118. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Умар мени Бадр улуғлари билан бирга (мажлисга) киритар эди. Баъзилари ичида аччиқланиб: «Нега уни киритасан? Бизнинг ҳам шу каби ўғилларимиз бор, ахир!» деди. Умар: «Ўзингиз билган сабабдан-да», деди. У бир куни чақириб, мени улар билан бирга киритди. Ўша куни у мени уларга кўрсатиб қўйиш учунгина киритган, деб ўйладим. «Аллоҳ таолонинг «Вақтики, Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келса», деган сўзига нима дейсизлар?» деди. Баъзи бирлари: «Бизга нусрат ва фатҳ берилганда Аллоҳга ҳамд айтиб, Ундан мағфират сўрашга буюрилибмиз», дейишди, баъзилари жим қолиб, ҳеч нарса дейишмади. У: «Сен ҳам шундай дейсанми, эй Ибн Аббос?» деди. «Йўқ», дедим. «Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ажаллари, У Зот у кишига буни билдирган. «Вақтики, Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келса, – ўша сенинг ажалингдир – бас, Роббингга ҳамд ила тасбеҳ айт ва Ундан мағфират сўра. Чунки У тавбаларни кўплаб қабул қилувчидир», деган», дедим. Шунда Умар: «Мен ҳам унинг хусусида сен айтган нарсани биламан, холос», деди».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни жуда ёш бўлсалар ҳам шуро мажлисига қўшганларига норози бўлган катта саҳобийларга танбеҳ беришни ирода қилиб, алоҳида савол берганларини кўриб турибмиз. Албатта, ўзига қарши чиққан катта саҳобийлар жавоб беролмаган саволга тўғри жавоб бериб, халифа Умар розияллоҳу анҳунинг қўллашларини қозонган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу учун бу катта шараф эди.
Одил халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни қадрларини жуда ҳам яхши билар эдилар. У киши Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга катта-кичик барча ишларида маслаҳат солиб турар эдилар ва у кишига «ёш донишманд» лақабини берган эдилар.
Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг илмларини қанчалик қадрлашларини Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўзларининг қуйидаги гаплари билан баён қиладилар:
«Ибн Аббосдан кўра фаҳми дақиқ, ақли ўткир, илми кўп ва ҳилми кенг одамни кўрмаганман. Умар уни қийин масалаларни ечишга чақирганини ўзим кўрганман. Ҳолбуки, унинг атрофида муҳожир ва ансор, Бадр аҳллари кўп эди. Агар Ибн Аббос гапирса, Умар унинг гапидан нарига ўтмас эди».
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ Ато ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумо Ибн Аббос розияллоҳу анҳуни чақирар эдилар. У киши уларга Бадр аҳллари билан бирга маслаҳат берар ва Умар ва Усмоннинг вақтларида фатво берар эди».
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ Яъқуб ибн Зайддан ривоят қиладилар:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзини қийнаган ишларда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга маслаҳат солар ва:
«Қани, бир шўнғиб кўрчи, эй ғаввос!» дер эди».
Саъид ибн Мансур, Байҳақий ва Хатиб Иброҳим ат-Таймийдан ривоят қиладилар:
«Умар ибн Хаттоб бир куни ўзи холи қолди. Кейин у Ибн Аббосга одам юборди. Келганида унга:
«Китоби бир, Набийи бир ва қибласи бир бўлиб туриб, бу уммат қандай қилиб ихтилоф қилиши мумкин?!» деди.
«Эй мўминларнинг амири! Бизга Қуръон нозил бўлди. Биз уни ўқидик ва у нима ҳақида нозил бўлганини билдик. Биздан кейин бир қавмлар бўлурки, улар Қуръонни ўқирлар, аммо у нима ҳақида нозил бўлганини билмаслар. Бас, ҳар бир қавмнинг ўз фикри бўлур. Ҳар бир қавмнинг ўзининг фикри бўлганда ихтилофга тушарлар, сўнгра урушурлар», деди Ибн Аббос.
Умар уни зажр ила жеркиб ташлади. Ибн Аббос қайтиб кетди. Кейин унинг айтганларини англаб етиб, яна қайта чақирди ва:
«Нима дединг? Яна қайтар-чи!» деди».
Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Мунзир Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Умар ибн Хаттоб:
«Бу кеча бир оятни ўқиб уйқум қочиб кетди. «Сизлардан бирортангиз остидан анҳорлар оқиб турган хурмозор ва узумзор, турли мевали боғи бўлатуриб» оятида нимани ирода қилинган?» деди.
Қавмдан баъзиси:
«Аллоҳу аълам», деди.
«Аллоҳу аъламлигини мен ҳам биламан! Аммо мен сизлардан бирор киши буни биладими ёки у ҳақида эшитган бўлса, ўша эшитганини айтадими, деб сўрадим», деди Умар.
Кейин у менинг ичимда пичирлаб ўтирганимни кўриб қолди-да:
«Айт, эй биродаримнинг ўғли. Ўзингни ҳақир санама!» деди.
«Бундан амал ирода қилинган», дедим.
«Бундан амал ирода қилинган, дегани нима дегани?» деди у.
«Қалбимга илқо қилинган нарсани айтдим», дедим.
У мени тарк қилиб, ўзи тафсир қилиб кетди:
«Тўғри айтдинг, эй биродаримнинг ўғли! Бундан амал ирода қилинган. Одам боласи ёши катта бўлиб, бола-чақаси кўпайиб қолганда боғга муҳтож бўлиб қолади. Одам боласи қиёмат куни амалига жуда ҳам муҳтож бўлиб қолади. Тўғри айтдинг, эй биродаримнинг ўғли!»
Имом Ҳоким Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурида ўтирган эдим. Унга Куфа аҳлидан мактуб келиб қолди. Унда Қуръонни ундоқ ўқибди, бундоқ ўқибди, дейилган эди. У такбир айтди.
«Ихтилоф қилишибдими?» дедим.
«Уфф! Сен нимани биласан?!» деди.
Унинг ғазаби чиқди. Мен ўз уйимга кетдим. Сўнгра у менга одам юборди. Мен баҳона топиб, узр айтдим. У келмасингга қўймасликка қасд қилдим, деди. Олдига бордим.
«Бир нарса дедингми?» деди.
«Астағфируллоҳ! Бундан кейин унга ўхшаш гапни айтмайман», дедим.
«Ўша айтган гапингни менга қайта айтмагунингча қўймасликка қасд қилдим», деди.
«Сиз, менга Қуръонни ундоқ ўқибди, бундоқ ўқибди, деган мактуб келди, дедингиз. Мен, ихтилоф қилишибдими, дедим», деб айтдим.
«Буни нимадан билдинг?» деди.
«Одамлар ичида дунё ҳаётидаги гапи сени ажаблантирадиганлари бор. У қалбидаги нарсага Аллоҳни гувоҳ ҳам қилади. Ҳолбуки, у ашаддий хусуматчидир. Ва бурилиб кетганда, ер юзида фасод учун ҳамда экин ва наслни ҳалок қилиш учун ҳаракат этади. Ва ҳолбуки, Аллоҳ фасодни хуш кўрмас»ни қироат қилдим. Агар буни қилсалар, Қуръон соҳиби сабр қилмас, дедим ва:
«Агар унга, Аллоҳдан қўрққин, дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга етаклайди. Жаҳаннам унга етарлидир. У қандай ҳам ёмон ўрин-а? Ва одамлардан Аллоҳнинг розилигини тилаб, жонини сотадиганлар бор. Ва Аллоҳ бандаларга меҳрибондир»ни қироат қилдим.
«Жоним қўлида бўлган зот билан қасамки, тўғри айтдинг», деди Умар».
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Бир куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг олдига кирдим. У мендан Ямандан Яъло ибн Умайя мактуб ёзиб сўраган саволни сўради. Мен саволга жавоб бердим. Шунда Умар:
«Шоҳидлик бераманки, сен нубувват уйидан гапирурсан!» деди».
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу тинмай ўз устиларида ишлар ва илмларига илм қўшиш пайида бўлар эдилар. Бу борада Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ўзларидан кўпроқ нарса ўрганишга ҳаракат қилар эдилар. Шу мақсадда у киши ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг сояларига айланиб қолган эдилар.
Имом Баззор раҳматуллоҳи алайҳ Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Мадоин фатҳ қилинганда одамлар ўзларини дунёга урдилар. Мен ўзимни Умар розияллоҳу анҳуга урдим».
Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу кўп ҳадисни Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар.
Агар ўша вақтдаги ҳазрати Умарнинг ҳаракатлари ва фаолиятлари ҳақидаги ривоятларни синчиклаб ўрганадиган бўлсак, ёнларида доимо Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бўлганларини мулоҳаза қиламиз. Бу биргаликдан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу асосан, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг илмларидан баҳраманд бўлиш йўлида фойдаланар эдилар.
Бунинг мисоли тариқасида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ушбу ривоятни келтиришимиз мумкин:
«Ҳазрати Умардан Аллоҳ таоло Қуръонда «Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз, батаҳқиқ, қалбларингиз (ҳаққа) моил бўлур», деб айтган Пайғамбаримизнинг икки аёллари кимлар эканини сўрашга ҳарис бўлиб юрардим. Умар ҳаж қилганларида, мен ҳам ҳаж қилдим. Йўлда Умар четга чиққан эди, мен ҳам четга чиқдим. У қазои ҳожат қилди. Қайтиб келувди, қўлига сув қуйдим. У таҳорат қилди. Мен унга:
«Эй мўминларнинг амири, Аллоҳ таоло «Агар икковингиз Аллоҳга тавба қилсангиз» деб айтган оятида Пайғамбаримизнинг қайси аёлларини назарда тутган, деб сўрадим.
У киши:
«Ажойибсан-да, Ибн Аббос, улар Ҳафса билан Оиша», дедилар-да, қиссани бошидан бошладилар.
«Биз қурайшликлар, аёлларга устун келадиган қавм эдик. Мадинага келсак, уларнинг хотинлари устун келар экан. Бизнинг хотинлар ҳам уларнинг хотинларидан ўргана бошладилар. Менинг уйим Умайя ибн Зайднинг Аволийдаги ҳовлисида эди. Бир куни хотинимдан аччиғим чиққан эди, қарасам, менга гап қайтаряпти. Унинг бу ишини инкор қилсам, «Пайғамбар алайҳиссаломнинг хотинлари ҳам у зотга гап қайтарганида, ҳатто баъзилари бир кун-ярим кун гаплашмай юрганида, мен гап қайтарсам, нима бўпти?!» деди.
Зудлик билан Ҳафсанинг олдига бориб:
«Пайғамбар алайҳиссаломга гап қайтарасанми?» деб сўрадим.
«Ҳа», деди.
«Сизлардан баъзиларингиз у киши билан бир кун-ярим кун гаплашмай ҳам юрадими?» десам,
«Ҳа» деди.
«Ичларингизда ким шу ишни қилса, ноумид бўлибди ва ютқазибди. Ораларингизда кимингиз Расулнинг ғазаби туфайли Аллоҳнинг ғазабига учрашдан омон қолиши мумкин. Ундоқ бўлса, ҳалокатга учрайди. Сен у кишига гап қайтармагин, бирор нарса ҳам сўрамагин, мендан сўра, сенга мол-дунё керак бўлса, мен бераман, сенинг қўшнинг чиройлироқ, Расулуллоҳга маҳбуброқ бўлиши кўнглингни бузмасин», дедим.
Менинг ансорийлардан бир қўшним бор эди. Расулуллоҳнинг ҳузурларига навбат билан тушардик. Бир кун у тушарди, бир кун мен тушардим. У менга ваҳий ва бошқа хабарларни келтирарди. Мен ҳам унга шундоқ хабарларни келтирардим. Ўша кунлари Ғассон қабиласи бизга жанг қилиш учун отларни тайёрлаётганини ўзаро гаплашиб юрардик. Қўшним бир кечаси келиб эшигимни тақиллатди ва мени чақирди. Унинг олдига чиқдим.
«Катта иш содир бўлди», деди у.
«Нима бўлди, Ғассон қабиласи келдими?» дедим.
«Йўқ, ундан ҳам улканроқ иш бўлди. Расулуллоҳ хотинларини талоқ қилдилар», деди.
«Ҳафса ноумид бўлибди ва ютқазибди, шундоқ бўлиб қолмасайди, деб юрган эдим», дедим.
Эрталаб бомдод намозини ўқиб, кийим-бошни кийиб, Ҳафсаникига борсам, йиғлаб ўтирган экан.
«Расулуллоҳ алайҳиссалом сизларни талоқ қилдиларми?» дедим.
«Билмайман, анави жойда ҳаммадан ажраб олганлар», деди.
Қора танли ғуломнинг олдига бордим-да, Умарга изн сўраб бер, дедим.
У ичкарига кириб кетди. Бир оздан кейин чиқиб:
«Сени эслатсам, индамадилар», деди.
Минбар томон борсам, у ерда бир тўп одам ўтирибди, баъзилари йиғлашяпти. Бир оз ўша ерда ўтирдим. Кейин чидай олмадим-да, ғуломнинг олдига бориб, Умар учун изн сўраб кўр, дедим. У ичкарига кириб кетди. Бир оздан сўнг чиқиб:
«Сени эслатувдим, индамадилар», деди.
Чиқиб яна минбарнинг ёнида ўтирдим. Чидай олмай яна ғуломнинг ёнига бордим ва Умар учун изн сўраб кўр, дедим. У ичкарига кириб, қайтиб чиқди-да:
«Сени эслатувдим, индамадилар», деди.
Орқамга қайтиб кетаётган эдим, бирдан ғулом чақириб қолди:
«Киравер, сенга изн бердилар», деди.
Кириб, Расулуллоҳга салом бердим. Бўйрага ёнбошлаб олган эканлар, ёнларига ботиб изи чиқиб қолибди.
«Хотинларингизни талоқ қилдингизми, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим.
У зот бошларини кўтариб, менга қарадилар-да:
«Йўқ», дедилар.
«Ўзингиз биласиз, эй Аллоҳнинг Расули, биз қурайшликлар аёлларга устун келадиган қавм эдик. Мадинага келсак, уларнинг хотинлари устун келар экан. Бизнинг хотинлар ҳам уларнинг хотинларидан ўргана бошладилар. Бир куни қарасам, хотиним менга гап қайтаряпти. Мен буни инкор қилсам, Пайғамбар алайҳиссаломнинг хотинлари ҳам у зотга гап қайтарганда, ҳатто баъзилари бир кун-ярим кун гаплашмай юрганда, мен гап қайтарсам, нима бўпти, деди. Мен, бу ишни ким қилса, ноумид бўлибди ва ютқазибди, дедим. Сиздан кимингиз Расулнинг ғазаби туфайли Аллоҳнинг ғазабига учрашдан омон қолиши мумкин?» дедим.
Расулуллоҳ алайҳиссалом табассум қилдилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен Ҳафсанинг олдига кирдим ва унга, қўшнингнинг сендан чиройлироқ ва Расулуллоҳга маҳбуброқ бўлиши кўнглингни бузмасин, дедим».
У зот яна табассум қилдилар.
«Ўтирсам майлими, эй Расулуллоҳ?» дедим.
«Ҳа», дедилар.
Ўтириб, бошимни кўтариб, уйга назар солдим ва Аллоҳга қасамки, у зотнинг ҳайбатларидан ўзга кўзга илинадиган нарса тополмадим. Сўнг:
«Эй Аллоҳнинг Расули, умматингизга дуо қилинг, ризқи кенг бўлсин. Аллоҳга ибодат қилмайдиган форс ва румликларнинг ҳам ризқи кенг-ку», дедим.
У зот туриб ўтирдилар ва:
«Эй Ибн Ҳаттоб, сен шакдамисан? Улар бу дунёда ризқлари шошилинч берилган қавмлардир», дедилар.
«Гуноҳимни Аллоҳ кечиришини сўранг», дедим.
У зот хотинларидан кўрган ҳолатнинг шиддатидан бир ойгача уларнинг олдига кирмасликка қасам ичган эканлар, Аллоҳ у зотни итоб қилди».
Бу қиссани Имом Бухорий ва Имом Термизий ҳам ривоят қилганлар.
Қаранг, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ҳимматлари билан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг хотираларида сақланиб юрган кўпгина маълумотлар ҳадис китобларимизга кириб қолган. Албатта, бу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу томонларидан Ислом уммати учун қилинган катта хизматдир.
Баъзи вақтларда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг илмга ҳарис эканликларини билганларидан у киши ўзларидан бир нарсани сўрамасалар ҳам, ўргатар эдилар.
Имом Дорақутний Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қўлимдан тутиб, менга ташаҳҳудни ўргатди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлидан тутиб, ат-Таҳияту деб ўргатганини айтди».
Агар эътибор берсак, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг шахсий котибларига айланиб қолганини кўрамиз. У киши кўпгина ишларини айнан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга топширар эдилар.
Ана шундоқ қилиб, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳазрати Умарнинг бу дунёнинг тарк этиш соатларигача бирга бўлдилар. Ислом оламининг забардаст халифасига суиқасд уюштирилиб, у киши хоиннинг урган ханжари сабабидан вафот этишларига оид ривоятларнинг аксари айнан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу томонидан ривоят қилинган.
118 - الثَّانِي: عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كَانَ عُمَرُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ يُدْخِلُني مَعَ أَشْيَاخِ بَدْرٍ، فَكَأَنَّ بَعْضَهُمْ وَجَدَ فِي نَفْسِهِ فَقَالَ: لِمَ يَدْخُلُ هَذَا مَعَنَا وَلَنَا أَبْنَاءٌ مِثْلُهُ؟! فَقَالَ عُمَرُ: إِنَّهُ مِنْ حَيْثُ عَلِمْتُمْ. فَدَعَانِي ذَاتَ يَوْمٍ فَأَدْخَلَنِي مَعَهُمْ، فَمَا رَأَيْتُ أَنَّهُ دَعَانِي يَوْمَئِذٍ إِلَّا لِيُرِيَهُمْ، قَالَ: مَا تَقُولُونَ فِي قَولِ اللهِ تَعَالَى: {إِذَا جَاءَ نَصْرُ اللهِ وَالْفَتْحُ} [النصر:1] فَقَالَ بَعْضُهُمْ: أُمِرْنَا نَحْمَدُ اللهَ وَنَسْتَغْفِرُهُ إِذَا نَصَرَنَا وَفَتَحَ عَلَيْنَا، وَسَكَتَ بَعْضُهُمْ فَلَمْ يَقُلْ شَيْئاً. فَقَالَ لِي: أَكَذَلِكَ تَقُولُ يَا ابْنَ عَبَّاسٍ؟ فَقُلْتُ: لَا، قَالَ: فَمَا تَقُولُ؟ قُلْتُ: هُوَ أَجَلُ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَعْلَمَهُ لَهُ قَالَ: {إِذَا جَاءَ نَصْرُ اللهِ وَالْفَتْحُ} وَذَلِكَ عَلَامَةُ أَجَلِكَ {فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ وَاسْتَغْفِرْهُ إِنَّهُ كَانَ تَوَّاباً} [النصر: 3] فَقَالَ عُمَرُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: مَا أَعْلَمُ مِنْهَا إلَّا مَا تَقُولُ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [4970].