمَ عِلْماً مِمَّا يُبتَغَى بِهِ وَجْهُ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ، لَا يَتَعَلَّمُهُ إِلَّا لِيُصِيبَ بِهِ عَرَضاً مِنَ الدُّنْيَا لَمْ يَجِدْ عَرْفَ الجَنَّةِ يَوْمَ القِيَامَةِ» يَعْنِي: رِيْحَهَا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ [3664].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

1411. Абдуллоҳ ибн Амр Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Албатта, Аллоҳ илмни одамлардан бирданига суғуриб олмайди, балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан тортиб суғуриб олади. Ниҳоят, бирорта олимни қолдирмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади. Кейин улар сўраладилар ва илмсиз равишда фатво беришади. Натижада адашадилар ва адаштирадилар», деганларини эшитдим».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида шаръий илмлар қай тарзда йўқолиб бориши ва унинг оқибатлари ҳақида баён бермоқдалар.

«Албатта, Аллоҳ илмни одамлардан бирданига суғуриб олмайди». 

Яъни, шаръий илм ҳозир одамлар ичида мавжуд. У бир вақт келиб, йўқ бўлади. Йўқ бўлиши эса, илмнинг ўзини одамлар ичидан алоҳида бир тарзда суғириб олиш билан бўлмайди.

«Балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан тортиб суғуриб олади».

Яъни, Аллоҳ таоло аста-секин, бирин-кетин уламоларни вафот эттириб бораверади. Уламолар бирин-кетин ўлиб, тугаб бораверадилар. Ўринларига янги олимлар чиқмагач, илм ҳам йўқолиб бораверади. Натижада илм йўқ бўлади. Бу эса ўз навбатида аянчли оқибатга олиб келади.

«Ниҳоят, бирорта олимни қолдирмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади»

Олимлар бирин-кетин ўтиб кетиб, тугайдилар. Одамлар бошлиқсиз қоладилар. Ана ўшанда илмсиз, шариатдан хабари йўқ одамни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар. 

«Бас, ўшалардан сўралади». 

Яъни, ўша жоҳил бошлиқлардан одамлар турли нарсалар хусусида фатво сўрашади.

«Улар эса, илмсиз равишда фатво берадилар».

Бу жуда ҳам хатарли ҳолат. Илмсиз, жоҳил одам мусулмонларга бошлиқ бўлиб қолган. Мусулмонлар ҳаётида доимо янги-янги масалалар, турли саволлар пайдо бўлиб туради. Улар буни бошлиқларидан сўрайдилар. Жоҳил бошлиқнинг эса, бу масалани мен еча олмайман, дейишга ори келади. Илмсиз эканини тан олишга жасорати етмайди. «Модомики, одамлар мени бошлиқ деб билишяптими, мендан фатво сўрашаяптими, демак, мен бошлиқман, мен биламан», деб хаёлига келган гапни гапираверади. Натижада:

«Натижада ўзлари ҳам адашадилар ва ўзгаларни ҳам адаштирадилар». 

Билмаган нарсасини гапиришнинг ўзи залолат, адашув, улкан гуноҳ. Шариат ҳукмини билмасдан туриб, бошқа бир кишига нотўғри нарсани «шу шариат ҳукми», деб айтиш эса, умуман, тенги йўқ залолатдир. Чунки шариатдан бошқа ишларда билмасдан гапириб йўл қўйилган хато туфайли бу дунёнинг баъзи бир ишларига зарар етиши мумкин. Аммо шариат бўйича жоҳиллик билан гапиришдан эса, бу дунё ҳам, охират ҳам куяди. Чунки шариат масаласи ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ, жаннат-дўзах орасида айланадиган масаладир. Бу ишда билмасдан фатво бериш фатво берувчининг ўзини залолатга кетказади. Шу билан бирга, ўша илмсиз равишда фатво берган одам ўзгаларни ҳам залолатга кетказади. Унинг хато фатвоси ҳаммаёқни бузади. Одамлар фалончи айтди, деб унинг гапини бир-бирларига етказадилар. Ўзаро тарқатадилар. Натижада залолат кенг тарқайди.

Энди ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга солиштириб кўрайлик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадислари мўъжиза экани баъзи бир мусулмон халқлар ҳаётида очиқ-ойдин намоён бўлди. Ўша халқларнинг уламолари худосиз, золим ҳокимлар томонидан ўлдирилди, қамалди ёки сургун қилинди. Соғ қолганлари ҳам аста-секин кексайиб, дунёдан ўтиб кетдилар. Натижада ҳақиқий шаръий илм ўша диёрдан кўтарилди.

Ўзини билган ҳар бир миллат ўзидан етишиб чиққан уламоларни эъзозлай олади. Ҳақиқий олимларидан дину диёнат, иймон-эътиқод, элу юрт фойдаси учун фойдалана билади. Чунки бундай одамларнинг борлиги ҳар бир халқ, ҳар бир миллат учун катта бахтдир. Улар оламдан ўтишлари билан бу бахт ҳам кетади. 

Шунинг учун ҳам олимнинг ўлими – оламнинг ўлими, деб бежиз айтилмаган. Ўзлигини таниган ҳар бир миллат доимо ўз эҳтиёжларини қондирадиган даражада уламолари бўлиши учун қўлидан келган ишни қилган ва қилади. Бу ишни қилмай яшаган миллат эса жоҳиллик ҳукмронлиги остида залолатга юз тутади.

Шаръий илмни яхши ўзлаштирмаган кишидан бирор масала хусусида сўралганда унинг «бу масалани мен билмайман», дейиши билмасдан, тахминан жавоб беришидан кўра афзал ҳисобланади. Зеро, шаръий масалаларда фатво бериш, турли саволларга жавоб қайтариш учун диний мансаб ёхуд чиройли салла-чопон восита бўла олмайди. Бундай мақомга шаръий илмларни ўқиган ва ўша илмнинг устозларидан ижозат олган, тақводор, ростгўй, илмига амал қилувчи киши лойиқ саналади. Мусулмонлар ана шундай кишиларни олим сифатида ҳурмат қилиб эъзозлашлари, улардан фатво сўраб, турли ишларда иршодлар олишлари зарур.

Беш-олти сурани чала ёд олиб, икки-учта ҳадиснинг маъносини бировдан ўрганиб олган, ўзини «аллома» қилиб кўрсатишга уринаётганлардан эҳтиёт бўлиш керак. Шунингдек, араб тилини билиш ёки баъзи араб юртларига бориб келиш ҳам кишига шаръий масалада фатво айтиш ҳуқуқини бермайди. 

Кишининг араб бўлиши, арабча кийиниши, муқаддас жойларда истиқомат қилиши ҳам унинг олимлигига далолат қилмайди. Зеро, бундай васфга эга бўлганлар ичида дунёнинг энг жоҳил одами унвонини олганлар қанча!

Қўлга тушган ҳар бир китобни «ҳақиқат шунда экан», деб ўқиб кетавериш ҳам яхшиликка олиб бормайди. Кимнинг китобини ва қайси йўналишдаги китобни ўқишни ажрата билишда ҳам гап кўп. Бу масалада ҳам ҳушёр бўлиш керак. Чунки айрим уламолар номидан мусулмонлар орасини бузиш, динга зарба бериш мақсадида мусулмон диёрларида кўплаб зарарли, ишончсиз, бетайин китоблар ҳам тарқатилмоқда.

1411 -  وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ العَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إنَّ اللهَ لَا يَقْبِضُ العِلْمَ انْتِزَاعاً يَنْتَزِعُهُ مِنَ النَّاسِ، وَلَكِنْ يَقْبِضُ العِلْمَ بِقَبْضِ العُلَمَاءِ حَتَّى إِذَا لَمْ يُبْقِ عَالِماً اتَّخَذَ النَّاسُ رُؤُوساً جُهَّالًا، فَسُئِلُوا، فَأَفْتَوْا بِغَيْرِ عِلْمٍ، فَضَلُّوا وَأَضَلُّوا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 100، م 2673].


Улашиш
|
|
Нусха олиш