1395-ҳадис

1395. Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ* қилиб қўяди», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

* Фақиҳ – моҳиятни чуқур англайдиган, билимдон, дақиқ тушунувчи.

Шарҳ: «Фиқҳ» сўзи луғатда бир нарсани дақиқ жойларигача тушунишни англатади. Шариат ҳукмини дақиқ жойларигача тушуниш ҳам «фиқҳ» дейилиши шундан. Ана шундай малакага эга бўлган одамни «фақиҳ» дейилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», демоқдалар. 

Демак, дин таълимотларини яхши тушунадиган бўлиш банда учун катта бахт-саодатдир. Унга Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилганининг аломатидир. Демак, диний илмни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида: 

«Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради», демоқдалар. Яъни, мен Аллоҳ берган илмни етказаман, холос, ҳақиқий берувчи Аллоҳнинг Ўзи, деганлари тушунилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифнинг давомида сиз билан биз умматларига улкан башорат қилмоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон умматининг келажаги ҳақида сўз юритиб: 

«Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар.

Бу дарҳақиқат улкан башоратдир. Мусулмон уммати қиёмат қоим бўлгунча Аллоҳнинг амрини тутиб туриши ҳақидаги таъкидли хабардир. Эҳтимол ҳамма мусулмонлар Аллоҳнинг амрини бирдек тутмаслар. Баъзилари ва баъзан кўплари Аллоҳнинг амрини тутмаслар. Аммо Ислом уммати ичида Аллоҳнинг амрини доимо тутувчилар қиёматгача бўлиши аниқ. Шу билан бирга, Ислом умматига хилоф қилувчилар бўлиши ҳам аниқ. Энг муҳими, хилоф қилувчилар Ислом умматига зарар етказа олмайдилар.

Бу башорат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари экани ҳам очиқ-ойдин. Агар у зотдан бошқа одам бўлганида бу гапни Ислом уммати заиф бўлиб турган пайтда айта олмас эди. Бир минг тўрт юз йилдан ортиқ муддатли тажриба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу башоратларини тасдиқлаб келмоқда.

Араб мушриклари аввал бошдаёқ аҳд ва кучларини бир қилиб, Ислом ва мусулмонларни ер юзидан супуриб ташлашга қаттиқ ҳаракат қилдилар. Барча далолатлар, барча ўлчовлар мусулмонларнинг мағлубиятидан дарак берар эди. Лекин Аллоҳнинг тадбири ила оз сонли, кучсиз мусулмонлар ғолиб, кўп сонли, кучли мушриклар мағлуб бўлдилар. Арабистон ярим оролида ширк байроғи йиқилиб, Ислом байроғи ҳилпиради.

Ўша вақтда дунёни сўраб турган Рум ва Форс империялари ёш Ислом даавлатини ер юзидан супуриб ташлашнинг пайига тушдилар. Оқибати нима билан тугагани ҳаммага маълум. Мазкур икки кучли салтанат қулаб, улар эгаллаб турган ерлардаги мазлум инсонлар Ислом адолатидан баҳраманд бўлдилар.

Ундан кейин ҳам турли кучлар, тузумлар Исломга ва мусумонларга зарар етказишга уриниб кўрдилар. Бу урушнинг кўпида инсон ўлчови бўйича Ислом душманлари мақсадларига эришишлари аниқ эди. Кучлар тенг эмас, шароитлар бошқача эди. 

Ҳар сафар энди Исломга қарши ҳал қилувчи зарба берилди, деб гумон қилинар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу башоратларидан бехабар мусулмонлар ҳам ноумид бўлар эдилар. Лекин ҳар сафар душманларнинг Ислом умматига қарши қилган ҳаракатлари чиппакка чиқаверди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари тасдиқ бўлаверди.

Мўғил босқинчилари мусулмон олами бошига бало-офатдек ёғилиб келдилаар. Улар Хоразм, Бухоро, Самарқанд ва бошқа Ислом марказларида тарихчилар таърифи ила айтилганда кишиларни устара билан соч қиргандек қирдилар. 

Ўша пайтда «осмон ерга узилиб тушди, деса ишонгин-у, мусулмон мўғилдан устун келибди, деса ишонма», деган гап тарқаган эди. 

Тарихчилар ривоят қилишларича, мўғиллар номининг ўзиёқ кишиларни даҳшатга солиб, қўл-оёқларидан мадорни олиб қўядиган даражага етганди. Бир мўғил мусулмонни кўчада учратиб қолиб: «Эй мусулмон, тўхтаб тур, ҳозир қиличимни олиб келиб, сени ўлдираман», деб қиличини олиб келиб, мусулмонни чопгунича у сеҳрлангандек тураверган ҳоллари ҳам бўлган.

Баъзи вақтларда бир мўғил аёл бир тўп мусулмон эркакни ўлдириб бўлгунча ҳаммалари лол бўлиб қараб тураверганлар. 

Кўпчилик мусулмонлар мўғилларни қиёматдан олдин пайдо бўладиган яъжуж-маъжужларга ўхшатиб, қиёмат қоим бўлиши яқин, деб ўйлаганлар ҳам.

Аммо Қуръон ва Суннатдан бохабар Изиддин ибн Абуссалом каби уламолар, Саййид Қутуз каби аскарбошилар мусулмонлар оммасини тавба қилишга, Қуръон ва Суннатга амал қилишга, душманга қарши курашга чорлаганлар. Мусулмонлар Айни Жолут номли жойда мўғилларга биринчи қақшатқич зарба берганларидан сўнг, ўзларига келиб, Ислом юртларини босқинчилардан озод қилганлар. Кўпчилик мўғилларнинг ўзлари эса Исломга кириб, яхши мусулмон бўлдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари яна бир бор тасдиғини топиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган башорат мўъжизаси намоён бўлди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари ҳақ:

«Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди»

Ҳозирги ҳаётимизда бу ҳадиси шариф ҳикматига қанчалар муҳтожмиз. 

Нима учун ичимизда динимиз ҳукмларини дақиқ тушунувчи кишиларимиз йўқ даражада? 

Нима учун орамизда Аллоҳ таоло яхшиликка ирода қилган одамлар йўқ даражада? 

Ёки биз учун Аллоҳ яхшилик ирода қилишининг кераги йўқми? 

Ислом аҳкомларининг дақиқ ва аниқ тушунишнинг зарурати йўқми? 

Бу чидаб бўлмайдиган даражадаги ачинарли ҳолдир. Агар биз ўзимизни мусулмон ҳисобласак, Аллоҳдан, қиёмат кунидан умидвор бўлсак, Исломни яхши тушунишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Аллоҳ таоло яхшиликка ирода қилган кишилардан бўлишга уринмоғимиз лозим.

 1395 - وَعَنْ مُعَاوِيَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْراً يُفَقِّهْهُ فِي الدِّيْنِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 71، م 1037].


Улашиш
|
|
Нусха олиш